Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бўлажак информатиклар ўртасида интеллектуал мусобақа ўтказилди (видео)

Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги 269-сон умумтаълим мактабида «Бўлажак информатиклар – интеллектуал мусобақа» тадбири ўтказилди. Тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Б.Олматов, вазирликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Н.Турсуновлар қатнашди.

Барча синфлардан жами 311 нафар ўқувчи мазкур интеллектуал мусобақада қатнашдилар. Иштирокчилар 4та йўналишда: «Paint — ранглар жилоси» (Paint дастурида расм чизиш), «Моҳир бармоқлар», «Microsoft Excel – аниқлик гарови» (бизнес режа ишлаб чиқиш) ва «Рақамли таълим» (Power Point дастурида слайд тайёрлаш) баҳс олиб бордилар. Ғолиблар финал босқичига йўлланмани қўлга киритишди.

2020 йил 29 январь куни 269-сон умумтаълим мактабида мусобақанинг финал босқичи ва ғолибларни тақдирлаш тадбири ўтказилди. Муросасиз кечган финал босқичида ҳар бир йўналишдан 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган 12 нафар ўқувчи ғолиб деб топилди. Уларга вазирлик ва 269-сон умумтаълим мактаби маъмуриятининг медал, диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Иқтидорли ёшлар эришган ютуқларида устозларнинг ўрни ва ҳиссаси беқиёс, албатта. Ўқувчиларга компютер саводхонлиги бўйича билим бераётган информатика ўқитувчилари Ражабов Аслиддин, Турғунова Ширинхон ва Эргашев Хуршидга вазирлик номидан «Фахрий ёрлиқ» ҳамда мактаб директори З.Нажимхўжаевага «Ташаккурнома» топширилди.

Тақдирлаш маросими якунида АКТ вазири ўринбосари Б.Олматов ўқувчиларни табриклаб, уларга ахборот технологиялари бўйича ўз билимларини янада оширишлари ва келгусида нуфузли олий ўқув юртларига кириб ўқишларида муваффақиятлар тиладилар. Шунингдек ҳозирда республикамизда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси амалга оширилаётганлиги, ушбу лойиҳада барча ўқувчилар қатнашиши мумкинлиги ҳамда бунинг учун кенг имкониятлар яратилганини таъкидлаб ўтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг