Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рус тилини билмайдиган болани рус синфларига бериш керакми?

Рус тилини билмайдиган болани рус синфларига бериш керакми?

2019-2020 ўқув йилига тайёргарлик кўриш мақсадида ота-оналар фарзандларини мактабга жойлаштириш учун ҳаракатларни бошлаб юборишган. Аксарият ота-оналар 6-6,5 ёшдаги фарзандларини 1-синфга бермоқда.

Аслида мактабга болалар нечанчи синфдан чиқишлари лозим? Бола мактабда таҳсил олишга тайёрми? Ота-оналар бу каби саволларни аввало ўзларига беришлари лозим.

Мактабга болани 6 ёшдан бериш керакми ёки 7 ёшдан берган яхшими?

Психолог ва педагогларнинг фикрларига кўра, 6 ёшли боланинг мактабда таълим олиши бир оз эрта.

Чилонзор тумани 217-мактаб психологи Санжар Аблакулов сўзларига кўра, тиббий жиҳатдан соғлом болада мактабга ижтимоий психологик тайёрлик даражаси, диққати, кўриш қобилияти, мантиқий тафаккури, кичик қўл моторикаси, хотираси, математик ва фазовий тасаввурлари, оғзаки нутқи, илк ўқув мотивлари шаклланган бўлиши керак. Шунингдек, шакл, элемент, ёзувларни худди ўзидай қилиб кўчиришни билиши, ўқиб берилган 10-12 та сўзни эсда сақлаб такрорлаши, расм асосида мантиқий ҳикоя туза олиши, предметларни кўп ё озлиги, сонларнинг катта-кичиклигини, предметларни гуруҳлаштириш, умумлаштириш, таққослашни ҳамда қисмлардан бутун ясашни билиши керак.

«Агар бола берилган расм асосида мантиқли ҳикоя туза олмаса, ўқиб берилган сўзларни эсида сақлаб қолмаса ва бошқа шу кабиларга тайёр бўлмаса, бу боланинг мактабга чиққан пайтида ўқиш ва ёзишни яхши ўзлаштира олмаслигига, ақлий ишчанлигининг пасайишига, ўқитувчи томонидан берилган топшириқларни бажаришда қийналишига олиб келади. Бунинг натижасида болада стресс, тажовузкорлик, инжиқлик, уйқусизлик, иштаҳанинг йўқолиши, жисмоний ривожланишдаги камчиликлар, бўй ўсишининг орқада қолиши, камқонлик каби ҳолатлар кузатилиб, бола соғлиғининг ёмонлашишига, ҳаттоки мактабга мослашолмаслигига олиб келади», - деди у.

Қашқадарё вилоятидан Б.Ҳайдарованинг таъкидлашича, мактабнинг ўзига яраша тартиб қоидалари, таълим талаблари мавжуд бўлиб, мактабга қабул қилинган 6, 7 ёшли болалар бу талабларга бир хил амал қилади. Ўқув фаолиятини яхши натижалар билан ўзлаштириши, ақлий ишчанлик, тенгдошлари билан мулоқотга киришиши, мактаб тартиб-қоидаларига амал қилиш каби ҳолатларга бола руҳияти тайёр бўлиши керак.

1-синфга бориш бола ҳаётининг энг муҳим даврларидан биридир. Илк ўқув кунларида ўқувчиларнинг кўпчилигида стресс ҳолатлари юзага келиб, бу даврда руҳий кечинмалар устунлик қилади. Бу руҳий кечинмаларни енгиш боладан кучли ирода (ўзига бўлган ишонч, қатъиятлилик, юксак мақсад в.ҳ.)ни талаб қилади. Юқоридаги жараёнлар болада етарли даражада ривожланмаган бўлса, бу бола руҳияти ва соғлиғига таъсир қилиб, салбий оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади, - дея қўшимча қилди у.

Шу ўринда савол туғилади: шошилиб, болани стресс ҳолатига тушириш ва психологиясига ножўя таъсир ўтказиб, 6 ёшдан мактабга бериш керакми? Бу ҳақда ота-оналар ўйлаб кўришса мақсадга мувофиқ бўлади.

Болалар мактабга тайёрми?

Бундан ташқари, ота-оналар ҳозир ўз фарзандларини яхши таълим олсин деган ниятда, болалари рус тилини билмаса ҳам, таълим рус тилида олиб бориладиган синфларга беришмоқда. Аммо улар фарзандлари бунга тайёрми ёки йўқлигини ўйлаб кўришмаяпти.

Ҳозирги кунда кўп ҳолларда рус тилини билмайдиган болаларни рус синфларига ўқишга беришмоқда. Устига устак ота-оналарнинг ўзлари ҳам рус тилида сўзлаша олмайдилар.

107-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси Н. Анненкова сўзларига кўра, натижада бундай ўқувчилар дарсда берилган маълумотларни ўзлаштиришга қийналади. Ўқитувчилар бундай ўқувчиларга мавзуни тушунтириш учун дарсда қўшимча вақт кетказади ва бу бутун синфнинг белгиланган дастурдан ортда қолишига сабаб бўлмоқда.

Анненкованинг айтишича, рус синфида таълим олаётган ўқувчилар атрофида ота-оналари, қариндошлари ва дўстлари рус тилида муомала қилишлари керак. Ҳозирда эса рус синфида таҳсил олаётган ўқувчиларимиз ўзбек тилида дўстлари билан суҳбатлашади. Бу ўқувчилар бир аммалаб, дастурни ўзлаштиришлари мумкин, аммо бу уларнинг сўз бойликлари камлигига олиб келади.

Узоқда жойлашган мактабларга болани бериш шартми?

Мактаб таълим тизимида микроҳудуд деган тушунча мавжуд. Яъни, ўқувчилар ўзлари яшаётган турар жойларидаги мактабда таҳсил олишлари керак. Лекин ота-оналар фарзандим яхши билим олсин, баъзида «обрў» (престиж) орқасидан қувиб, номи чиққан таълим муассасаларига болаларини ўқишга жойлайди. Бу жараёнда кўп ҳолларда коррупция аломатлари ҳам учраб туради.

- Бошланғич синфлар асосан биринчи навбат (смена)да таҳсил олади ва улар эрта уйғонишлари керак. Маълум бир масофани босиб, микроҳудуд ташқарисида бўлган таълим муассасаларига боришлари керак. Улар автомобилда мактабга борсалар ҳам, биринчи дарсга киргунларига қадар чарчаб қолишади. Дарсдан кейин уйга қайтиши керак, бу ҳам болада чарчоқни кучайтиради, - дейди психолог Любовь Малашенко.

Чарчоқ йиғилиб боради ва бола асабий, қўрс ва қулоқсиз бўлишига олиб келади. Унда мактабга боришга, дарс қилишга қизиқиш камайиб, диққати тушиб боради, деди у.

Албатта, барчамиз фарзандларимизнинг билимли ва муваффақиятли бўлишини истаймиз. Лекин юқорида қайд этилган фактлар болаларнинг соғлиғининг ёмонлашиши, диққати сусайиши ва билим олишга қизиқиши камайишига таъсир этишини, фарзандларимизни таълим муассассасига жойлаштиришда ҳисобга олишингизни сўраймиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг