Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Портал иш вақтини беҳуда кеткизишдан бошқасига ярамаяпти!

Портал иш вақтини беҳуда кеткизишдан бошқасига ярамаяпти!

Фото: скриншот

Биласизми-йўқми, интернетда Давлат очиқ маълумотлар портали фаолият юритади. Ўзбекистоннинг «Очиқ маълумотлар глобал индекси» ва «Очиқ маълумотлар барометри» халқаро рейтингларидаги иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этадиган портал.

Портал статистикасига кўра, унга 137 та ташкилот томонидан жойлаштирилган салкам 6.5 мингта очиқ маълумотлар шу вақтга қадар 5 млн. маротаба юклаб олинган.

Президент қарорига мувофиқ, порталга ахборотларни жойлаштириш ва янгилашни Статистика қўмитаси мувофиқлаштиради, портални техник қўллаб-қувватлаш ва узлуксиз ишлаб туришини таъминлаш учун Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги жавобгар ҳисобланади.

Порталдаги ахборотлар фақат давлат органлари ва ташкилотларининг республика даражасидаги юқори турувчи тузилмалари томонидан ўзбек, рус ва инглиз тилларида, шу жумладан машинада ўқиладиган ва бошқа форматларда эълон қилинади.

Маълумки, бу йилги Давлат дастурида вазирлик ва идораларда — белгиланган штатлар сони доирасида халқаро рейтинглар бўйича фаолиятни амалга ошириш ва «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш учун масъул бўлган ихтисослашган таркибий бўлинмалар ташкил этиш юклатилган эди. Порталга ахборотларни жойлаштириш ҳам айнан ушбу бўлинмаларга юкланди.

Савол: вазирлик ва идоралардан ушбу бўлинмалар тўлиқ ташкил қилиндими ўзи? Нега унда айрим ташкилотларда очиқ маълумотлар билан ишлаш ахборот технологиялар бўйича маъсулларга, бошқаларида эса матбуот хизматларига юкланмоқда?

Президент қарорида портал билан давлат органларининг идоравий ахборот тизимлари ва ресурсларини интеграция қилиш назарда тутилган ва бу бўйича аниқ муддатлар белгиланган.

Интеграция нима дегани? Вазирлик ва идоралар очиқ маълумотларни олиб, унга Exselда ишлов бериб, csv форматга ўгириб, сўнгра файлни порталга юклашларига ҳожат йўқ дегани! (Оҳ, бунинг учун матбуот хизматидаги ходим қанча вақт сарфлашини билсангиз эди?) Тизимдан олинган ахборот онлайн равишда порталда намоён бўлади ва автоматик янгилаб борилади. Натижада, масъул ходимнинг иш вақти тежалади.

Аммо, порталнинг ҳозирги ҳолатида  ҳаттоки, вазирлик ва идоралар сайтларида уларнинг ахборот тизимларидан автоматик равишда олиниб, расмий сайтларида эълон қилинаётган маълумотларга ўтиш учун Порталда шунчаки ҳавола жойлаштириш имкони ҳам йўқ.

Маълумотларни 3 тилда жойлаштиришнинг тавсия қилинаётган «усули»га эса ортиқча таъриф шартмас! Эндиликда маълумотнинг номланиши ҳам, унинг ичидаги маълумотлар ҳам бир файлнинг ўзида 3 тилда берилиши керак.

Масалан, Tashkilot nomi/Название ведемоства/The name of the bridge

Тасаввур қиляпсизми, масалан, Ўзбекистон ҳақида материал тайёрлаш истагидаги америкалик журналист Очиқ маълумотлар порталимизга кириб, ўзи қизиққан маълумотни юклаб олди.

Энди унинг ичидаги ўзбекча ва русча сўзларни эринмай ўчириб чиқиши керакми?

Унда файлларнинг асосий қисмини ташкил қилувчи машина ўқиладиган форматда жойлаштирилиши ўз аҳамиятини йўқотади-ку!

Чунки, фикри ожизимча, файлларнинг ушбу форматда бўлиши уларга ортиқча ишлов бермасдан туриб, фойдаланишни назарда тутади. Тегишли дастурларда ушбу форматдаги маълумотлар билан ишлаш орқали инфографикалар ва бошқа таҳлилий маҳсулотлар тайёрланади.

Ким нима деса десину, Порталга очиқ маълумотларни жойлаштиришнинг ҳозирги шакли ва тартиби вазирлик ва идоралардаги ижрочи ходимларнинг иш вақтини беҳуда сарфлашдан бошқасига ярамаяпти!

Ҳусен Тангриев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг