Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Халқ таълими вазирлиги Тошкентдаги мактабларни замон талабларига мослайди

Халқ таълими вазирлиги Тошкентдаги мактабларни замон талабларига мослайди

Халқ таълими вазирлиги Тошкентдаги мактабларни замон талабларига мосламоқчи. 22 июнда муҳокамага қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида айтилишича, Тошкент шаҳрининг ўзига хос хусусиятлари, шаҳар аҳолисининг ва замонавий шаҳарсозликка қўйилаётган талабларнинг йилдан-йилга ўсиб бораётганлиги инобатга олинган. Бу ҳақда «Минбар» хабар берди.

Тошкент шаҳридаги мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мактаблардаги ўқувчилар сонини белгиланган меъёрларга мослаштириш мақсадида:

800 млрд сўмга мактаб қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган

  • Тошкент шаҳрида 12 та янги маҳалла учун янги мактаблар қурилади.
  • 50 та мактаб реконструкция қилинади, 98 та мактаб мукаммал таъмирланади ва жиҳозланади.
  • Бунга давлат бюджетидан 2019 йил қўшимча 400 млрд сўм ва 2020 йилда ҳам 400 млрд сўм ажратилади.

Тармоқ мактаблари яратилади

2019/2020-ўқув йилидан бошлаб Тошкентдаги ўқувчилар сони қувватига нисбатан кам бўлган мактаблар ўқувчилар сони қувватига нисбатан ортиқ мактабларга тармоқ мактаб сифатида бириктирилади.

Тошкент шаҳридаги бешта лицей ва коллеж бино ва иншоотлари, ери, жиҳоз ва ускуналари билан халқ таълими тизими тасарруфига берилади.

Бу бинолар икки ва ундан кўп сменаси мавжуд мактабларга бириктирилади ёки зарур ҳолларда уларда янги мактаб очилади.

Аввал мактаб бўлиб, бошқа мақсадда фойдаланилаётган бинолар ХТВга қайтарилади. Бу бинолар 2020 йил 1 сентябргача бўшатилиб, уларда мактаблар қайта очилади.

Ўқитувчилар малакаси оширилади, молиявия рағбатлантирилади

  • Ўқитувчилар учун тренинглар, курслар, семинар, маҳорат дарслари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
  • Тошкент мактабларида ишлаётган 600 дан ортиқ ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар истисно тариқасида Тошкент давлат педагогика университетининг сиртқи бўлимида алоҳида қабул квоталарини ажратган ҳолда ўқитилиши ташкил этилади.
  • 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб Тошкентдаги мактабларда таълим сифатини оширишга ҳисса қўшган ўқитувчилар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантирилади.

Ихтисослаштирилган мактаблар PISA каби халқаро тадқиқотлар учун тажриба-таянч мактаблари бўлади

ХТВ тасарруфидаги республика ихтисослаштирилган мактаблари PIRLSTIMSSPISATALIS каби халқаро тадқиқот дастурлари учун тажриба-таянч мактабларига айлантирилади.

ДХШ ва хусусий мактаблар кўпайтирилади

Давлат-хусусий шерикликда очилган ва хусусий мактабларни янада кўпайтириш мақсадида 2020 йилдан бошлаб 4 йил муддатга тажриба тариқасида таъмирталаб мактаблар хусусий сектор бошқарувига берилади.

Мустақил ўқув дастурига эга халқаро мактаблар очилади

Тошкентда жаҳон стандартлари асосида таълим берувчи халқаро мактаблар очиш режалаштирилган:

  • 2020 – 2025-йилларда Тошкент шаҳрида жаҳон стандартлари асосида умумий ўрта таълим берувчи халқаро мактабларни ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Тошкентдан уларга 2020 йил 1 январга қадар 10 гектар ер ажратилади.
  • Халқаро мактабларга уни ташкил этувчи давлатларнинг ўқув дастурлари асосида таълим берилишига рухсат этилади. Бу мактабларда фақат миллий қадриятларга боғлиқ фанлар (давлат тили, тарих, маданият ва бошқалар) ҳам қўшимча ўқитилиши керак бўлади.

Бешта ташаббус

Бешта ташаббус доирасида 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб:

  • Тошкент шаҳридаги барча театрларда ҳар ойда бир кун мактаб ўқитувчилари учун бепул спектакллар намойиши, шунингдек, таниқли актёр ва санъаткорлар билан учрашувлар ташкил этилади.
  • Мактабларда йил давомида мунтазам концерт дастурлари намойиш этиб борилади, шоир ва ёзувчилар иштирокида очиқ дарслар, ижодий учрашувлар ва китобхонлик кечалари ўтказилади.
  • Ўқувчилар ўртасида турли танлов, фестивал ва спорт мусобақалари уюштирилади. Таниқли спортчилар ва мусобақалар ғолиблари билан учрашувлар, мастер-класс намойишлари ўтказилади.
  • Тошкентдаги барча мактаблар юқори тезликдаги интернет алоқаси билан имтиёзли асосда таъминланади ва ҳар бир мактабда компютер клублари ташкил этилади.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг