Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Форишда рентгенда ҳам кўринмайдиган кариесни аниқлайдиган инновацион технология қўлланилмоқда (фото)

Форишда рентгенда ҳам кўринмайдиган кариесни аниқлайдиган инновацион технология қўлланилмоқда (фото)

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари Тошкент Давлат стоматология институти билан ҳамкорликда тишларнинг тозалик даражасини аниқлайдиган, кариесни рентген тасвири орқали ҳам билиб бўлмайдиган даврида аниқлаш имконини берувчи технологияни Жиззах вилояти Фориш туманида жойлашган мактабгача таълим муассасаларида (МТМ) жорий қилишни бошлашди.

Ривожланган давлатлар аҳолиси касалликка чалинмаслик учун жон куйдириши оқибатида тиш кариеси аҳолининг бор-йўғи 30-35 фоизида учраши аниқланган. Бироқ ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг 95 фоизида, бошқача айтганда, деярли барча ёш қатламларида тиш кариеси учрайди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Шундай экан, тиш кариеси, унинг асоратлари ҳамда милк касалликларининг олдини олиш усулларини болалар ва уларнинг ота-оналари орасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг стоматологик билимлари ва ўз тишларини тозалашга бўлган рағбатини ошириш муҳим омил ҳисобланади. Шу муносабат билан QLF (Quantitative light fluorescence — миқдорий нур флуоресценцияси) технологиясига асосланган «Qscan» ускунаси тишларнинг тозалик даражасини аниқловчи қурилма бўлиб, у тишларга ёпишиб қолган, аммо кўз билан кўриб бўлмайдиган овқат қолдиқларини, унинг таркибидаги бактериялар ажратаётган зарарли моддаларни аниқлаб, уларни қизил рангда кўрсата олади.

Бунда тишларда ёпишиб қолган карашларни кўрган болалар ёки уларнинг ота-оналарида тишларини тўғри тозалашга, тиш касалликлари ва уларнинг асоратлари пайдо бўлмасдан аввал стоматологга мурожаат қилишига рағбати ошиб боради.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Дастлабки ҳаракатлар Жиззах вилоятидаги Фориш туманида жойлашган мактабгача таълим муассасаларида (МТМ) бошланди. Бунда МТМ тарбияланувчиларига ва уларнинг ота-оналарига оғиз бўшлиғининг гигиеник қоидалари ўргатилди, тишларни тўғри тозалашда улар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди, тиш кариеси ва унинг асоратлари туфайли келиб чиқадиган касалликлар ҳақида кўргазмали фотосуратлар тақдим этилди ҳамда керакли маълумотлар берилди. Сўнгра жорий қилиниши бошланган қурилма орқали болаларнинг тишлари текшириб кўрилди. Ушбу кўргазмали дастур йиғилганларда катта қизиқиш уйғотиш билан бирга, ўз соғлиғига бефарқ бўлмасликка, ота-оналар ўз болаларини соғлом бўлиб вояга етиши учун ҳозирдан ҳаракат қилишга замин яратди.

Мазкур кўргазмали дастур Фориш туманида жойлашган барча мактабгача таълим муассасаларида доимий равишда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача 2 та МТМ даги 150 нафардан ортиқ болалар гигиеник текширувдан ўтди.

Бахтинур Худанов,
Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи, т.ф.д.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг