Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Талабалар учун яна бир стипендия таъсис этилмоқда

Талабалар учун яна бир стипендия таъсис этилмоқда

Фото:«Xabar.uz»

«Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил октябрь ойида мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги кенг нишонланади.

Камолиддин Беҳзод хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг кўчаларидан бирига унинг номи берилади.

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси таъсис этилади.

Шунингдек, «Камолиддин Беҳзод издошлари» миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови ташкил этилади ва ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб борилади.

Қарорга кўра, 2020 йил 15 сентябрга қадар Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи хиёбони замонавий қиёфада қайта ташкил этилади ва унинг ҳудудидаги Камолиддин Беҳзод ҳайкали 2022 йилда бронзага ўтказилади.

Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида:

- Бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази;

- олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) ташкил этилади.

Марказ фаолияти 2022 йил 1 январдан, Рассомлик маҳорат устахонаси фаолияти 2022-2023 ўқув йилидан бошланади.

Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабига юртимиз тасвирий санъатига улкан ҳисса қўшган атоқли ижодкор Павел Беньков номи берилади.

2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппарати ходимларининг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 100 фоиз миқдорида ойлик устамалар белгиланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг