Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Фуқароларимиз ID-карталарни қулай ва тезкор олишга муваффақ бўлишяпти» – Баҳром Зияев

«Фуқароларимиз ID-карталарни қулай ва тезкор олишга муваффақ бўлишяпти» – Баҳром Зияев

Ҳозирги кунда бутун дунёда ахборотлаштириш сиёсати бош масалалардан бирига айланган. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Давлат ва жамиятнинг босқичма-босқич ахборотлашуви, манфаатли муносабатларда инсон омилининг қисқариши, хизматларнинг электронлашиб, рақамлаштириш жараёнларининг жадаллашиши туфайли юртимизда ҳам кўзга кўринарли ишлар қилиниб, улар ўз натижасини бера бошлади.

Бу ҳақда бугун, 3 май куни АОКА биносининг мажлислар залида бўлиб ўтган «Электрон ҳукуматни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар» мавзусидаги матбуот анжуманида батафсил айтиб ўтилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 5 октябрда «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси қабул қилиниб, унда ҳудудлар ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурлари қатъий белгилаб қўйилганди.

Матбуот анжуманида Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази раҳбари Баҳром Зиёевнинг қайд этишича, бугунги кунда марказ томонидан ахборот тизимлари ва ресурсларини ривожлантириш борасида Ягона идентификация тизимининг янги талқини ишлаб чиқилиб, ишга туширилди (www.id.egov.uz). Эски тизимда рўйхатдан ўтган фаол фойдаланувчилар маълумоти янги тизимга автоматик тарзда ўтказилди. Тизимнинг ишга тушганига қисқа вақт бўлганига қарамай, фойдаланувчилари сони 220 мингтага ортиб, 820 минг нафарга етди (эски тизимда 600 мингта эди). Ҳозирги кунда ушбу тизимга давлат идоралари ва ташкилотларининг 60 дан ортиқ ахборот тизимлари ва ресурслари интеграция қилинган.

2013 йилдан 2020 йилгача ONE-ID фойдаланувчиларининг сони 600 мингга яқин бўлгани, сўнгги қисқа 3 ой муддатда улар сафи қарийб 300 мингтага ортиб, бир миллионга яқинлашгани аҳолининг электрон ҳукумат хизматларига бўлган талабининг ортиб бораётганидан далолат беради.

– Эндиликда фуқароларимиз Миграция бўлимларидан ID-карталарни қулай ва тезкор олишга муваффақ бўлишяпти. Шунингдек, ушбу жараёнда улар электрон ҳукуматнинг идентификация тизимидан ҳам автомат тарзида рўйхатдан ўтишади – дейди марказ директори Баҳром Зиёев. – Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, биз ҳозирги пандемия шароитида одамларнинг давлат ташкилотларига бориб, навбат туриб, ўз ҳаётини хавф остига қўймаслиги йўлларини ўйлаб, уларнинг барча хизматларни масофадан туриб олишларига ҳаракат қиляпмиз. Жумладан, марказимиз томонидан жорий этилган биометрик идентификация тизими ҳам шу мақсадда ишлаб чиқилган. Масалан, фуқаромиз қайсидир давлат хизматини олиш учун паспортини кўтариб, эшикма-эшик юриб, сарсон бўлмай, ҳужжат ишини интернет ва мобил қурилмалар орқали фэйс биометрик идентификациясини киритган ҳолда бемалол уйда ўтириб ҳам битириши мумкин.

Давлат органларида электрон ҳукуматнинг жорий этилган ва этилаётган ахборот тизимлари ҳисобини юритиш ва мониторингини олиб бориш, шунингдек, лойиҳа-техник ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнини электрон шаклга ўтказиш имкониятини яратиш мақсадида Электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ягона реестри ахборот тизими яратилиб, ишга туширилди (www.reestr.uz).

Электрон ҳукумат доирасидаги яна бир катта ишлардан бири бу – маълумотномалар ва классификаторлар регистри (www.cs.egov.uz) ахборот тизимининг янги, мукаммал талқинини ишлаб чиқиш ва уни синов тариқасида ишга тушириш бўлди. У орқали электрон давлат хизматларини кўрсатишда давлат идоралари ахборот тизимларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги доирасида ягона талабларга мувофиқ замонавий маълумотномалар ва таснифлагичларни шакллантириш, сақлаш, янгилаш ва таъминлаш имконияти яратилади. Бугунги кунга келиб Регистрга 13та ташкилот томонидан 41та классификатор киритилган.

Аҳолимиз электрон ҳукумат хизматларидан масофадан туриб қулай ва осон фойдаланиши учун 2020 йил декабрь ойида Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янгиланган талқини ишга туширилди. Бунда порталга бир қанча янгиликлар ва ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, 20 дан ортиқ янги хизмат турлари жорий этилди, электрон тўлов имкониятлари кенгайтирилди, портал интерфейси янгиланди ҳамда статистик маълумотлар янада аниқроқ ва кенгроқ ёритилди. 2020 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 50 та янги хизмат жорий этилиб, бугунги кунда электрон хизматлар сони 216 тани ташкил этмоқда.

Ягона порталнинг мобил талқини ҳам ишга туширилиб, 30 дан ортиқ электрон ҳукумат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Фуқаролар ва тадбиркорларга қулай бўлишини кўзлаб, ҳудудлардаги почта алоқа бўлинмаларида ҳам Ягона интерактив давлат хизматлари портали платформасидан фойдаланган ҳолда электрон ҳукумат хизматларини тақдим этиш йўлга қўйилди.

Жумладан, олис ва чекка ҳудудлардаги 300 дан ортиқ почта алоқа объектларида 17 турдаги электрон ҳукумат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.

Айни пайтда Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталининг янги талқини ишлаб чиқилиб, уни тўлдириш жараёни давом этмоқда. У давлат органларининг ахборот тизимлари интеграцияси ҳамда маълумотларни ўз вақтида янгилашнинг мониторинг тизимини таъминлайди. Бугунги кунга қадар порталга 149та давлат идоралари томонидан 11 мингдан ортиқ маълумотлар тўплами жойлаштирилган бўлиб, улардан фойдаланишлар сони 7,5 миллиондан ортган.

Бундан ташқари, Давлат органларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда ҳудудларнинг рақамли ривожланиши ҳолатлари «диагностикаси»ни ўтказиш, муаммоли масалаларни аниқлаш, лозим топилса, уларни ҳал қилиш йўлларини топиш мақсадида махсус баҳолаш методикалари ишлаб чиқилди. Мазкур методика доирасида давлат органларида рақамлаштириш даражасини рейтингли баҳолашни автоматлаштирилган тарзда олиб бориш ҳамда рақамлаштириш ҳолати юзасидан долзарб маълумотларнинг бир жойда сақланишини инобатга олиб, NIS.UZ идоралараро автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилинди. Ва 2020 йил декабрь ойида баҳолаш жараёни амалга оширилди.

Баҳолашда жами 107та ташкилот иштирок этиб, шундан 59таси давлат ва 48таси хўжалик бошқаруви органлари бўлди. Натижага кўра, давлат органлари орасида 16та (27,1%) ташкилот «яхши», 9таси (15,3%) «қониқарли», 34таси (57,6%) «қониқарсиз» баҳо олган. Хўжалик органлари орасида эса 5та (10,4%) «яхши», 12та (25%) «қониқарли» ва 31та (64,6%) «қониқарсиз» деб топилган.

Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудларида рақамли инфратузилма, рақамли иқтисодиёт ва рақамли таълим даражаси ҳолати юзасидан ўтказилган баҳолашда жами 203та туман ва шаҳарлар иштирок этиб, 28та (14%) туман ва шаҳарлар «яхши», 59 та (29%) туман ва шаҳарлар «қониқарли», 116 та (57%) туман ва шаҳарлар «қониқарсиз» баҳога эга бўлган.

Ҳозирги кунда баҳолаш натижаларига кўра, аниқланган камчиликлар юзасидан мутасадди ташкилотлар билан тегишли ўрганиш ишларини ташкиллаштириш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Матбуот анжуманида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида электрон ҳукуматни ривожлантириш йўлидаги долзарб масалалар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро индекслар кўрсаткичида мамлакатлар ўрни ҳамда халқаро тажрибалар тўғрисида ҳам сўз борди.

Хулоса шуки, Ахборот коммуникация технологияларини жамиятга кенг татбиқ этиб, шаффофлигу адолатга асосланган бошқарувга ўтишда энг ишончли имконият бу – «Электрон ҳукумат» тизимининг жорий этилишидир. Шундай экан, жаҳон амалиётида ўз афзалликларини намоён этиб улгурган «Электрон ҳукумат» тизимига ўтишга нафақат ҳукумат, балки ҳар бир вазирликлар, ташкилотлар ва идоралар, ҳокимликлар, тадбиркорлар ҳамда юртимиз фуқаролари масъулият билан ёндашиб, юқори кўрсаткичга эришиш учун бирдамликда ҳаракат қилмоғи лозим. Шундагина биз кутилган маррага етишимиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг