Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қизилтепа ва Хатирчини рақамли трансформация қилиш бошланди

Қизилтепа ва Хатирчини рақамли трансформация қилиш бошланди

Навоий вилояти ҳамда намунавий ҳудуд сифатида танлаб олинган Қизилтепа ва Хатирчи туманларини рақамли трансформация қилиш бўйича умумий қиймати 53,9 млрд. сўмга тенг 86 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Бу лойиҳалар Президентнинг «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 5 октябрдаги Фармонига мувофиқ амалга оширилиши кўзда тутилган.

Шундан, 2020 йил якунига қадар Қизилтепа туманида жами 22 та лойиҳа ҳамда 2021 йил I чоракда Хатирчи туманида жами 21 та лойиҳани  амалга ошириш бўйича «йўл хариталари» тасдиқланган.

Жорий йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Ж.Махсудов бошчилигида ишчи гуруҳ Навоий вилоятида бўлиб, фармон билан белгиланган лойиҳаларнинг ижро ҳолатини ўрганди.

Вилоятнинг Қизилтепа туманини рақамли трансформация қилиш бўйича тасдиқланган «йўл харитаси» доирасида туман аҳолисига замонавий телекоммуникация хизматларини тақдим этиш, тумандаги ижтимоий соҳа объектларини юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланишини таъминлаш мақсадида 60 км.дан ортиқ оптик толали алоқа линиялари қурилиб, 512 портга тенг қурилмалар ўрнатилди. Мобил алоқа операторларининг саккизта янги таянч база станциялари ўрнатилиб, ишга туширилди ҳамда бешта мавжуд база станциялар 3G/4G стандартига модернизация қилинди.

Шунингдек, тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиникада «Электрон поликлиника» ахборот тизими синов тарзида ишга туширилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг учинчи йўналиши «аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш» доирасида Қизилтепа туманида барча қулайликларга эга бўлган замонавий Рақамли технологиялар ўқув маркази туман ёшлари ва аҳолиси учун тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Мазкур марказнинг очилиш маросимида АКТ вазири ўринбосари Ж.Махсудов, Қизилтепа тумани ҳокими Ш.Набиев, туман ёшлари ва кенг жамоатчилик вакиллари санитария, гигена ва карантин қоидаларига риоя этган ҳолда иштирок этишди.

Ушбу марказда ёшлар учун компьютердан самарали фойдаланиш, дастурлаш асослари, компьютер графикаси ва дизайн, робототехника, веб дизайн асослари, дастурлаш тиллари, веб ва мобиль иловаларни яратиш каби ўқув курслари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбар ва ходимлари учун ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича малака ошириш ўқув курслари ташкил этилади.

Марказда йилига 1000 нафардан ортиқ ёшларимизга ахборот коммуникация технологиялари йўналишида замонавий билимлар бериш имконияти мавжуд.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг