Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг биринчи кириш имтиҳонлари май ойига қолдирилди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг биринчи кириш имтиҳонлари май ойига қолдирилди

Фото: Инха университети

Мамлакатимизда COVID-19 пандемияси тарқалгани ва карантин жорий этилгани сабабли Тошкент шаҳридаги Инҳа университети биринчи кириш имтиҳонларини апрелдан май ойига кўчиришга қарор қилди.

Янги жадвалга кўра, иккала факултет - «Компьютер ва дастурий инжиниринг» (SOCIE) ва «Логистика» (SOL) учун биринчи кириш имтиҳонлари 2020 йил 31 май куни бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, биринчи имтиҳон фақат шартнома асосида ўқишни ўз ичига олади.

Ҳужжатларни онлайн рўйхатдан ўтиш муддати аввалгидек 10 апрелгача давом этади.

Бунинг учун:

1. Университетнинг расмий сайти орқали рўйхатдан ўтиш;

2. Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида шахсий маълумотларни тақдим этиш ва қуйидаги ҳужжатларнинг сканер қилинган нусхаларини юклаш лозим:

  • паспорт;
  • ўрта мактаб, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи дипломи;
  • расм (3,5 × 4,5);
  • IELTS ёки TOEFL iBT сертификати.

Иккала факултетга фақат Математика фанидан имтиҳон бўлиб ўтади. Керакли сертификатларни тақдим этиш мажбурий.

• SOCIE факултети учун — IELTS камида 5 балл ёки TOEFL iBT — камида 50 балл;
• SOL факултети учун — IELTS камида 5,5 балл ёки TOEFL iBT — камида 71 балл.

Бугунги кундаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда университетнинг қабул қўмитаси барча абитуриентлар учун ҳужжатларни топшириш тартибини соддалаштирди.

Қоидага мувофиқ, агарда абитуриент ҳали мактаб, лицей ёки коллежни тугатганлиги тўғрисида диплом олмаган бўлса, у ҳолда таълим муассасасидан сертификат тақдим этиш керак. Аммо, барча таълим муассасалари карантин туфайли ёпиқлигини ҳисобга олган ҳолда буни амалга ошириш мумкин эмас. Шу муносабат билан, комиссия абитуриентлардан сертификат талаб қилмайди. Аммо карантин муддати тугагач, ушбу сертификатни кириш имтиҳонидан олдин топшириш шарт бўлади.

Шунингдек, IELTS ёки TOEFL iBT сертификатларига ҳали эга бўлмаган абитуриентлар ҳам ҳужжат топширишлари мумкин, аммо берилган муддатга қадар уларни тақдим этишлари шарт. Муддат 2020 йил, 5 августга қадар белгиланган.

Халқаро талабалар - университет сайтида кўрсатилган талабларга жавоб берган ҳолда инглиз тилини билишини тасдиқловчи сертификат тақдим этади ва университетга имтиҳонсиз қабул қилинади.

Қабул ва имтиҳонлар ҳақида батафсил маълумотни университетнинг расмий сайтидан олиш, шунингдек, +998 71 289 99 99 (ички 0129 ва 0124) рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг