Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Халқ таълими вазирлиги ота-оналарга мурожаатнома билан чиқди

Халқ таълими вазирлиги ота-оналарга мурожаатнома билан чиқди

Фото: «Xabar.uz»

Юртимизда кенг нишонланадиган 1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрамига саноқли кунлар қолди. Айни пайтда мамлакатимизда мазкур байрамни юқори савияда ўтказиш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда, дейилади Халқ таълими вазирлиги мурожаатномасида.

Мазкур жараёнда баъзи синфларнинг қўмита вакиллари «ўта фаоллик» кўрсатмоқда. Яъни, ўқитувчиларни байрам билан табриклаш мақсадида пул йиғимларини ташкил қилиш натижасида айрим ота-оналар норозилигини келтириб чиқариш ҳолатлари учрамоқда.

Халқ таълими вазирлиги 1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрамида фарзандларига билим ва тарбия бераётган ўқитувчиларни ўз истак, имкониятларидан келиб чиқиб, табриклаётган ота-оналарга ўз миннатдорчилигини билдиради. Лекин ўқитувчиларни табриклаш натижасида ота-оналар норозилиги келиб чиқиши керак эмас. Агарда кимнинг имконияти бўлмаса, бошқа фаол ота-оналар томонидан мажбурлаш ёки улар номидан умумий совға қилиш баҳонасида мажбурий пул йиғиш нотўғри.

Халқ таълими вазирлиги юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда ота-оналар норозилиги билан ундириладиган барча йиғим турларига чек қўйиш кераклигини эслатиб ўтади. Ўқитувчиларни хурсанд қилмоқчи бўлсак, байрамни ҳақиқий кўтаринки руҳда нишонлайлик ва ҳеч кимни норози бўлишига йўл қўймайлик, дейилади мурожаатномада.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг