Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Сиёсат, АҚШ тажрибаси, «Янги Ўзбекистон» ҳақида ўйлар...» Қўшма Штатлардаги сиёсий тадқиқотчи билан суҳбат  

«Сиёсат, АҚШ тажрибаси, «Янги Ўзбекистон» ҳақида ўйлар...» Қўшма Штатлардаги сиёсий тадқиқотчи билан суҳбат   

Икромжон Тўхтасинов.

Фото: «Xabar.uz»

«Хориждаги ватандошлар» доирасидаги интервьюларни давом эттирамиз. Бу галги суҳбатдошимиз Америка Қўшма Штатларидаги Иллинойс университети докторонтура босқичида таҳсил олаётган ҳамюртимиз Икромжон Тўхтасинов бўлди. Қаҳрамонимиз Наманган шаҳрида туғилган. 2017 йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Жаҳон сиёсати» йўналиши, 2019 йил АҚШдаги нуфузли Notre Dame университетининг «Халқаро муносабатлар» йўналиши магистратура босқичини тамомлаган.

— Икромжон нима учун ҳозир айнан Қўшма Штатлардасиз, суҳбатни шундан бошласак?

Тўғрисини айтганда, бунга ўнлаб сабабларни келтиришим мумкин. Лекин, энг асосий сабаблардан бири АҚШда юқори сифатли таълимнинг мавжудлиги бўлган. Ана шу таълимдан баҳраманд бўлиш учун ҳам бу ерга келдим.

Қарийб уч йилдан бери Чикагода истиқомат қиляпман. Ўтган йили Чикагода жойлашган Notre Dame университетининг «Халқаро муносабатлар» йўналиши магистратура босқичини тамомладим. Ҳозир Урбана-Шампейн шаҳридаги Иллинойс университети докторантура босқичида таҳсилни давом эттиряпман. Университет тахминан 50 минг талабага таълим беради ва Қўшма Штатлардаги йирик илмий маскани ҳисобланади.

Очиғи бу ерга келиб кучли рақобат туфайли синовларда яхшигина тобландим. Чунки, ҳаёт бу ерда сизни аяб ўтирмайди, тўхтаб қолишга ҳаққингиз йўқ. Харажатлар ҳам тўхтамайди. Шунинг учун меҳнатдан қочмаслигингиз лозим. Бироқ бошланиши доим қийин кечади. Аммо озгина вақт ўтиб, мослашиб олганингиздан кейин кўп нарса осонлашади. Бу ерда қанча кўп меҳнат қилсангиз, шунча кўп даромад топа оласиз. Яъни, малакали ишчи бўлсангиз, малакасиз ишчига нисбатан кўпроқ маош беришади. Бу эса, ўз навбатида, таълим олиш ва ўз устингизда узлуксиз ишлашга иштиёқ бағишлайди.

— Докторантурадаги илмий ишингиз мавзуси қандай?

Докторантура дастури АҚШда Ўзбекистондан фарқли равишда нисбатан узоқроқ давом этади. Илмий иш мавзуси ҳам одатда 2-3 йил соҳа бўйича турли фанларни ўқиб, имтиҳонлардан ўтгандан кейингина танланади. Албатта, илмий ишнинг умумий ғояси аввалдан бўлгани яхши. Ўзимда ҳам бир қанча ғоялар мавжуд. Лекин, келажакда бутунлай ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Умумий қилиб айтганда эса, Ўзбекистоннинг сиёсий-иқтисодиётига алоқадор бўладиган ва амалий аҳамиятга эга актуал мавзу танлашни истайман.

— Сизда сиёсатшунослик таълими бўйича Ўзбекистондаги камчиликлар ва уларни бартараф қилиш юзасидан таклифлар борми?

Сиёсатшунослик таълими бўйича юртимизда ижобий ўзгаришлар бор. Аммо муаммолар ҳам етарли. Масалан, ўзим ўқиган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таълим жараёнида асосан халқаро муносабатлар ва дипломатияга кўпроқ эътибор қаратиларди. Аслида эса, сиёсатшунослик соҳа сифатида жуда кенг. Ички сиёсатдаги муаммоларни ўрганиш ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади. Ташқи сиёсат бўйича юртимиздаги олимлар ёзган мақолаларни кўплаб учратиш мумкиндир, бироқ айнан ички сиёсат бўйича илмий ишлар нисбатан камроқ назаримда. Ҳаттоки, менга хорижий тадқиқотчилар томонидан ички сиёсат ҳақида ёзилган материаллар кўпроқдек туйилади.

Одатда, илмий иш учун манба ва маълумот жуда муҳим. Юртимизда давлат идоралари аста-секин очиқроқ бўлиб борар экан, ички сиёсат тўғрисидаги илмий ишларнинг кўпайишига ва кенг оммага тақдим этилишига умид билдираман.

Шунингдек, сиёсатшуносликда давлат бошқарувининг бўлиниш тамойиллари мавжуд. Конституциямиз ҳам шу тамойилга асосланган. Парламент қонун чиқаради, ижро ҳокимияти унинг ижроси билан шуғулланади ва суд тизими қонунларни шарҳлаб, адолатни таъминлайди. Ўзбекистонда мазкур тамойил амалиётда тўла ишлашини хоҳлаб қолардим. Чунки қонун устуворлиги тараққиёт мезони эканлиги саноқсиз илмий ишларда иботланган. Бир сўз билан айтганда, ривожланишнинг ягона йўли шу.

Икромжон Тўхтасинов.

— Ўзбекистонда АҚШнинг қандай тажрибаларини қўллаш яхши самара беради?

Бу саволга жавоб бериш бироз қийин. Чунки бир томондан Ўзбекистон ва АҚШ бошқа-бошқа минтақаларда жойлашган. Урф-одат, маданият, халқларимиз ўртасидаги дунёқарашлар ҳам турлича. Шунинг учун АҚШда муваффақият қозонган қандайдир ғоя Ўзбекистонда ҳам аниқ ютуқ олиб келади, деб бўлмайди. Лекин, умумий қилиб айтганда, АҚШнинг узоқ йиллик тарихига назар солиб, демократия, эркинлик, инсон ҳуқуқлари ва очиқлик сиёсати мамлакат ривожланишида муҳим омил бўлган, деб айта оламан. Бу элементар назариядек туйилиши мумкин. Аммо аслини олганда энг фундаментал ғоялар айнан шулардир.

— Сўнгги вақтлар лексиконимизда пайдо бўлган «Янги Ўзбекистон»нинг келажагини қандай тасаввур қиласиз?

Очиғи, чет элда ва айниқса ривожланган давлатда турволиб баландпарвоз гапларни айтишни хоҳламасдим. Бироқ, сиёсатшунос тадқиқотчи сифатида юртимиздаги мавжуд муаммоларни тан оламан ва қисқа вақтда эришилган ютуқларни эса олқишлайман. Муҳими, ислоҳотлар учун устувор йўналишлар белгилаб олинди. Энди уларни амалга ошириш учун бузиб бўлмас тамойилларни ҳам белгилаб олинса яхши бўларди. Чунки, кўплаб қабул қилинаётган қарорлар ижроси маҳаллий даражага тушганида оқсаб қоляпти. Шундай экан, эътиборни қилинган ишларга эмас, қилиниши лозим бўлган масалаларга қаратиш зарур.

Аслида Ўзбекистон яшаш учун бебаҳо маскан, келажагимни Ўзбекистондан узоқда тасаввур қилолмайман. Аммо мен тасаввур қиладиган «Янги Ўзбекистон» муаммолардан холи, афзалликлари фақат ўзбекистонликлар учун шунчаки она ватан сифатида эмас, ҳар қандай инсонга қулай яшаш жойи сифатида шаклланган давлат бўлиши керак.

— Бўш вақтларингизда нималар билан машғул бўласиз?

Бу ерда вақт жуда тез ўтади. Магистратурада ўқиш пайти бўш вақтим деярли бўлмас эди. Агар бўш вақт бўлиб қолса, сайр қилишни ёқтирардим. Одамлар билан суҳбатда бўлиш ҳам завқ бағишларди. Футбол ўйнаш эса ҳам жисмонан, ҳам маънан ёрдам берарди. Коронавирус пандемияси туфайли буларнинг кўпи йўқ бўлди. Шу сабаб, уйда ўтирганда ўзимни фойдали ишлар билан банд қилишга ҳаракат қиляпман. Асосан мутахассислигимга оид илмий мақолаларни ва таҳлилий материалларни ўқияпман. Ундан ташқари, халқаро муносабатлар, иқтисод ва бадиий асарлар ўқиш ҳам кундалик иш-режамга киритилган.

Бу борада бир одатим бор. Бир китобни тугатиб иккинчисини бошлаб эмас, балки бир вақтнинг ўзида бир нечта китобларни мутолаа қилишни яхши кўраман. Масалан, автомобилимдан ўқийдиган, ухлашдан олдин ва консентрациям тўла бўлганда ўқийдиган китобларим мавжуд. Шу сабабдан бир қанча китобларни бирдан бошлаб қўяман.

— Келгусидаги режаларингиз қандай?

Мақсадим илмий соҳа билан боғлиқ. Умид қиламанки, илмий ишлар ва ғоялар орқали жамиятга фойдаси тегадиган мутахассис бўламан.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг