Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хорижда Ўзбекистон билан ҳамкорликда биринчи институт ташкил этилади

Хорижда Ўзбекистон билан ҳамкорликда биринчи институт ташкил этилади

Фото:Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати

2019 йилда Минск шаҳрида амалий мутахассисликлар бўйича кадрлар  тайёрлайдиган Ўзбек-белорус қўшма институти очилади. Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Маджидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Беларусь давлатига ишчи ташрифи давомида бу борада шартнома имзоланди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Амалий мутахассисликлар институти Беларусь миллий техника университети базасида ташкил этилиб, янги институтда асосан иқтисодиётнинг реал секторларида талаб юқори бўлган малакали ишчи мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор берилади.

Қўшма институтга иккала давлат фуқаролари келгуси ўқув йилидан бошлаб талабаликка қабул қилиш режалаштирилган. Институтда ўқув жараёни халқаро стандартлар асосида икки давлат ўқув режаларига таянган ҳолда олиб борилади. Шунингдек, янги институт базасида ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишлари олиб бориладиган қўшма марказ ташкил этилади.

Беларусь  миллий техника университети қошидаги «Политехник» илмий-техник паркида Иномжон Мажидов белоруслик ҳамкасби Игорь Карпенко билан учрашди. Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилиб, учрашув якунида икки вазирлик ўртасида тузилган Битимни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланди.

Музокараларда Белоруссия томони билан қурилиш, автосервис ва жамоат овқатланишини ташкил этиш каби бугунги кунда жамиятимизда талаб юқори бўлган соҳаларда малакали кадрлар тайёрлаш, кўп тармоқли ресурс марказларини яратиш борасида ҳамкорликни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.

Иномжон Мажидов Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университетига ҳам ташриф буюриб, бу ерда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашди. Вазир университетда таълим олаётган ёшлар билан мулоқот қилиб,  уларнинг ўқиши ва яшаш шароити билан танишди.

Бугунги кунда ушбу университетда 80 нафар юртимиз ёшлари таҳсил олмоқда, улардан 62 нафари 1 босқичда ўқийди. Талаба-ёшлар вазир билан мулоқотда Тошкентда анъанавий ташкил этиладиган халқаро таълим кўргазмалари хорижий олий таълим муассасалари ҳақида маълумот олиш имконини бераётганини эътироф этишди.

Ташриф доирасида мамлакатимиз делегациясининг Академик М.С.Высоцкий номидаги Минск давлат автомеханика коллежи, Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети, касбий ривожлантириш инновация маркази – информатика ва радиоэлектроника бизнес-инкубатори, М.Танк номидаги Беларусь давлат педагогика университети ҳамда Талабалар шаҳарчасига бориши режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг