Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АЭС ва сув ҳавзалари муҳофазаси. Камолга етган саволлар

АЭС ва сув ҳавзалари муҳофазаси. Камолга етган саволлар

Фото: «Spot.uz»

Атом реакторларига сув нима учун керак, АЭСлардан чиққан сув туризм ва спорт учун хавфсизми, атом электр станциялари ўз атрофидаги биохилма-хилликка таъсир кўрсатадими? Венгриялик муҳандис-энергетик «Газета.uz» учун интервью берди.

Жолт Харфаш — венгриялик муҳандис-энергетик, турли йилларда Венгрия Иқтисодиёт ва транспорт вазирлиги, Атом тематикаси бўйича Венгрия миллий ривожланиш вазирлигида фаолият кўрсатган. 2009 йилда «Пакш» атом электр станциясини кенгайтириш тўғрисидаги парламент қарори ва 2011 йилда қабул қилинган Венгрия энергетика стратегиясини ишлаб чиқишда иштирок этган.

— Сув ВВЭР-1200 атом реакторларига нима учун керак?

— Сувнинг ВВЭР турига мансуб реакторлар учун икки асосий вазифаси мавжуд, улар — иссиқлик алмашиш ва совитиш.

АЭСнинг асосий ишлаш тамойили қуйидагича: атом реакцияси натижасида катта миқдорда иссиқлик ажралиб чиқади. Бу иссиқлик сувни қиздириб, уни буғ ҳолига келтиради. Буғнинг босими остида эса турбина айланиб, механик энергиядан электр энергияси ҳосил бўлади.

Замонавий АЭСларда икки контурли тизим қўлланилади: биринчи контурда реактордан чиққан сув ёпиқ ҳолатда айланиб туради, бунда сув насослар ёрдамида циркуляцион ҳаракатланади. Биринчи контурдаги иссиқлик иккинчи контурдаги сувга ўтказилади, у ердаги сув бир онда қайнаб, буғга айланади. Буғ эса турбинани ҳаракатга келтиради. Айланма ҳаракат турбина билан умумий валга ўрнатилган генераторда электр энергиясини ҳосил қилади. Турбинадан чиққан буғ сўнгра совитувчига тушади ва яна суюқ ҳолатга қайтади.

Қайд этиш жоизки, биринчи контурдаги сув иккинчи контурдаги сув билан мутлақо алоқага киришмайди. Бу эса АЭСлардан хавфсиз фойдаланишга ижобий таъсир кўрсатади ва энг охирида қабул қилиб олувчи сув ҳавзаларига (ҳовуз, градирня, кўл) ташланувчи сувнинг радиоактив ифлосланишини имконсиз ҳолга келтиради.

— АЭСларни сув ҳавзаларидан узоқроқда қуриш мумкинми?

— Мазкур майдонча шароитидан келиб чиққан ҳолда, атом электр станциясидан чиқариб ташлаш талаб қилинувчи иссиқликнинг охирги ютувчиси сифатида бир неча усулдан фойдаланиш мумкин: агарда яқин-атрофда катта сув оқимига эга дарё ёки денгиз бўлса, электр станциясини совитишда улар сувидан фойдаланиш мумкин ва бу хавфсиз.

Масалан, Венгриядаги «Пакш» АЭС майдончасида совитиш учун Дунайнинг чучук сувидан фойдаланилади. Бу сув фойдаланиб бўлинганидан кейин ўз таркибини ўзгартирмаслигини қайд этиш зарур, чунки у реактор билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган контурда қўлланилади.

Совитиш учун етарлича миқдордаги чучук ёки денгиз суви бўлмаган ерларда «қуруқ» ёки «ҳўл» совитиш тизимига эга градирнялардан (иссиқ сувни совитадиган минорасимон қурилма — таҳр.) фойдаланилади. Бу ҳолатда совитувчи сув градирня ва конденсатор ўртасида айланади. Шундай қилиб, буғланиш вақтида йўқотилган сув ўрнини яқин-атрофдаги кичик сув манбалари ҳисобидан тўлдириш имкон бўлса, катта сув оқимлари ва денгизлардан узоқда ҳам атом электр станцияларидан фойдаланиш мумкин.

— Ҳар йили қанча ҳажмли ишлатилган сув ҳосил бўлади? Ишлатилган сув тозаланадими, унинг кейинги тақдири нима бўлади?

— Атом электр станцияси ишлатилган сувни тозалаш учун ишончли тизимга эга. Биринчи контурда ишлатилган сувлар тўлиқ қайта ишланади. Натижада радиоактив ифлосланишдан тўла ҳоли конденсат ҳосил бўлади ва ундан биринчи контурда такроран фойдаланилади.

ВВЭР-1200 реакторларига эга иккита блок учун йилига 88 минг куб метр оқар сув талаб қилиниши мумкин ва улар тўлиқ тозалангани сабабли атроф-муҳит учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди.

«Пакш» АЭСда атроф-муҳитга ҳар қандай зарарли моддалар тушишининг олдини олиш мақсадида доимий равишда экологик мониторинг, жумладан совитишда қўлланилган сувнинг дарёга тушишда белгиланган меъёрдан ортиб кетиши мумкин бўлмаган ҳарорати мониторинги юритилади. Мазкур экологик мониторинг Венгриянинг ваколатли маҳкамалари, жумладан атом назорати бўйича органлари, шунингдек сув хўжалиги назорати соҳасидаги идоралар томонидан қатъий назорат қилинади. Барча маълумотлар АЭС ва тегишли назорат органлари сайтларида эълон қилинади.

— АЭС совитиш тизимларида қўлланилган сув сув ҳавзаларига қайтариладими?

— Бу бўлиши мумкин, чунки у табиатга ҳеч қандай хавф туғдирмайди.

— АЭСдан чиққан сувлар тушиб турувчи сув ҳавзаларида сув билан боғлиқ дам олиш турлари ва балиқ овлашни давом эттириш хавфсизми?

— Ҳа, бу сувлардан спорт ва дам олиш учун фойдаланиш мутлақо хавфсиз. Айнан шунинг учун, ҳеч шубҳасиз, сув билан боғлиқ дам олиш турлари ва балиқ овлашни ривожлантириш керак. Масалан, Венгрияда маҳаллий балиқ овловчилар Дунайнинг «Пакш» АЭСдан чиқувчи каналнинг қуйилиш жойидан пастроқдаги қисмида балиқ тутиш билан фаол шуғулланади.

— АЭС ўз атрофида биологик хилма-хилликка қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Тузкон кўли ва Тўдакўл сув омбори (Ўзбекистонда АЭС қурилиши учун истиқболли майдончалар сифатида танлаб олинган — таҳр.) балиқ хўжалиги учун аҳамиятли, муҳим орнитологик ҳудудлар ҳисобланади. АЭС қурилиши ва унинг фаолияти сув ҳавзалари ихтиофаунасига таъсир кўрсатадими?

— На қурилиш, на электр станцияларидан фойдаланиш яқин-атрофдаги биологик хилма-хилликка, жумладан орнитофауна ва ихтиофаунага таъсир кўрсатмайди. АЭС атрофидаги ҳимоя ҳудуди ёввойи табиат осойишталигини тўлиқ таъминлайди. Шуни ҳам қад этиш муҳимки, атом электр станцияси ўз фаолияти давомида карбонат ангидрид гази ва бошқа ифлослантирувчи моддаларни ажратиб чиқармайди, шунинг учун ундан фойдаланиш ҳаво сифатига таъсир кўрсатмайди.

Тузкон кўли, Ўзбекистонда АЭС қурилиши учун эҳтимолий майдонлардан бири.

Фото: Ильдар Баязитов / Facebook

МАЪЛУМОТНОМА: Тузкон кўлини ўз ичига олган Айдар-Арнасой кўллар тизими сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ҳудудлар тўғрисидаги Рамсар халқаро конвенцияси рўйхатига киритилган. Рамсар рўйхатидаги сув ҳавзалари яқинида жойлашган энг камида яна бир атом станцияси Украинадаги Запарожье атом станцияси Собиқ Иттифоқ даврида қурилган бўлиб, «Етти маёқ» қайиридан («Пойма Семь маяков») тахминан 30 км масофада жойлашган.

— Ўзбекистонда АЭС қурилиши учун танланган ҳар икки истиқболли майдонча суви ҳам минераллашган ва шўр. Уларнинг сувидан совитишда фойдаланишда бунинг аҳамияти борми?

— Совитиш учун ҳам чучук, ҳам шўр сувдан фойдаланиш мумкин. Дунёдаги кўплаб АЭСлар денгиз қирғоғида жойлашган ва денгиз сувидан фойдаланилади.

— АЭС қурилиши ва ундан фойдаланишда атроф-муҳитга қандай хавфлар мавжуд ва АЭС лойиҳасида бу каби хатарлар қандай бошқарилади?

— Атом энергетикасида хавфсизлик, жумладан атроф-муҳит хавфсизлиги ҳар қандай масаладан устун туради. Атом электр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланишда барча технологик ечимлар ва бошқарув тизимлари мавжуд, улар ёрдамида атроф-муҳитга ҳеч қандай ифлослантирувчи тушмаслиги кафолатланади. Атом электр станцияси фаолияти давомида назорат қилинувчи шароитларда жуда оз миқдорда қаттиқ ва суюқ ҳолатда бўлган паст ва ўрта фаолликдаги радиоактив чиқиндилар ҳосил бўлади. Уларни бошқаришда «йиғиб ол, назорат қил ва инкапсуляцияла (атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик учун изоляциялаш — таҳр.)» фалсафасига амал қилинади. Шунинг учун технологик меъёрларга амал қилинган ҳолатда ифлосланишни кутишга ҳожат йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг