Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ХТВ ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи «Аъло таътил» лойиҳасини ишга туширди

ХТВ ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи «Аъло таътил» лойиҳасини ишга туширди

Фото:Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

2019 йилнинг 3-10 январь кунлари 120 нафар 10 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар «Аъло таътил» лойиҳасида иштирок этиш имкониятига эга бўладилар. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Лойиҳада Ўзбекистон бўйича 10-16 ёшдаги «Билимлар беллашуви» ғолиблари, халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган сардорлар кенгаши аъзолари ва сардор бўлмаган ўқувчилар ҳамда «Менинг ижод маҳсулим» болалар медиа фестивали ғолиблари иштирок этишлари мумкин.

Республика «Билимлар беллашуви» олимпиадаси ва халқаро фан олимпиадалари ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги орқали лойиҳада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.

Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган сардорлар ва ўқувчилар лойиҳа низоми асосида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий Кенгашлари томонидан танланади.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган «Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг халқаро оромгоҳи»да илк бор 3-10 январ кунлари бўлиб ўтади.

Етти кун давомида иштирокчилар турли танловларда, тадбирларда ва спорт мусобақаларида иштирок этадилар. Шу билан бирга, улар таниқли одамлар билан учрашиш ва мулоқот этиш, Термиз шаҳрининг ўқув юртлари ва диққатга сазовор жойларига ташриф буюрадилар.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг