Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

50 йилдан кейин ҳаётимизда қандай ўзгаришлар рўй беради?

50 йилдан кейин ҳаётимизда қандай ўзгаришлар рўй беради?

Фото: «samsung.com»

Эллик йилдан кейин одамлар меҳнат таътилини фазода – махсус қурилган меҳмонхонада ўтказиши мумкин. «Samsung» компанияси буюртмаси асосида тадқиқот ўтказган бир гуруҳ келажакшунос олимлар ана шундай хулосага келган.

«Келажакка назар» (Samsung KX50: The Future in Focus) деб номланган ҳисоботда транспорт тизимидан тортиб соғлиқни сақлаш соҳасига қадар – жамият ҳаётининг турли жабҳаларида юз бериши кутилаётган янгиликлар баён этилган.

Хўш, 2069 йилга бориб, инсоният ҳаётида яна қандай ўзгариш ва эврилишлар рўй беради? Марҳамат, олимларнинг айрим фаразлари билан танишинг.

Фото: «samsung.com»

Cувости магистраллар. Уммон остида зирҳланган қувурлар орқали тезюрар контейнерларда ҳаракатланиш имкони туғилади. Сувости магистрали орқали бир неча минг чақирим масофани саноқли дақиқаларда босиб ўтиш мумкин бўлади.

Фото: «samsung.com»

Ерости иморатлар. Тўнкарилган осмонўпар бинони тасаввур қилиб кўринг. Ярим асрдан кейин ана шундай «ерўпар» иморатлар бунёд этиш урфга киради. Олимларга кўра, замин қаърига йўналган бундай иморатлар кучли зилзилаларга ҳам бардош беради.

Ўзини ўзи тозалайдиган уйлар. 2069 йилга бориб аёллар уй тозалаш каби «даҳмаза»дан қутулади. Замонавий жиҳозланган биноларда махсус тугмани босиш кифоя – хона ўзини ўзини тозалайди.

Фото: «samsung.com»

Фазовий меҳмонхоналар. Ой ва бошқа сайёраларга махсус ҳаво кемалари учирилади. Ушбу ҳаво кемаларида ташкил этиладиган фазовий меҳмонхоналарда муайян ҳақ эвазига дам олиш мумкин бўлади.

Инсон аъзоларининг 3D усулда «чоп этилиши». Тиббиёт соҳасида, хусусан, трансплантация – инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш йўналишида ҳам инқилобий янгиликларга қўл урилади. Хусусан, 3D усулда инсон аъзоларини кўпайтириш йўли топилади. Бу эса оғир дардга чалинган беморларни донор қидириш ташвишидан халос этади.

Фото: «samsung.com»

Учар автобус ва таксилар. Мутараққий жамиятларда учар такси ва ҳайдовчисиз учар автобуслар йўловчилар узоғини яқин қилади. Шу тариқа тирбандлик муаммоси қисман ҳал этилади. Узоқ масофани босиб ўтишда эса ракеталар жонга ора киради.

Ички имплантатлар. Одам танасига ички имплантат ўрнатилади. Инсоннинг виртуал йўлдоши бўлган ушбу мослама унинг саломатлигини мунтазам кузатиб боради ва ўз соҳибини эҳтимолий хавфдан огоҳлантиради.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг