Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қарзи бўлсаям узиб қўйилмаган хизматлар учун тўловлар қачон қилинади?

Қарзи бўлсаям узиб қўйилмаган хизматлар учун тўловлар қачон қилинади?

Фото: «Medialux»

Бугун АОКА штабида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Матбуот котиби келиб тушган муҳим саволларга жавоб берди.

САВОЛ: Телефон, мобил алоқаси ва интернет хизматлари учун ўз вақтида тўловлар қилинмаса ҳам, карантин даврида 2 ой давомида тўлов ундирилмаслиги, бу даврда бу хизматлар ўчириб қўйилмаслиги маълум қилинганди. Айтингчи, ушбу тўловлар карантин даври тугагандан кейин ечиб олинадими?

— Республикамиз аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича  Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари чиқариб, амалга татбиқ этилмоқда. Хусусан,  24 мартдан бошлаб республикамизда фуқаролар томонидан телефон ва интернет интернет алоқаси учун ўз вақтида тўловлар қилинмаса ҳам 2 ой давомида бу хизматлар ўчирилмайди.

Юқоридаги хизматлар учун ТЎЛОВЛАР ИККИ ОЙДАН СЎНГ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ.

САВОЛ: Карантин даврида жазони ижро этиш колонияларига бандероль ва почталарни жўнатиш хизматлари борми? Билишимизча, почта бу хизматларни тўхтатган экан?

— Карантин вақтида Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси коронавирус инфекциясининг жазони ижро этиш муассасаларига кириб келишининг олдини олиш мақсадида, уларнинг манзили бўйича келиб тушган посилка ва бандеролларни қабул қилишни ВАҚТИНЧАЛИК ТЎХТАТГАН.

Шу сабабли, «Ўзбекистон почтаси» ҳам Жазони ижро этиш колонияларининг манзиллари бўйича посилка ва бандеролларни қабул қилишни вақтинчалик тўхтатган.

Бу хизмат йўлга қўйилиши билан алоҳида маълумот бериб ўтамиз.

САВОЛ: Ҳомийлик ва хайрия хизматларини мувофиқлаштирувчи марказ рақами — 1197 га мурожаат қилиш қийинчилик туғдирмоқда. Операторлар кўп вақт банд бўлмоқда. Бу борада нима ишлар қилинмоқда?

— Хабарингиз бор, 2020 йил 1 апрелдан Республика махсус комиссиясининг қарори билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Ҳомийлик ва хайрия хизматларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди. Марказда тадбиркорлар, волонтёрлар, ҳимояга муҳтож инсонлар мурожаатларини қабул қилиш учун қисқа 1197 рақами очилди.

Марказлар иш бошлаган куни кузатилган айрим техник камчиликлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тезда бартараф этилди. 1197 рақамига Ўзбекистон бўйлаб бепул қўнғироқлар амалга ошириляпти. Мурожаатчиларнинг қўнғироқларига тезкор жавоб бериш мақсадида вазирлик томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, 4 апрель куни Тошкент шаҳридаги марказга мурожаатларнинг кўпайгани инобатга олиниб, вазирлик томонидан қўшимча операторлар фаолияти йўлга қўйилди. Мурожаатчилар кўпайишига қараб ушбу марказ имкониятлари кенгайтириб борилади.

1197 рақамли, ҳар ҳудудда ташкил этилган марказларга алоҳида-алоҳида хизмат кўрсатилади. Масалан, фуқароларимиз Самарқандда ташкил этилган марказга 1197 рақами орқали мурожаат этишса, шу вилоятда ташкил этилган марказ жавоб беради.

САВОЛ: Онлайн мактаб онлайн телевизион дарсларни  беришни бошлади. Карантин даврида кабель телевидениеси ва IPTV хизматлари учун тўловлар амалга оширилмаса ва хизмат ўчириб қўйилса нима қиламиз?

— Карантин муносабати билан 2020 йил 30 март куни соат 8:30дан бошлаб онлайн телевизион дарслар эфирга узатила бошланди.

Карантин муддати бекор қилингунга қадар, абонентларнинг қарзлари бўлган тақдирда ҳам, улар узиб қўйилмайди.

ТЎЛОВЛАР ИККИ ОЙДАН СЎНГ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ.

Бу борада муаммоларга дуч келган тақдирингизда вазирлигимизда ташкил этилган қисқа рақамларга мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг