Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда Корея тажрибаси ўрганилади

Ўзбекистонда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда Корея тажрибаси ўрганилади

Фото: «Mitc.uz»

Бугун, 19 январь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Сеул шаҳри мэрияси делегацияси билан учрашув ўтказилди.

Корейс делегацияси Тошкент шаҳри ҳокимиятида «Рақамли офис» фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва қайта ишлаш тизимининг жорий этилиши билан танишиш мақсадида шу кунларда пойтахтимизда бўлиб турибди.

Учрашувда меҳмонларга «Электрон ҳукумат» тизимини жорий қилиш, ахборот технологияларини ривожлантириш ҳолати, давлат органларининг виртуал қабулхоналари иши, уларни янги IТ-ечимлар ҳисобига такомиллаштириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Учрашув чоғида Сеул шаҳри, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва АКТ вазирлиги ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини жорий этишда Корея тажрибасини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда жамиятнинг барча соҳаларида ахборот технологияларини қўллаш, хусусан, давлат хизматларини ривожлантиришда, жамият хавфсизлигини таъминлашда, очиқ маълумотларни ишлаб чиқиш ва оммалаштиришда, катта маълумотларни (bigdata) қайта ишлашда замонавий IT-трендларни ҳисобга олган ҳолда ўзаро муносабатларни янги поғонага кўтариш асосий вазифа экани қайд этилди.

Жанубий Корея нафақат «Электрон ҳукумат»ни жорий қилиш соҳасида, балки «Ақлли шаҳар» йўналишида ҳам етакчи ҳисобланади. Мамлакатимизда техник ечимларни ишлаб чиқишда Корея тажрибасидан фойдаланиш Ўзбекистондаги лойиҳаларнинг янада сифатли бўлишига, охир-оқибат, фуқароларнинг ижтимоий хавфсизлиги ва осойишталигини яхшилашга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг