Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АКТ вазирлиги: 2021 йилда барча ижтимоий соҳа объектлари юқори тезликдаги интернет билан таъминланади

АКТ вазирлиги: 2021 йилда барча ижтимоий соҳа объектлари юқори тезликдаги интернет билан таъминланади

Республикамиз ҳукумати томонидан рақамли технологияларни ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ўз маърузаларида таъкидлаганидек, ахборот-коммуникация технологиялари Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида энг устувор йўналишларидан биридир. Бу ҳақда АКТ вазирлиги ахборот хизмати материалида ҳикоя қилинади.

Шу маънода битта муҳим масалага алоҳида эътибор қаратсак: республикамизда ахборот-коммуникация соҳасида амалга оширилаётган кенг қуламли ишлар, авваламбор, халқ манфаатларига қаратилган. АКТни кенг жорий этилиши фуқароларимиз учун ўз вақт ва маблағларини тежашга имкон яратади. Энг муҳими, ахборот-коммуникация технологиялари аҳолига тўлақонли равишда манба ва имкониятлардан фойдаланиш доирасида долзарб маълумотга эга бўлишга ҳамда ўз билим ва савияларни АКТ соҳасида яхшилашга замин яратади.

Бу борада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Республика бўйича 237 та объектда магистрал телекоммуникация тармоқлари кенгайтирилиб, телекоммуникация ускуналари модернизация қилинди. Шунингдек, республика бўйича 16 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 36,6 минг километрга етказилди.

Мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш мақсадида 6 мингдан дан ортиқ мобил алоқа база станцияси ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 26 мингтадан ортди ва республика аҳоли масканларини мобил алоқа билан қамрови 97 фоизга ва мобил интернет тармоғига кенг полосали уланиш қамрови даражаси 70 фоизга етказилди.

Шу билан бирга, республикамиз ҳудудларида телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада 2019 йил 22 майдаги «Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларида телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори муҳим аҳамиятга эга. Мазкур қарорда соҳага оид энг долзарб масалалар ўз аксини топган.

2019 йил давомида телекоммуникация тармоқлари қамрови умуман мавжуд бўлмаган аҳоли яшаш масканлари сони деярли икки баробарга камайтирилди.

Республика телекоммуникация инфратузилмасини замон талаблари даражасида кескин ривожлантириш орқали интернет тармоғини кенгайтириш ва бунинг натижасида барча аҳоли масканларини, шунингдек ижтимоий соҳа объектларини, жумладан соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. 2021 йилда эса барча ижтимоий соҳа объектлари юқори тезликдаги интернет билан таъминланади ҳамда чекка олис ҳудудлардаги аҳоли масканларида ҳам телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда телекоммуникация тармоқларини жадал ривожлантиришга салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш учун олдини олувчи чоралар ҳам кўрилган. Жумладан, мазкур қарорга кўра эндиликда муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектлари, шу жумладан кабел канализацияси, паст токли кабел шахталари, телекоммуникация қурилмаларини ўрнатиш учун майдонлар ва инфратузилмалар билан таъминланмаган турар-жойларни қуриш ҳамда фойдаланишга қабул қилишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.

Шуни назарда тутиш керакки, бундан олдинги вақтларда алоқа соҳаси ходимларига кўп қаватли турар жойларга алоқа (телекоммуникация) тармоқларини киритиш ва хонадонларгача ички тармоқни қуриш ва монтаж ишларини олиб боришга қийинчиликлар туғдирарди.

Кўп қаватли турар жойларда алоқа хизматларини кўрсатиш учун алоҳида кириш қувурлари ва кабел шахталари учун майдонлар ва қурилмаларни ўрнатиш учун жойлар ажратилмаганлиги ва қурилиш лойиҳаларда кўзда тутилмаганлиги сабабли, алоқачилар тармоқни эксплуатация учун ноқулай бўлган жойлардан киритишга мажбур бўлар эдилар. Бу эса алоқа иш сифатига кескин таъсир кўрсатар эди. Мазкур қарор том маънода ушбу камчиликларни бартараф этишга барҳам берди десак муболаға бўлмайди.

Келинг аниқ мисол келтирсак. Масалан, Самарқанд вилоятида кўп қаватли турар жойларнинг ички телекоммуникация тармоқларини қуриш ишлари буюртмачи ҳисобидан амалга оширилади. Бунинг натижасида, Самарқанд вилоятида янги қурилган 2055 та хонадондан иборат 40 та кўп қаватли уйларда паст токли кабел шахталари ташкил этилди ва ички телекоммуникация инфратузилмаси билан таъминланди. Ушбу амалга оширилган ишлар учун маҳаллий бюджет ва буюртмачи корхоналар томонидан 1,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар сарфланди.

Шубҳасиз, бундай хайрли ишларинг юқори савияда бажарилиши алоқа хизмати юқори сифат даражада таъминлаб беришга ва халқимиз турмуш тарзини кўтаришга, ва энг асосийси, ёшларимиз учун барча шароит яратишга, истиқомат қилиш жойидан қатъий назар уларнинг салоҳиятининг ошиб боришига замин яратади, дейилади вазирликнинг ахборот хизмати маълумотида.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг