Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда яна бир хорижий институт ташкил этилди

Тошкентда яна бир хорижий институт ташкил этилди

Фото: «Гоогле.sом»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрида Беларус – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳрида Беларус – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти 2020/2021 ўқув йилидан таълим фаолиятини бошлайди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълумот беришича, институтнинг асосий фаолият йўналишлари ва вазифалари этиб юқори малакали муҳандис-техник кадрларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича тайёрлаш ва бошқалар белгиланди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Институтнинг таъсисчиси, Беларус миллий техника университети ва Республика касб-ҳунар таълими институти (Беларус Республикаси) Институт фаолиятини ташкил этиш иштирокчилари ҳисобланади.

Институт Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлиб, юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклидаги олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Институт олий малакали мутахассислар ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан шуғулланади.

Битирувчиларга таълим якунлари бўйича Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Беларус миллий техника университетининг олий таълим тўғрисида белгиланган намунадаги дипломи топширилади.

Қабул параметрлари ва қўшма таълим дастурлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда таъсисчи ва иштирокчиларнинг асосланган таклифларига биноан манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжлари асосида Васийлик кенгаши қарори билан тасдиқланади.

Институтда тўлов-контракт асосида таълим учун тўловлар миқдори Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъсисчи томонидан, Беларус Республикаси ҳудудида – Беларус миллий техника университети томонидан белгиланади.

Давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасалари ва ташкилотларида камида уч йил ишлаб бериш шарти билан ишга тақсимланади.

2021 йилда Навоий шаҳрида Институтнинг саноатнинг устувор йўналишлари, инжиниринг, технологиялар ва ИТ-дастурлаш бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлашга ихтисослашган филиали ташкил этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг