Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Муваффақиятга эришиш учун «танка» шарт эмас

Муваффақиятга эришиш учун «танка» шарт эмас

Азамат Мирвосиқов, дастурчи.

Фото: «Xabar.uz»

Кузатишларимиздан маълумки, АКТ соҳасида таълим олаётган ёшлар асосан шу соҳа вакиллари оилаларида улғайган бўлишади. Чунки, боланинг келажакда қандай касб танлашида оиладаги муҳит ҳам муҳим рол ўйнайди. Аммо бугунги қаҳрамонимиз борасида бундай деб бўлмайди. У ишчи-хизматчилар оиласида камол топган. Хўш, унда унинг бу соҳани танлашига ва кўзга кўринарли ютуқларни қўлга киритишига нима сабаб бўлди? Бугун у нималар билан банд, келажак режалари қандай? «Xabar.uz» мухбирининг Азамат Мирвосиқов билан суҳбати шулар атрофида кечди.

— Болалигимда анча шўх ва ўйинқароқ бўлганман, — дейди Азамат. — Шундан бўлса керак, биргина инглиз тилини ўрганишим учун бир неча ўқитувчиларга қатнашимга тўғри келган. Лекин ота-онам замон талабидаги билимларни эгаллашим учун доимо ҳаракат қилишарди. Негаки, оилада уч ўғил фарзанднинг тўнғичи сифатида укаларимнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари менга ҳам боғлиқлигини улар кўп таъкидлашарди.

Барча тенгдошларим сингари телефонларга, компютерларга қизиққанман. Интернет-клубларга кириб, турли ўйинлар ўйнаганман ҳам. Лекин ўшанда булар мен учун шунчаки ўйин воситалари бўлган. 2009 йили дадам компютер сотиб олиб берди. Роса қувонгандим, ахир кўплаб дўстларим сингари менинг ҳам шахсий компютерим бор эди-да. Дадамнинг дўсти компютерни созлаб, менга қандай ёқиб-ўчиришлардан тортиб энг зарур амалларгача ўргатиб кетди. Шу кундан компютерга шўнғиб кетдим.

Шўхликми, ўта қизиқувчанликми, компютерни шу қадар кўп кавлаштирганимдан у икки ҳафтага базўр чидади — бузилиб қолди.

Шўхликми, ўта қизиқувчанликми, компютерни шу қадар кўп кавлаштирганимдан у икки ҳафтага базўр чидади — бузилиб қолди. Яна дадамнинг дўстини чақирдик. У киши уни бошқатдан созлагач, компютер шунчаки ўйинчоқ эмаслигини, унинг воситасида энг зарур касб-корга эга бўлиш мумкинлигини, хуллас, бу экранли мўъжизанинг барча имкониятларини обдон тушунтирди. Шулар таъсир қилдими, мен энди компютерга жиддий кўз билан қарай бошладим. Унда ишлаш кўникмаларим ошгани сари веб-дизайнга қизиқиб қолдим, бу мен учун севимли машғулотга айланди.

— Демак, айнан шу қизиқишларингиз сабаб ахборот технологиялари коллежини танлагансиз?

— Албатта. Коллежда ўқиш давомида АТ-соҳасини чуқурроқ англай бошладим. Чунки, атрофимда шу соҳага қизиққан тенгдошларим, умуман олганда, муҳит шуни тақозо қиларди.

— Устозлар таълим-тарбияси ҳам муҳим ўрин тутади, шундай эмасми?

— Ҳар бир соҳада устозлар йўл-йўриғисиз керакли натижага эришиш мушкул. Коллежда информатика фани ўқитувчиси Шоира Исмоиловадан жуда кўп билимларни ўргандим. Устоз менга веб-дизайндан бошқа яна жуда кўп дастурлар мавжудлигини англата олди. Иккинчи устозим, математика ўқитувчиси Мавжуда Зайниддинова эса дастурларни математик модуллаштиришни, бу соҳага математик ёндашувни, математик фалсафани ўргатди. Бўш вақтларимда улардан қўшимча дарс олганман. Ҳар икки устозимдан миннатдорман.

— Натижалар бўлдими, бирор ютуққа эриша олдингизми?

— Ҳа, лекин бу ютуққа бир ўзим эмас, жамоамиз билан эришдик. Коллежда ўқиб юрган йилларимда ҳар йили АКТ-ҳафталиги доирасида ўтказиладиган турли танловларда, лойиҳаларда коллежимиз жамоаси ҳам қатнашарди. Ниҳоят, 2012 йили мазкур ҳафталик ҳақида тузган веб-саҳифамиз биринчи ўринга лойиқ топилди. Бу ғолиблик менинг ёшимдаги ўсмирлар учун жуда катта муваффақият эди.

Дастур тузишни билишингиз сизни бошқарувчиликни ҳис қилишга ўргатади. Ўз фантазиянгиз бўйича нимадир ясашни ҳам билсангиз — бу энди бировга қарам бўлмаслик дегани.

— Олий таълим олиш учун нега ТАТУ ёки Тошкентдаги ИНҲА университетини эмас, техника университетини танладингиз?

— Биласизми, коллежда ўқиб юрганимдаёқ софтвердан хардверга ўтиш вақти келганини англаб етгандим. Софтвер, яъни дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш бўйича ўзимга керакли билимга эга бўлганимдан сўнг яна шу йўналишда таҳсилни давом эттириш менга ортиқчадек туюлди. Эҳтимол, бу фикрим бошқаларга маъқул келмас, аммо бу менинг шахсий қарорим. Мақсадим — қўл билан ушлаб кўриш мумкин бўлган бирор янгилик яратиш. Бунинг учун эса ўша моддиятнинг физик ва техник жиҳатларини яхши билиш зарур. Дастур тузишни билишингиз сизни бошқарувчиликни ҳис қилишга ўргатади. Ўз фантазиянгиз бўйича нимадир ясашни ҳам билсангиз — бу энди бировга қарам бўлмаслик дегани.

— Айнан нималар яратмоқчисиз, лойиҳаларингиз кўпдир?

— Ҳозирча ғояларимни, лойиҳаларимни бирма-бир очиб ташламоқчимасман. Айта олганим, келажакда ўзимнинг шахсий хардвер-компаниямга асос солиш ёки шундай гуруҳни мустақил бошқариш.

Амалиёт мобайнида яна янги ғоялар туғилди менда ва хардвер-компания тузиш мақсадим янада қатъийлашди.

— Бу борада бирор кўникма ёки малакага эга бўлдингизми?

— Биринчи босқични тамомлагандан сўнг ёздаги амалиётни «Artel» компаниясида ўтадим. Очиғи заводнинг катталиги, маҳсулотларнинг турфалигидан ҳайратландим. Ҳаммасини «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» тамғаси остида ўзим қатори йигит-қизлар тайёрлашяпти. Бу жуда катта фахр аслида. У ерда кондиционерлар ишлаб чиқариш цехида ишладим. Хорижникидан қолишмайди, кўп жиҳатлари билан афзал ҳатто. Дунё техника бозорини АҚШ ва Хитой маҳсулотлари бошқараётган бугунги кунда бу каби йирик миллий ишлаб чиқариш компаниялари керак жуда ҳам. Амалиёт мобайнида яна янги ғоялар туғилди менда ва хардвер-компания тузиш мақсадим янада қатъийлашди.

— Ҳам ўқиб, ҳам ишлаш чарчатиб қўймаяптими? Бўш вақтингизда нималар билан бандсиз?

— Ҳаммаси осонгина ҳал бўляпти, деб айтолмайман албатта.

Бўш вақтни топиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Вақтни тўғри тақсимласа бўлди. Университет билан уйимиз ораси бир ярим соатлик йўл. Асосан метро ёки маршруткада қатнайман. Табиийки, ўтириб бориб-келишга имкон бор. Икки ойдан бери йўлдаги шу вақтим мобайнида корейс тилини ўрганишга киришдим. Натижа ёмон эмас — ёзиш ва ўқишни ўзлаштириб олдим. Истак бўлса имкон топиларкан.

— «UZINFOCOM» марказида ишлаётганингизга кўп бўлгани йўқ, лекин шу қисқа давр ичида кўзга кўринарли ишларга улгурибсиз. My.gov.uz, gov.uz порталлари, «Темур тузуклари»нинг мобил лойиҳаларида қатнашибсиз. Шу ишлар давомида дастурчи сифатида билимингизни сарфлагансиз, ўзингиз ҳам нимадир олдингизми?

— Албатта, кўп билим ва кўникмаларга эга бўлдим. Аввало, жамоа билан ишлашни ўргандим. Авваллари бирор дастурий таъминот яратишда код ёзишни бир ўзим бажарардим. Лойиҳаларда эса ёзган кодимни бошқалар ҳам тушунишлари керак эди. Ўзаро маслаҳатлашишлар, малака алмашишлар бўлди иш давомида.

— Яхши маош тўлашяптими?

— Маошим қанчалигини айтолмайман. Лекин нолимайман, ёмон тўлашмаяпти. Маошимдан ташқари турли лойиҳаларда қатнашганим учун ҳам устамалар белгиланган. Университетда давлат гранти асосида ўқийман. Ойлигим билан оилам бюджетига ҳисса қўша оляпман.

— Мутолаага қандайсиз?

— Кўп бадиий китоб ўқиганман деб мақтана олмайман. Лекин ҳар бир ўқимишли одам ҳеч бўлмаса ўзининг соҳасига оид китобларни ўқиб туриши шарт деб ўйлайман. Сўнгги ўқиган китобим Питер Тил (Peter Thiel)нинг «Zero to One» («Нолдан бирга») номли илмий нашри бўлди.  Питер Тил «PayPal» компаниясига асос солган ва унга сармоя киритган, компанияни бир неча йиллар бошқарган. У айни дамда «Founders Fund» компанияси бошқарув ҳамкори ва «Clarium Capital» компанияси президенти ҳисобланади. Тил ўзининг 15 йилдан ортиқ бошқарувчилик ва сармоядорлик фаолиятида катта тажриба тўплаган. «Zero to One» китобида у айнан ўша тажрибаларини баён қилган. Яъни, қизиқарли фикрларини кўпчилик билан ўртоқлашади ва танқидий фикрлашни шакллантириш усуллари бўйича ўз қарашларини таклиф қилади. Шунингдек, замонавий стартаплар ва атроф-муҳит бизнеси муаммоларини ўртага ташлайди. Бу китобни асл варианти — инглиз тилида ўқиб чиқдим.

Ҳар қандай бизнесда 1 (бир)дан бошлаш осон. Бу кимдир амалга оширган ишни давом эттириш дегани. Нолдан бирга олиб чиқиш — муваффақият демакдир.

— «Zero to One» бизнесни нолдан бошлаш ҳақидаги китоб бўлса керак?

— Худди шундай. Муаллиф қарашлари менинг ғояларимга жуда мос. Ҳар қандай бизнесда 1 (бир)дан бошлаш осон. Бу кимдир амалга оширган ишни давом эттириш дегани. Нолдан бирга олиб чиқиш — муваффақият демакдир.

— Кўп ёшлар онгида бир фикр ўрнашиб қолган. Улар бирор «танка», яъни таниш-билиш, қўллаб-қувватловчи бўлмаса, бирор ишни амалга ошириш жуда қийин, деб ўйлашади. Сиз бунга қандай қарайсиз?

— Бундай фикрларни чилпарчин қилиш даври келди. Барчаси инсоннинг ўзига, ҳаракатига боғлиқ. Қатъий мақсад ва шу мақсад йўлида изланиш бўлса бас — муваффақиятга эришиш учун «танка» шартмас. Айниқса, биз ёшлар учун барча имконият эшиклари очилган бугунгидек кунда бу каби қарашларга ўралашиб қолиш, катта уятдир. Ўзбекистоннинг келажакдаги порлоқ тараққиёти бизнинг бугунги ҳаракатларимизга, мақсадларимизга боғлиқ.

Суҳбатдош ҳақида:

Азамат Мирвосиқов 1994 йили Тошкент  шаҳрида туғилган. Мирзо Улуғбек туманидаги 256-мактабни тамомлаганидан сўнг шу тумандаги ахборот технологиялари коллежида ўқиган. Айни дамда у Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг 2-босқичида таҳсил олиш билан бирга «UZINFOCOM» марказида дастурчи сифатида муваффақиятли иш олиб бормоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг