Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нобель мукофоти лауреатининг иқтисод бўйича назарияси Ўзбекистонда синовдан ўтказилади

Нобель мукофоти лауреатининг иқтисод бўйича назарияси Ўзбекистонда синовдан ўтказилади

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

19 июль куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури томонидан ташкил этилган Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораториясида «Туртки бериш назариясининг давлат секторида қўлланилиши» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди. 

Тадбирда фан доктори, профессор, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги собиқ элчиси Алишер Файзуллаев маъруза билан чиқиш қилди. Давра суҳбати иштирокчилари — қатор вазирликлар ва давлат идоралари вакиллари туртки бериш назарияси (инг. nudge theory)ни қўллаган ҳолда ечилиши мумкин бўлган муаммоларни аниқлаштиришга уриндилар, шу билан бир қаторда назарияни қўллаш усулларини муҳокама қилдилар.

Туртки бериш назарияси алоҳида шахслар, гуруҳлар ва ташкилотлар томонидан қарорларнинг қабул қилинишига тўғридан-тўғри бўлмаган, «юмшоқ» кўрсатмалар орқали таъсир кўрсатиш усулини ўрганади. Мазкур назария бўйича тадқиқотлар юртимизда Алишер Файзуллаев бошчилигида олиб борилмоқда. Шу йўналишдаги тадқиқотнинг асосий мақсади мазкур назариянинг тамойилларини амалда синаб кўриш орқали жамиятимизни энг қийнаб турган аниқ муаммоларининг ечилишида туртки бериш назариясининг имкониятларини намойиш этишдир. Ўз навбатида Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораториясида давлат идоралари ва муассасалари вакилларининг тадқиқот объектини аниқлаш бўйича фикр-мулоҳазалари тингланиб, умумлаштирилмоқда.

Бу назария америкалик иқтисодчи Ричард Талер ва ҳуқуқшунос Касс Санстейннинг 2008 йили чоп этилган «Nudge. Соғлиғимиз, фаровонлигимиз ва бахтимиз борасидаги қарорларимизни қандай мукаммаллаштирамиз» китобидан сўнг оммалашди. У шунингдек АҚШ ва Буюк Британия тадбиркорлик ва соғлиқни сақлаш масалалари билан шуғулланадиган сиёсатчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Таъкидлаш жоизки, Р. Талер аввалги тадқиқотларни умумлаштириб, назария яратгани учун иқтисод бўйича Нобель мукофотга сазовор бўлди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Назариянинг аҳамиятли жиҳати шундаки, у бирор ҳолатни тақиқламайди, аксинча, жамият учун фойдали нарсани тарғиб қилади. Масалан, мактаб ошхонаси пештахтасида болалар саломатлиги учун фойдали бўлган мевалар, сабзавотли салатлар, сут-қатиқ маҳсулотларни уларнинг кўзлари энг тушадиган жойга жойлаштириш туртки бериш дейилади, газли ширин ичимликлар, қовурилган қарсилдоқ картошка, дудланган колбаса каби зарарли маҳсулотларни таъқиқилашэса туртки бериш саналмайди. Яъни болаларда танлаш имконияти бўлгани ҳолда, уларни фойдали таомларни истеъмол қилишга ўзларига сездирмаган ҳолда ундаб турилади.

«Махсустранс» давлат унитар корхонаси масъуллари чиқиндиларни махсус жойларга ташлаш, уларни турларга ажратиш каби муаммоларни мазкур назария ёрдамида амалга ошириш мумкинлиги ҳақида фикр бердилар. Бу ўз навбатида, давра суҳбати ташкилотчилари ва иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Худди шундай, одамларни ичимлик сувини тежашга туртки бериш масаласи ҳам кўтарилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Адлия вазирлигидан ташриф буюрган иштирокчи давлат органлари-муассасаларида коррупцияни олдини олиш масаласида туртки бериш назариясини қўллаш мумкинлигини айтди. Бироқ бу соҳада статистик маълумотлар мавжуд бўлмагани ва уни муайян давлат идорасига татбиқ этишга уриниш норозиликлар ва тушунмовчиликларга сабаб бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, бу бўйича ишларни бошқа соҳаларда тадқиқот ишлари ижобий натижа бергач амалга ошириш лозимлиги қайд этилди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг