Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

My.gov.uzда талабгорлиги юқори бўлган 60 та хизмат жорий этилади

My.gov.uzда талабгорлиги юқори бўлган 60 та хизмат жорий этилади

Бугун, 9 январь куни АОКАда IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни соҳасини ривожлантириш бўйича 2020 йилда амалга оширилган ишларнинг танқидий-таҳлилий натижалари ҳамда 2021 йилги устувор вазифаларга бағишланган брифинг бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилгандик.

Брифингда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов 2021 йилда соҳа томонидан амалга ошириладиган устувор вазифалар ҳақида ҳам тўхталди.

«Бу борада асосий эътиборимиз соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тизимли равишда давом эттириш, рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукуматни рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва кадрлар тайёрлашга йўналтирилади», – қайд этди вазир.

Жумладан:

  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва унинг мобил иловаси такомиллаштирилади;
  • давлат органлари фаолияти очиқлиги ва фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлиги шаффофлигини ошириш чоралари кўрилади;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари порталида талабгорлиги юқори бўлган 60 та хизмат жорий этилади;
  • маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида «E-qaror» электрон тизимини жорий этилади.
  • очиқ маълумотлар порталининг инфратузилмаси ва платформаси модернизация қилинади, имкониятлари янада кенгайтирилади;
  • Барча олий таълим муассасаларида бошланғич лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича инкубация марказлари ташкил этилади;
  • 50 минг кмга тенг оптик толали алоқа линиялари қурилади. Бунда асосий эътиборимиз олис қишлоқ аҳоли масканлари ва ижтимоий инфратузилма объектларига қаратилади;
  • барча ижтимоий объектлар мутасадди вазирликлар билан ҳамкорликда Интернет тармоғига улаш ишлари тўлиқ якунига етказилади;
  • мобиль алоқа операторлари томонидан қўшимча 2 мингта база станцияси ўрнатилади;
  • ҳудудларда IТ тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш жойларини яратиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда Нукус, Урганч, Наманган, Қарши, Термиз ва Тошкент шаҳарларида ҳам IT Парк филиаллари фаолияти йўлга қўйилади;
  • шунингдек, йил охирига қадар республиканинг барча туман ва шаҳарларидан 100 дан зиёд Рақамли технологиялар ўқув маркази фойдаланишга топширилади;
  • IТ таълимни янада ривожлантириш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университетининг Тошкент вилояти филиали ва ҳудудларда ахборот технологиялари бўйича кадрлар тайёрлайдиган техникумлар фаолияти йўлга қўйилади.

Қолаверса, республикадаги мавжуд 82 та умумтаълим мактаби негизида босқичма-босқич “АйТи”га ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилади.

Почта алоқаси тармоғидан фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади, қолаверса Умумжаҳон почта иттифоқининг Почта ривожланиши индекси глобал рейтингида мамлакатимизни биринчи 50 таликка киритиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг