Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сиёсат, таълим, тўсиқ...

Сиёсат, таълим, тўсиқ...

Маҳкам Ҳамидов.

«Аҳолининг сиёсий фаоллиги президент ёки парламент сайловларида қатнашиш билангина чегараланмайди!..» – дейди Германия Парламенти стипендиати Маҳкам Ҳамидов.

«Хориждаги ватандошлар»нинг галдаги суҳбатдоши Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган.

Маҳкам билан суҳбатимиз сиёсатшунослик фани, нима учун айнан Германияга кетгани, Германия Парламенти стипендиати бўлиш жараёни ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

«Изланишларимни ташқи сиёсатдан ички сиёсатга йўналтирдим...»

Болалигимдан жаҳон сиёсатига, дунёда бўлаётган жараёнларга қизиқишим юқори бўлгани учун, аввалданоқ Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўқишни мақсад қилганман. 2015 йили ушбу олий таълим маскани талабаси бўлдим. Бакалаврда сиёсат бўйича билимларим пойдеворини мустаҳкамлаганимдан сўнг, ушбу фанни янада чуқурроқ ўрганишга қарор қилдим, аниқроғи изланишларимни ташқи сиёсатдан ички сиёсатга йўналтирдим. Назаримда жамият ва давлат ривожи учун сиёсий ислоҳотлар ва демократизация жуда муҳим аҳамият касб этади ва ушбу ислоҳотларни амалга оширишда албатта сиёсатшунослар керак. Шунинг учун жамиятга озгина бўлса ҳам фойдам тегар деган умидда ўзимни ушбу фанни ўрганишга бағишладим.

«Германия таълим сифати бутун дунёда юқори баҳоланади...»

Германияда барча таълим босқичлари, шу қаторда олий таълим ҳам, деярли барча федератив ўлкаларда (штат) ҳатто чет эл фуқаролари учун бепул. Албатта хусусий мактаб, университетлар ва айрим махсус дастурлар бундан мустасно.

Бунинг устига, Германия академик алмашинуви дастури (DААD) томонидан ушбу давлатда олий таълим олиш истагида бўлган ёшлар учун бакалавр, магистратура ҳамда илмий даражага ўқиш пайтида турар-жой ижара пулини ҳамда кундалик ҳаётда қилинадиган харажатларни қоплайдиган стипенидиялар тақдим этилади.

Мисол учун мен DААD дастурининг магистратура учун бериладиган стипендия соҳиби бўлиш шарафига муяссар бўлдим. Катта шаҳарларда, шу қаторда мен истиқомат қилаётган Берлин шаҳрида, турар-жой ойлик ижара ҳақи жуда юқори эканлигини инобатга олсак, DААD томонидан бериладиган ойлик стипендия жуда катта моддий ёрдам.

Сиёсатшунослик фанини ўрганиш учун ўзим битирган «Alma mater»да магистратурада ўқишни давом эттириш имкони ҳам бор эди, аммо ижтимоий фанлар ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли ва буюк олимлар юрти бўлмиш Германияда ушбу фанни ўрганишга иштиёқим жуда катта бўлган. Бунинг устига Германия таълим сифати нафақат Европада ўз мавқейига эга, балки бутун дунёда юқори баҳоланади.

Таҳсил олаётган университетим ҳақида...

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг бугунги кунда Гумбольдт университети номи билан машҳур олий таълим муассаси Берлин шаҳрининг Совет иттифоқи оккупация қилган ҳудудида қолади ва натижада ушбу университетга коммунистик ғоялар фаол равишда сингдирила бошланади.

Бундан норози бўлган талабалар намойишларга чиқишади ва турли ғоялардан ҳоли бўлган эркин университет ташкил этилишини талаб қилишади. Натижада, талабаларнинг ташаббускорлиги туфайли АҚШ оккупацион секторида 1948 йил Берлин эркин университети ташкил топади.

Бугунги кунда ушбу олий таълим муассасаси ижтимоий фанлар бўйича Европада етакчи ўринларда туради. Сиёсатшунослик фани бўйича «QS Rankings» рейтингида Германияда биринчи ўринда турса, жаҳонда кучли йигирматаликка киради. 

IPS дастури ҳақида...

Германия парламентининг Халқаро парламент стипендияси (IPS) хақида бакалаврнинг охирги босқичида билган эдим. IPS дастури Германия парламентар демократиясининг назарий асосларини ўзлаштириш ҳамда парламент иш жараёнларини ва тузилмаларини бевосита амалиёт ўтаган ҳолда ўрганиш имконини беради. Ушбу дастурда Ўзбекистон биринчи маротаба иштирок этгани учун бўлса керак, ҳужжатларни тайёрлаш ва интервьюга тайёргарлик куриш жараёнлари бироз мушкул кечди, чунки бу борада ҳеч кимдан маслаҳат сўрай олмайсиз. Шунга қарамасдан керакли ҳужжатларни тўплаб, «motivation letter»ни ёзиб, берилган вақт ичида дастурда иштирок этиш бўйича аризамни топширган эдим.

Омадим бор экан, ушбу стипендия соҳиби бўлдим ва 2020 йил март ойида Берлинга келдим. Афсуски, ушбу дастур доирасида қилинган барча режаларга коронавирус пандемияси нуқта қўйди. Гарчи IPS 2020 дастури расман бекор қилинмаган бўлса-да, ушбу дастурнинг асл мақсади бўлган амалиёт ўташ жараёни, барчага маълум сабабларга кўра, тўхтатилди ва биз онлайн-учрашувлар орқали деярли фақат назарий кўникмалар билан чегараланиб қолдик. Шунинг учун ташкилотчилар IPS 2020 дастури қатнашчиларни кейинги йили, яни IPS 2021 дастурида қатнашиш имкониятини беришди. Шу сабабдан март ойи бошланишини кутяпман.

Сиёсатшунослик фани ривожидаги тўсиқлар...

Айнан мана шу савол мени бўлажак сиёсатшунос сифатида энг кўп ўйлантирадиган масалалардан бири.

Афсуски, юртимиз аҳолиси орасида давлатда бўлаётган сиёсий жараёнлар бўйича қизиқиши юқори инсонлар назаримда кўп эмас. Демократик жамиятда аҳолининг сиёсий фаоллиги президент ёки парламент сайловларида қатнашиш билангина чегараланмайди, балки фуқаролар ўз навбатида сайлаган инсонлардан берилган ваъдаларини амалга оширилишини талаб қила билиши, фуқаролик позициясини намоён қила билиши керак. Бу борада сиёсий партияларнинг ўрни катта.

Сиёсий маориф мактабданоқ шакллантирилиши керак деб ўйлайман. Мисол учун, Германияда аҳолининг сиёсий онгини ошириш мақсадида учта тамойилдан ташкил топган «Бойтелсбах консенсуси» қабул қилинган. Ушбу консенсуснинг асосий, ва назаримда, бизнинг таълим тизимимиз стандартлари билан ҳуқуқий мувофиқлаштирилиши лозим бўлган тамойиллардан биттаси – нуқтаи-назарни сингдиришга бўлган тақиқ тамойили. Ушбу принципга мувофиқ, таълим берадиган инсонлар ўқувчиларга ўзларининг (сиёсий) қарашларини сингдиришга ҳаққи йўқ, балки уларга дарслар орқали шунақа шароит яратишлари керакки, таълим олувчилар мувофиқ сиёсий мавзуга ўз мустақил фикрларини шакллантиришлари лозим.

Юртимизда сиёсатшунослик фани асосан университетларда ўқитилади. Барча давлат ОТМлари тегишли вазирликларга бириктирилган ва билвосита шу давлат идораларининг бошқаруви остида. Дунё тажрибасига кўра ўзини оқламаган ушбу амалиёт университет мустақил таълим сиёсатини олиб боришига тўсқинлик қилади, ОТМлар вазирликларнинг қўйган талабларига бўйсинишади. Ушбу амалиётга чек қўйилмас экан, ОТМлар эркин ва идеологик ва маънавий таъсирларисиз мавжуд бўлмас экан, сиёсатшунослик фани ривожи ҳақида гапириш қийин. Ушбу аксиома бошқа фанларга ҳам тегишли.

Аслида сиёсатшунослик фанини ривожлантириш учун ғилдирак кашф қилишнинг ҳожати йўқ. Жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда давлатимизда амалиётга тадбиқ этишга тўғри келадиган жиҳатларни қўлласа етарли.

Жаҳон адабиётларини кетма-кет ротация шаклида мутолаа қиламан...

Одатда спорт билан шуғулланишни жуда хуш кўраман. Аммо ҳозирги пандемия шароитида спорт заллари ёпиқ, шунинг учун локдаун тугаши биланоқ биринчи навбатда спорт залига борсам керак. Шу билан бирга стол тенниси ҳамда боулдерингни ўзимга яқинда кашф қилган эдим.

Бундан ташқари, бўш вақтимда бадиий китобларни ўқишни яхши кўраман. Китоб ўқишда қуйидаги тамойилга риоя қилишга ҳаракат қиламан: ўзбек, рус ва жаҳон адабиётларини кетма-кет ротация шаклида мутолаа қиламан. Ўқиган охирги китобим ўзбек классик адабиёти дурдоналаридан бири ҳисобланган Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» асари ҳамда Ювал Ноа Харарининг «Sapiens: Инсониятнинг қисқача тарихи» китоблари бўлди. Биринчиси инсонларнинг турли-хил ижобий ва салбий жиҳатлари, шунингдек ўтган замонлар оддий одамларимизнинг истибдод ҳукмронлар қўл остидаги машаққатли ҳаёти ҳақида сўзласа, иккинчиси оламга, атрофга ва тарихга ўзгача нигоҳ билан қарашга ундайди, дунёқарашни жуда ҳам кенгайтиради. Ҳар икки китоб ҳам менда катта таассурот қолдирди.

Келажакда ўзимни академик соҳада кўряпман. Шунинг учун магистратурадан сўнг докторантура босқичида ўқиш фикри йўқ эмас. Бешикдан қабргача илм ол деганларидек, ўйлайманки, ушбу режа амалга ошса, нотўғри қарор бўлмаган бўлади.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг