Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шерзод Шерматов Президент мактаблари қайси фанларга ихтисослашишини айтди

Шерзод Шерматов Президент мактаблари қайси фанларга ихтисослашишини айтди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида Президент мактаблари ташкил этилиши ҳақида хабар берган эдик.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълум қилишича, вазир Шерзод Шерматов соҳа мутасаддиларига мактабни ташкил этиш бўйича топшириқлар берган.

Вазирнинг айтишича, Президент ташаббусига кўра биринчи мактаб Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида ташкил этилади. Президент мактаблари босқичма-босқич мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам очилади.

«Президент мактабларининг асосий мақсади мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг ривожланишига керакли шароитлар яратишдир», — деди халқ таълими вазири.

Вазирнинг айтишича, Президент мактаблари STEAM (Science (фан), Technology (технология), Engineering (муҳандислик), Art (санъат) ва Mathematics (математика) фанларини ўқитишга ихтисослашган бўлади.

Яъни, Президент мактабларида ёшларга математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади.

«Президент мактабларида ўқувчиларни танлаш ва таълим сифатини таъминлаш учун уларни хорижлик мутахассислар бошқарадилар. Шу билан бирга, мактабга малакали хорижлик ҳамда маҳаллий педагоглар жалб этиладилар ва уларнинг фаолиятига керакли шарт-шароитлар яратилади», — деди Шерматов.

Вазирнинг қайд этишича, ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан Президент мактаблари фаолияти ва ўқувчиларни қабул қилиш масалаларини тартибга солувчи керакли меъёрий ҳужжатларни тайёрлаш бўйича ишлар бошланди. Бу ҳужжатлар ўқувчиларга қўйиладиган талаблар ва қабул қилиш жараёнини белгилаб беради.

«Фурсатдан фойдаланиб, мен хорижлик мутахассислар ва хорижда ишлаётган юртдошларимизни ушбу лойиҳада иштирок этишга ва Ўзбекистон таълим тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшишга чақираман. Мутахассислардан ўз резюмеларини ва таклифларини [email protected] электрон почтасига юборишларини сўрайман», —  деган вазир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг