Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Инновация маркази резидентлари шуғулланадиган қўшимча фаолият турлари кенгайтирилади

Инновация маркази резидентлари шуғулланадиган қўшимча фаолият турлари кенгайтирилади

Фото: «Gazeta.uz»

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг «Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center»  инновация маркази тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида эълон қилинди ва 25 мартга қадар муҳокамага қўйилди.

Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш учун асослар:

  • марказ резидентларидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда, улар асосий фаолиятдан ташқари, дастурий таъминотдаги реклама, электрон тижорат ва бошқа қўшимча фаолият билан шуғулланишади;
  • иқтисодиётнинг барча тармоқларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш аҳолининг компютер саводхонлиги даражасини ошириш масаласини долзарблаштиради;
  • Инновация маркази тўғрисидаги Низомда баъзи номувофиқликларнинг  мавжудлиги резидентларни рўйхатга олиш ва уларга имтиёзлар бериш тартибини мураккаблаштиради.

Лойиҳа қуйидагиларни назарда тутади:

  • қўшимча турдаги фаолиятни киритиш — фақат компьютер саводхонлигини ошириш йўналишидаги «Бошқа тоифаларга киритилмаган айрим таълим турлари». Бу резидентлар учун ўз хизмат доирасини кенгайтириш ва айни пайтда тақдим этилаётган имтиёзлардан фойдаланиш имкон беради;
  • инновация марказига ариза беришда юридик шахс билан бевосита алоқа қилиш ҳуқуқини бериш. Эндиликда MUIC мутахассислари ҳужжатлар (масалан, бизнес-режа) етарли даражада тўлдирилмаган тақдирда, унга ўзгартириш киритиш бўйича тавсиялар беришлари мумкин бўлади. Мазкур ўзгариш резидентлик мақомини олиш учун талабгорларнинг аризаларини кўриб чиқиш жараёнини соддалаштириш ва тезлаштириш имконини беради;
  • реклама ва электрон тижоратни жорий этиш ҳисобига Инновация маркази резидентлари шуғулланадиган қўшимча фаолият турларини кенгайтириш.

Низомнинг 23-бандида марказ резидентлари молиявий битимлар ва кўчмас мулкдан даромад олиш ҳуқуқига эга бўлиши кўрсатиб ўтилган. Резидентлар ва талабгорлар мурожаатига кўра ҳамда сайтлардаги реклама ва электрон тижорат асосий фаолият билан чамбарчас боғлиқ экани ҳисобга олиниб, лойиҳада дастурий маҳсулотларда реклама ва электрон тижоратни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилади. Шу билан бирга, ушбу фаолият турларидан тушадиган даромадлар белгиланган тартибда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларга тортилади.

АКТ вазирлиги барча резидентлар ва IТ-соҳасининг ривожлантирилишидан манфаатдор шахсларни лойиҳа муҳокамасида фаол қатнашишга чақиради.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг