Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари иштирокида «Ёш делегат» конференцияси ўтказилди

Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари иштирокида «Ёш делегат» конференцияси ўтказилди

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 10-12 май кунлари юртимиз умумтаълим мактабларининг 8-11-синф ўқувчилари иштирокида «Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш» мавзусида БМТ симуляцион «Ёш делегат» конференцияси ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Конференция «Ҳуқуқий маданиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган Доҳа Декларациясининг амалга оширилиши бўйича Глобал дастур» ҳомийлигида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотик моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси (UNODC ROCA), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Конференция давомида ўқувчилар дипломатлар каби БМТнинг расмий тилларида БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги мавзулар, жумладан, «Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш», «Атроф-муҳитга сезиларли таъсир кўрсатувчи жиноятларнинг олдини олишнинг самарали усулларини шакллантириш», «Коррупцияга қарши курашда фуқаролик жамиятининг роли» мавзулари муҳокамаларда иштирок этиб, икки қўмита, яъни БМТ Бош Ассамблеяси ҳамда Жиноятчиликни олдини олиш ва адолатли судлов бўйича БМТ Конгрессини симуляция қилди.

Таъкидлаш жоизки, анжуманнинг бош мақсади Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий учрашувлари андозасида ўтишини таъминлашдир. Шунингдек, анжуман ўқувчиларни дипломатик соҳадаги ечимлар, қийинчиликлар ва энг яхши тажрибаларни ўрганиш мақсадида бирлаштиради. Анжуман мамлакатимизнинг барча ўқувчи-ёшларини БМТ фаолияти ва уни иш юритиш тизими билан таништириб, уларга омма олдида нутқ сўзлаш, муаммоларини ечиш, дипломатик музокара олиб боришни ўргатади. Қолаверса, халқаро билим ва тажрибаларни бериш орқали уларни давлатимиз ривожига ҳисса қўшиш, келгусида халқаро ҳамжамият олдида юртимиз нуфузини янада оширадиган кадр ҳамда ижтимоий масъулиятли фуқаролар бўлиб етишиш йўлида бирлаштиради - дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур анжуманда иштирок этиш бўйича танлов элон қилингач, республикамиз бўйича 3000 га яқин ўқувчи унда иштирок этиш истагини билдириб, ҳужжат топширганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг