Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аҳрор Абдуллаев: «Дастурлаш – ҳаётий масалалар ечими билан бевосита боғлиқ»

Аҳрор Абдуллаев: «Дастурлаш – ҳаётий масалалар ечими билан бевосита боғлиқ»

Фото: «Xabar.uz»

Ёшлик ўқиш-ўрганиш, иштиёқ ва шижоат фасли. Самарқандлик Аҳрор Абдуллаевда бу ҳислатларнинг барчаси бўй кўрсатиб улгурган. Қолаверса, ундаги янгиликка  интилиш, изланувчанлик бу фазилатларни тобора тўлдириб, унинг интелектуал салоҳиятини тобора ошириб бораяпти десак асло муболаға бўлмайди.

Юртимиз истиқлолининг 28 йиллиги катта тантаналар билан кутиб олинган ушбу кунлар Аҳрор Абдуллаев учун унутилмас қувонч ва таассуротларга бой бўлди. Сабаби, энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида у ҳам «Келажак ифтихори» медали соҳиби бўлди.

Бир қарашда содда самимий бу йигит билан суҳбатлашган киши ундаги ноёб иқтидорни илғаши мушкул. Аммо «Эришган ютуқларингиз ҳақида нима дея оласиз?» деган саволга  «Нима ҳам дердим, келинг, яхшиси университетдан берилган тавсияномани электрон нусхасини ташлаб бера қолай» дея ютуқларидан ҳам ийманибгина суҳбатлашган Аҳрорбек худди ўзи сингари камтар суҳбатдош бўлсангиз, у зумда яқин инсонингизга айланади, қолади. У ҳозирда ТАТУ Самарқанд филиалининг компютер инжиниринги факультетининг «Дастурий инжиниринг» йўналишида бўйича 4-босқич талабаси.

– Иштихон туманидаги 93-сонли умумтаълим мактабининг 9-синфини тугатиб, Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти  қошидаги 1-сон академик лицейга қадам қўйган илк куним ҳеч кўз олдимдан кетмайди, – дейди Аҳрор Абдуллаев. – Тўғрироғи, аудиториядаги компьютерларда қани энди соатлаб ишласам дея орзу қилдим. Кейинчалик билдимки, компьютер билан ишлашда шунчаки қизиқиш камлик қиларкан. Шу ҳақиқатни англаганим ҳамоно замонавий ахборот технологиялари соҳасига оид билимларимни бойитиб, дастурчи бўлишга аҳд қилдим. Дастурлаш – ҳаётий масалалар ечими билан бевосита боғлиқ. Масалалар ечими учун эса мураккаб алгоритмларни билиш керак. Университетда ўқиш жараёнларида соҳага оид адабиётларнинг қарийб барчаси билан танишиб чиқдим. Ҳозирда айнан алгоритмларни ўрганишда онлайн тарзда халқаро адабиётлар ёрдамида билимларимни чуқурлаштиришга ҳаракат қиламан. Бунда рус, инглиз тилини яхши билишим жуда асқотади. 

Кўзлари тушиб, қалби туташган соҳага меҳри баланд Аҳрор Абдуллаев унивeрситeтда таҳсил олиш даврида кўплаб ютуқларга эришди. Иқтидорли талаба «BestSoft challenge 2017» рeспублика танловида «Савдо ва хизматлар соҳасидаги АТ-лойиҳа» номинацияси бўйича фахрли учинчи ўринни, «Innovation Idea & Software — 2018» инновацион дастурий лойиҳалар танловининг «Ақлли шаҳар АТ-лойиҳаси» йўналиши бўйича фахрли биринчи ўринни эгаллади. «InnoWeek 2018», «TUIT OPEN 2018» каби рeспублика миқёсидаги ва «ACM ICPC» каби халқаро миқёсдаги танлов ва олимпиадаларда фаол қатнашиб, сeртификат ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

– Аҳрор Абдуллаев дастурлаш ва алгоритмлаш асосларини чуқур ўзлаштирган талабаларимиздан бири, – дейди ТАТУ Самарқанд филиалининг компютер инжиниринги факултети «Дастурий инжиниринг»  кафедраси мудири Абдували Қаршиев. – Ечимларни топишдаги баҳс-мунозаралари вазиятларда у асосли таклифлари билан бошқалардан ажралиб туради. Айниқса, тендошларига ўзлаштиришда орқада қолмасин деган мақсадда фаннинг муҳим тушунчаларини эринмай моҳирлик билан аниқ лўнда қилиб тушунтиради. Ўзи эса яна ҳам кўпроқ ўрганишга ҳаракат қилади.

Ношондоримиз иқтидорли талаба сифатида Python, Java, C/C++ каби юқори даражали дастурлаш тилларини мукаммал билибгина қолмасдан, ушбу билимларини амалиётда кенг қўлламоқда. Мисол тариқасида унинг «Delivery food» мобиль иловаси (Java дастурлаш тилида) ва бир нeчта тeлeграм бот лойиҳалари (Python дастурлаш тилида)ни кeлтириш мумкин. Робототeхника соҳасида ҳам сeзиларли натижаларга эришган қаҳрамонимиз ҳар дақиқани қадрлайди. Илм йўлида бир сониянинг қиймати қанчалар бебаҳо эканлигини билади.

– Аҳроржон оилада қизим Шоҳистадан кейин ўртанча фарзандим, – дейди унинг онаси  Холида Наҳалова. – Аммо катта ўғлим бўлгани боисми доим масъулиятни сезиб туради. Укаларини ўқишини назорат қилади. Опасини, синглиси Меҳрибонни авайлаб асрайди. Акаси сабаб иккинчи ўғлим Акбаржон ҳам дастурлашга қизиқиб, бу йил ТАТУ Самарқанд филиалининг компьютер инжиниринги факультетига ўқишга кирди. Бир она сифатида фарзандларим ўзлари қизиққан соҳа бўйича етук мутахассис бўлиб,  эл-юрт корига камарбаста инсонлар бўлишини хоҳлайман.

Ҳа,  ота-она учун фарзандлар камолидан ҳам отиқроқ бахт борми дунёда.  Аҳрорбекнинг отаси Зафар ака шундай бағри ҳам бахти ҳам бутун инсонлигидан шукрона айтади. Ўғил-қизларини камолини тилайди. Асли касби ўқитувчи бўлишига қарамай, катта боғнинг бошида узум, олма сингари сархил меваларни эл дастурхонига тортиқ қилаётганидан доим мамнун.

– Отам боғ ишини ёқтиради, –  дейди Аҳрор Абдуллаев. – Онам доим улар билан. Мен, укам Акбар, Азим ўқиймиз деб, тумандан шаҳарга келиб қўйдик. Боғнинг ишлари, айниқса, пишиқчилик паллада  меваларни увол қилмай йиғиб, териб олиш ота-онамга қийинчилик туғдиришни билганимиз боис, дам олиш кунлари уларга ёрдамлашишга ошиқамиз. Аммо улар бизни дарсларинг қийин чалғиманглар дея, боғ юмушларига қўлимиз тегар-тегмай яна ўқишга кузатишади.  Биз ота-онамизни шунчалик бизга билдираётган ишонч, эътибор ва ғамхўрликларини оқлашимиз керак. Қолаверса, юртимиз ёшлари орасида кичкина ютуқларим катта баҳоланиб,  «Келажак ифтихори» медали соҳиби бўлдим. Бу елкамдаги масъулиятни икки-уч баробар оширди. Энди мен нафақат ота-онам балки юртим, халқимиз ишончини оқлайдиган фарзанд бўлишим керак. Мақсадларим, ниятларим катта. Шулардан бири дастурлаш бўйича 2020 йилнинг баҳорида бўлиб ўтадиган халқаро олимпиадада иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш.

Юртимиз эртаси Аҳрор Абдуллаев сингари қалби қайноқ, билим уфқи кенг ёшлар қўлида. Уларнинг азму шижоати, керак бўлса етуклик сари бел боғлаган машаққатли меҳнатида. Шундай экан, биз ҳам уларга илм йўлида кўзлаб чиққан манзилларингиз нурафшон бўлсин, дея ният билдирамиз.

Гулноза Турғунбоева, «Xabar» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг