Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Вазир газеталар обунаси тушиб кетишида айби борлигини рад этди

Вазир газеталар обунаси тушиб кетишида айби борлигини рад этди

Фото: «xs.uz»

Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими раҳбар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ҳамда фахрийлар билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда халқ таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, таклифлар муҳокама қилинди, академик ва фан докторлари томонидан маърузалар ўқилди.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида халқ таълими тизимида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дея таъкидлади Шерзод Шерматов. — Хусусан, ёш авлоднинг билимли бўлиши ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топиши учун барча шароит яратилаётир. Бу йўлда, энг аввало, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Педагоглар маошининг оширилиши мактабларга эркак ўқитувчиларнинг қайтишига туртки бўлди. Нафақахўрлар пенсиясининг тўлиқ миқдорда тўланиши эса маҳоратли ўқитувчилар тажрибасини ёшларга ўргатишга кўмаклашди.

Яна шуни таъкидлашни истардимки, мактабларда мажбурий обунани чеклаш борасидаги ишларимизни нотўғри талқин қилаётган, мени газета ўқимайдиган, матбуотнинг душманига айлантириб қўйган турли хабарларни эшитяпман. Шахсан менинг иш столимда ҳар куни газеталар туради. Эрталаб ишимни “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Правда Востока” ва бошқа газеталарни ўқишдан бошлайман. Бу тарғиботни бошқача талқин қилиш нотўғри, деб ўйлайман.

Тадбирда халқаро таълим тизимлари ва тадқиқотлари босқичма-босқич жорий этилиши ҳамда иқтидорли болаларни тарбиялаш учун Президент мактаблари ташкил этилиши ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, 2019 йил давомида “Ўқитувчилар мақоми тўғрисида” Қонун қабул қилиниши кутилаётгани айтиб ўтилди. Мазкур ҳужжат ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб бериши билан бирга, уларнинг ижтимоий ҳимоясига оид масалаларни ҳам тартибга солади.

Давра суҳбатида дарсликларнинг маъно-мазмуни борасида ҳам сўз борди. Шунингдек, ҳар бир мактабда алоҳида форма жорий этилиши сингари таклифлар, фикр-мулоҳазалар ҳам билдирилиб, муҳокама қилинди.

Юлдуз Ўрмонова (“Халқ сўзи”)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг