Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АКТ вазири «DIGITAL ALMATY 2020» форумида қатнашди

АКТ вазири «DIGITAL ALMATY 2020» форумида қатнашди

Фото: «Xabar.uz»

Хабар берганимиздек, бугун, 31 январ куни Қозоғистоннинг жанубий пойтахти — Олмаота шаҳрида «DIGITAL ALMATY 2020» форуми бўлиб ўтмоқда.

Форум ишида бир қатор давлатларнинг бош вазирлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, АТ соҳасининг етакчи экспертлари иштирок этяпти. Шу жумладан, халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарлигидаги делегация ҳам қатнашмоқда.

Форум доирасида АКТ вазири Шуҳрат Содиқов Халқаро электралоқа иттифоқининг Телекоммуникацияларни ривожлантириш бюроси директори Дорин Богдан-Мартин хоним билан учрашди.

Ўзбекистон ХЭИнинг учта сектори ташаббусларини муваффақиятли амалга ошириш учун давлат органлари, хусусий тузилмалар ва академияларни жалб қилган ҳолда иш олиб бормоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ХЭИ техник кўмаги билан қатор минтақавий ташаббуслар амалга оширилди.

Жумладан:

  • қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги телекоммуникация объектларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш;
  • ХЭИнинг Москвадаги минтақавий бюроси ва МДҲ мамлакатларида ўртасида видеоконференцалоқа тармоғини яратиш;
  • Тошкент ахборот технологиялари университети учун Cisco ўқув жиҳозларини етказиб бериш ва бошқалар.

Шунингдек, ХЭИ ва Хитойнинг ZTE компанияси ҳамкорлигида IT-паркда AКТ, тадбиркорлик ва давлат бошқаруви соҳасида аёллар ва ёш авлоднинг малакасини ошириш марказини яратиш лойиҳаси (техник ёрдам нархи 100 минг AҚШ доллари) бошлангани эътироф этилди.

ХЭИнинг Москвадаги минтақавий офиси ушбу лойиҳани амалга оширишни қўллаб-қувватламоқда. 24-26 январ Тошкентда ХЭИ Ҳудудий бюросининг лойиҳа координатори Фарид Нахли ва ўзбекистонлик мутахассислар ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳам ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда, бундан ташқари, ёш авлод учун робототехника соҳасидаги марказ яратиш лойиҳасини амалга оширишдан манфаатдорлик билдирилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон IТ-паркида ёш авлод учун робототехника марказини ташкил этиш учун ХЭИ техник ёрдамини ажратиш тўғрисидаги битим лойиҳаси тайёрланган ва ушбу лойиҳанинг қиймати 75 минг долларни ташкил этади.

Учрашувда Дорин Богдан-Мартин хонимга 2020 йил 26-27 май кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Aлоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстликнинг Aлоқа маъмурлари раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш таклифи билдирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг