Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сармоя киритиш керак бўлган энг муҳим соҳа қайси? Халқаро экспертларнинг фикрича...

Сармоя киритиш керак бўлган энг муҳим соҳа қайси? Халқаро экспертларнинг фикрича...

Бугун, 19 ноябр куни Тошкент шаҳрида жойлашган «Wyndham» меҳмонхонасида «Боланинг ҳар томонлама ривожланишини таъминлашда инновацион таълим муҳитининг ўрни» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим соҳасида инновацион таълим муҳитини тадқиқ ва татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Инновацион таълим муҳити шароитида эса шахснинг очилмаган қобилиятлари намоён бўлади. Бу ерда иккита муҳим жараён, яъни бола шахсиятининг шаклланиши ва тараққий этиши, ҳамда педагогларни инновацион ёндашув асосида фаолият юритишга рағбатлантириш рўй беради.

«Рақобатбардош мактабгача таълим тизимини яратиш учун унга янгича бошқарув тамойилларини киритиш лозим. Яъни, бунда ахборот, кадрлар, бошқарув ва молиявий ресурсларининг интеграциялашуви ва ҳамкорлигига асосланган тамойилларни жорий этиш талаб этилади. Мактабгача таълим соҳасидаги ўқув муҳитини яратиш ва шакллантиришнинг самарали механизмларини жорий етиш нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини яхшилаш ва соғлом рақобат муҳитини тезроқ шакллантиришга ёрдам беради», — деди Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Анжуманда инновацион таълим муҳити доирасидаги лойиҳаларни амалга оширувчи халқаро экспертлар сўзга чиқдилар.

Сўзга чиққанлар орасида таълим натижаларини яхшилаш ва болаларни актив фаолиятга жалб қилиш мақсадида оптимал ўқув муҳитини ва ундан фойдаланиш усулларини яратиш борасидаги тадқиқотлар билан шуғулланаётган Солфорд университетининг фахрий профессори, Оксфорд университетининг фахрий илмий ходими проф. Питер Барретт бўлди. Тадқиқотлар давомида у илк бўлиб, «ақлли синф хоналари»нинг таълим самарадорлигига ва сифатига таъсир этишини сўзлаб берди, бу борада у уч асосий тушунчани: ҳиссиёт, ақл ва муҳитни ажратиб кўрсатди.

«Ўзбекистоннинг ҳар бир учинчи фуқароси бола ҳисобланади ва кейинги 20 йил ичида улар мамлакатнинг энг катта ишчи кучига айланадилар. Мамлакат ўз демографик имкониятларидан фойдалана олиши учун бор имкониятларини ишга солиб, ҳозирданоқ ёш болалар билимини ошириш учун инвестиция киритиши лозим. Халқаро тажриба шуни қўрсатмоқдаки, ёш болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун керакли шарт-шароитлар яратиш, мамлакатнинг узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожланишига киритлган оқилона сармоя сифатида хизмат қилмоқда», — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн.

«Ҳукумат 2021 йилга келиб 6-7 ёшдаги болаларнинг 100 фоизини мактабгача таълим билан таъминлашни режалаштирган. Бу юқори ва шу билан бирга тўлиқ амалга оширилиши мумкин бўлган мақсаддир. Жаҳон банки ўзининг глобал тажрибаси ва молиявий ресурсларидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон мактабгача таълим соҳасини ислоҳ қилишда саъй-ҳаракатларини аямаслигини билдиради. Хусусан, 2019 йилда Жаҳон банки болаларга сифатли таълим хизматларини кўрсатишни таъминлаш ва мактабгача таълим тизимини такомиллаштиришга, жумладан, қишлоқ ва шаҳарларда тълим олиш шароитларини яхшилашга қаратилган лойиҳа учун 55 миллион АҚШ доллари ажратади», — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори.

Анжуманда 400 нафардан ортиқ киши мунозаралар ва панелли муҳокамаларда иштирок этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг