Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Facebook» урфдан қолиши мумкинми?..» Компаниянинг Марказий Осиё бўйича масъул мутахассиси Нуруддин Иминохунов билан суҳбат

«Facebook» урфдан қолиши мумкинми?..» Компаниянинг Марказий Осиё бўйича масъул мутахассиси Нуруддин Иминохунов билан суҳбат

Фото: «Weproject.media»

Куни кеча ёш ҳамюртимиз (22 ёшда) Нуруддин Иминохунов «Facebook» (Pro Unlimited @ Facebook) компаниясида маҳсулот ривожланиши бўйича масъул мутахассис (Product Growth Specialist) сифатида иш бошлади. Эндиликда у «Facebook», «Instagram» ва «Whatsapp» иловалари Марказий Осиёда маҳсулот сифатида ривожланишига ҳисса қўшади.

Нуруддин Иминохунов Тошкент шаҳридаги Инҳа университетини тамомлаган. У билан компаниядаги иш фаолияти, ижтимоий тармоқлар, режалари ва бошқа мавзуларда суҳбатлашдик.

— Нуруддин, аввало «Facebook» компаниясида маҳсулот ривожланиши бўйича мутахассис сифатида иш бошлаганингиз билан табриклайман! Суҳбатимизни компанияга қандай ишга олинганингиздан бошласак.

— Аввало, табрик ва интервьюга таклиф қилганингиз учун катта раҳмат! «Xabar.uz»га интервью бераётганимдан хурсандман.

Саволингизга тўхталадиган бўлсам, жорий йил апрель ойининг охирида HR–компаниядаги ишга олувчи рекрютер орқали хат келди. Унда «Facebook» компаниясида contractor сифатида янги ўрин очилаётгани, бу ўриндаги инсон Марказий Осиёда «Facebook» дастурлари оиласи («Facebook», «Instagram» ва «Whatsapp»)нинг ўсишига масъул бўлишини айтишди.

Мен интервьюлардан ўтиб кўришга қизиқдим ва жараённи бошладик. Ишга қабул қилиш бўйича интервью тўрт босқичда бўлиб ўтди. Биринчи иккита босқичда 45 дақиқалик умумий интервьюлар ўтказилди. Мазкур босқичларда мендан «Product management» бўйича асосий билим ва маҳоратларимни тест қилишди. 3-босқич «on-site» интервью кўринишида бўлди — одатда компания офисида бир кун давомида 4 та интервью ўтказилади. Ҳозирги пандемия туфайли биз бу интервьюларни кетма кет 4 кун давомида 1 соатдан ташкиллаштирдик. Бу қисмда Product Sense, Product Execution, Leadership, Analytical skills бўйича суҳбат қилишди.

Бу интервьюлардан ўтганимдан кейин яна бир номзод шу босқичгача етиб келгани ва кучлар тенг бўлганлиги учун яна бир қўшимча интервью ўтказишмоқчилигини айтишди. 1 соат давомида бўлиб ўтган бу суҳбатдан сўнг менга 10 кунлар оралиғида ишга қабул қилинганлигим ҳақида жавоб йўллашди. Бутун жараён 4 ойдан ортиқ давом этди.

Компаниядаги асосий вазифам эса Марказий Осиёда «Facebook» дастурлари оиласи ўсишига керакли имкониятлар борлиги ва уларни яратиш билан шуғулланишга қаратилган.

— Нега ахборот технологиялари соҳасини танлагансиз?

— Болалигимдан уйда компьютер бўлганлиги учун унга қизиқишим ортган. Очиғи, бошида унда уйдагилар учун кичик юмушларни бажариб юрардим, кейин ўзим ҳам қизиқиб кетганман. Аввалига Photoshop дастурида расмларни ўзгартиришга қизиққанман. Ундан кейин эса интернетда (у пайтлар ҳали Dial-Up эди) сайтлар ясаш бўйича бошланғич билимларни ўргандим. Кейинчалик қизиқишим жиддийлашиб, олдин дастурчи бўлдим, кейин эса Product соҳасида мутахассис бўлдим.

— Мамлакатимизда IT-соҳани ривожлантиришга эътибор юқори. Мутахассис сифатида ушбу жараёнларни янада такомиллаштириш учун таклифларингиз борми?

— Ахборот  технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги статистикасига кўра, Ўзбекистоннинг 22,5 миллион аҳолиси интернет фойдаланувчиси ҳисобланади. Билишим бўйича, охирги 3 йилда бу сон олдинига кескин ўсиб, кейин секинлашган. Шу нақтаи назардан интернет ва аҳолининг кўпроқ қисмини интернет билан таъминлаш орқали янги IT-сервисларга талаб ортади. Дастурчилар ва IT-соҳадаги бизнеслар сони кўпайиши керак, шу тариқа бу турдаги талаб қондирилади, деб умид қиламан.

— Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда «Telegram» мессежери оммабоплиги жиҳатидан «Facebook», «Instagram» ва «Whatsapp» тармоқларига қараганда олдинда. Сизнингча бунинг сабаби нимада, умуман, «Facebook» дастурлари оиласини қандай ривожлантирмоқчисиз?

— Ўйлашимча, бунга асосий сабаб бир неча йиллар илгари «Whatsapp» тармоғининг блокланиши ва бунинг ортидан «Telegram» мессенжерига фойдаланувчилар оқимининг ортиши бўлган. Ўз навбатида «Telegram» ҳам ривожланишдан тўхтамади. Бир сўз билан ҳозир унинг мамлакатимизда мулоқот воситаси сифатидаги ўрни катта.  Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда «Facebook» ва «Instagram» имкониятларига кўпроқ урғу берсак керак. Лекин бу фақат Ўзбекистонгагина тааллуқли, холос. Масалан, бошқа қўшни мамлакатларнинг баъзиларида «Whatsapp», баъзиларида «Viber» кабилар етакчилик қилади.

— Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, «Facebook» тармоғини келгусида «Одноклассники» тақдири кутиб турибди. Яъни, «Facebook» ҳам худди «Одноклассники» сингари оммабоплигини йўқотиши мумкин дейишмоқда. Бунга муносабатингиз қандай?

— Менимча бу фараз хато. Чунки ҳозир «Facebook» тармоғида 2 миллиарддан ортиқроқ фаол фойдаланувчилар бор ва бу рақамлар кундан-кунга кўтарилиб боряпти. Ишонаманки, «Facebook»даги янги имкониятлар Ўзбекистондаги фойдаланувчилар эътиборини тортади ва ўсишда давом этади.

— Бундан бир неча йиллар илгари Ўзбекистонда ҳам muloqot.uz, sinfdosh.uz каби бир қанча ижтимоий мулоқот тармоқлари фаолият бошлаган эди. Буроқ улар етарлича оммалашмади. Бунинг сабабини нималарда кўрасиз?

— Ижтимоий тармоқ ўз ўрнига эга бўлиши учун унинг ичидаги дўстларимиз тармоғи кучли бўлиши керак. Шунинг учун ҳам бу кўп вақт ва инвестиция талаб қиладиган соҳа.

Менимча, баъзи ижтимоий тармоқлар давлат томонидан яратилганлиги бир сабаб бўлган бўлса, бошқаларига Product management ва яхши User experience етишмаган, деб ўйлайман. Бундан ташқари, балки ўша пайтда бозорнинг ўзи тайёр эмаслигини, етарли талаб бўлмаганлигини ҳам келтириб ўтишим мумкин.

— Суҳбатдошларга берадиган доимий саволимиз: китоб ҳам мутолаа қилиб турасизми?

Ҳа, албатта. Асосан ўз соҳам ва шахсий ривожланиш бўйича китоблар ўқишни яхши кўраман. Масалан, Нир Эялнинг «Indistractable» китобини яқинда ўқиб тугатдим. Китобда чалғитувчи ташқи омиллар ва уларнинг олдини олиш усуллари яхши очиб берилган.

— Келгусидаги режалар?

— Яқин келажакдаги режаларим ҳозир ўзим эгаллаб турган вазифа орқали Ўзбекистон ва Марказий Осиё учун фойдали ўзгаришлар қилиш. Кейинроқ эса IT-компания ёки стартапни йўлга қўйиб, ривожлантиришни ният қилганман.

Фурсатдан фойдаланиб, шу даражага етиб келишимга ва ютуқларга эришишимда ҳар доим қўллаб турган оила аъзоларим ҳамда жамоадошларимга катта раҳмат айтмоқчиман.

«Xabar.uz» таҳририяти жамоасига ҳам соғлиқ ва муваффақиятлар тилаб қоламан.

Нурилло Тўхтасинов
суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг