Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент мактабларига қабул қачон бошланиши маълум бўлди

Президент мактабларига қабул қачон бошланиши маълум бўлди

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Жорий йилнинг 1-22 июнь кунлари Тошкент, Наманган, Нукус ва Хивадаги Президент мактабларида ҳужжатларни қабул жараёни бўлиб ўтади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги  маълум қилди.

Президент мактаблари президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20 февралдаги «Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарорига асосан ташкил этилиб, мамлакатимизда иқтидорли ёшларни ўқитиш тизимини яратиш ҳамда келгусида уларда раҳбарлик ва етакчилик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

Биринчи Президент мактаблари 2019-2020 ўқув йилида Тошкент, Наманган, Нукус ва Хивада ишга туширилади. Дастлаб, Президент мактабларини чекланган миқдорда ташкил этилиши мазкур муассасаларни бошқаришнинг бутунлай янги моделини синовдан ўтказиш билан боғлиқдир. Ушбу синов муваффақиятли ўтгандан сўнг, керакли хулосаларни олиб 2020-2021 йилларда Президент мактаблари республикамизнинг бошқа барча вилоятларида ташкил этилади. Шу билан бирга, мактабларни бошқаришда Кембриж дастурининг ижобий тажрибаси ва уни амалга ошириш имкониятларини ўрганадиган маҳаллий экспертлар гуруҳи тузилади. Бир сўз билан айтганда, Президент мактаблари юртимизда таълим сифатини оширувчи локомотив шакллантирилади.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг айтишича, Халқ таълими вазирлиги Президент мактабига номзодларни саралашда барчага тенг шароит яратиш учун ҳаракат қилмоқда. Кембриж Университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон Кенгаши Президент мактаблари учун танлов жараёнини назорат қилади. Мазкур ташкилот бутун дунёда ўтказадиган имтиҳонлари жараёнида адолат ва шаффофликни таъминлайди. Албатта, барча ота-оналар фарзандларини Президент мактабларида билим олишини хоҳлашади. Лекин энг истеъдодли ўқувчиларгина бундай имкониятга эга бўлишади. Cambridge Assessment International Education мутахассислари боланинг ота-онаси ёки уларнинг моддий имконияти ҳақида маълумотларга эга бўлмайди. Инглиз компанияси учун ўғил-қизлар истеъдоди, танқидий ва мантиқий фикрлаш даражаси баҳолашнинг асосий мезон ҳисобланади.

Номзодларга қўйилган талаблар:

Президент мактабларига ҳужжатлар 2019 йилнинг 1 июнидан 22 июнигача топширилади. Жорий йилда Наманган, Нукус, Хива ва Тошкентдаги Президент мактабларига ўқувчилар 5-10-синфларига, келгуси йиллардан бошлаб эса 5-синфга қабул қилинади.

Номзодлар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, 2018-2019 ўқув йилидаги табелининг асл нусхаси ва нусхаси ҳамда таълим олаётган мактабидан белгиланган шаклдаги маълумотномани тақдим этиши керак.

Аризачилар ичидан энг мақбулини саралаш ва аризачилар сонини мақбуллаштириш мақсадида ҳужжат топшириш учун STEM йўналиши бўйича фанлардан аъло баҳо олиш талаби жорий эътилади. Яъни, 4-синф битирувчилари математика ва табиатшунослик каби фанлардан баҳолари 5 «аъло» бўлиши керак. Шунингдек, 5-синф битирувчилари математика фанига қўшимча тарзда биология ҳамда информатика ва ахборот технологиялари, шу билан бирга 6-синф битирувчилари ҳам математика фанига қўшимча биология, информатика ва ахборот технологиялари, физика фанларидан баҳолари аъло бўлиши талаб этилади.

7-9-синфларни битирган ўқувчилар алгебра, геометрия, информатика ва ахборот технологиялари, физика, кимё ва биология фанлари бўйича баҳолари 5 «аъло» бўлсагина ҳужжат топшириши мумкин.

Ҳужжатларни топшириш фақат ариза берувчининг таҳсил олаётган ҳудуди бўйича амалга оширилади. Аризачи ўқиётган мактабнинг ҳудудий жойлашуви Президент мактаби очилаётган ҳудудга мос келиши керак. Бошқа вилоятлар мактабларида таҳсил олаётган ўқувчилар 2020-2021 йилларда республикамизнинг бошқа вилоятларида ташкил этиладиган Президент мактабларига ҳужжат топшириши мумкин.

Ҳужжатлар қандай топширилади?

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида номзодлар Президент мактабларининг pm.xtv.uz. расмий сайтига ҳужжат топширишлари мумкин. Онлайн қабул 21 июнь куни соат 24: 00да якунланади. Бунинг учун ҳеч қаерга боришнинг ҳожати йўқ.

Бундан ташқари, интернетдан фойдаланиш имконияти йўқ ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент, Наманган, Нукус ва Хивадаги қабул марказларида ҳам ҳужжатлар қабул қилинади. Ҳужжатларни қабул қилиш жараёни 22 июнь куни соат 17:00 да якунланади. 17:00 дан бошлаб ҳужжатлар қабул қилинмайди ва кўриб чиқилмайди.

Эслатиб ўтамиз, ишончсиз маълумотлар тақдим этган номзод танловнинг исталган босқичида имтиҳондан четлаштирилиши мумкин.

Президент мактабларида имтиҳон ўтказиш тартиби:

Имтиҳон жараёнлари Наманган, Нукус, Хива ва Тошкентдаги Президент мактабларида номзодлар сонига кўра бир неча босқичда ўтказилиши мумкин. Агар ариза берувчилар сони бир ўрин учун 20 кишидан ошса, дастлабки имтиҳонлар математика фани бўйича ўтказилади. Мазкур жараёнда математика фанидан берилган 20 та тестни ечишга бир соат вақт ажратилади.

Номзодлар имтиҳоннинг асосий босқичида талабгорлар сони бир ўринга 20 нафардан ошмаган ҳолда иштирок этади.

Имтиҳонларнинг асосий босқичи ахборотни таҳлил қилиш ва солиштириш қобилиятини аниқлаш бўйича (16 та масала), мантиқ элементлари бўлган математика фанидан (24 та масала) ҳамда инглиз тили (55 та тест саволи) фанларидан иборат бўлади. Ўқувчилар тўплаган балларнинг асосий қисми (80 фоизи)ни танқидий фикрлаш ва мантиқий билимни талаб этувчи топшириқларни бажариш орқали йиғишлари мумкин. Балларнинг фақат 20 фоизигина инглиз тили фанига тўғри келади. Шу боис номзодлар инглиз тилидан мукаммал тайёргарликка эга бўлмай, танқидий ва мантиқий фикрлаш қобилияти яхши ривожланган бўлса ҳам, уларнинг Президент мактабларига қабул қилиниш эҳтимоли юқорилигича қолади. Номзодлар истагига кўра ушбу йўналишдаги имтиҳон саволлари инглиз тилида эмас, давлат тилида берилиши мумкин.

Юқори синф ўқувчилари учун инглиз тилининг аҳамияти қарийб 40 фоиздан зиёд бўлиши кутилмоқда. Сабаби улар келгусида хорижлик ўқитувчилар ўтадиган STEAM-фанларни ўрганиш учун етарли салоҳиятга эга бўлишлари зарур. Ўқувчи хоҳишига кўра танқидий фикрлаш ва мантиқ бўйича имтиҳонларни инглиз тилида ҳам топширилиши мумкин.

Агар талабгорлар бир хил миқдорда балл йиғса қабул комиссияси номзодлар билан суҳбат ўтказади. Суҳбатда ўқувчининг ота-онаси (қонуний вакиллари), зарур ҳолларда эса, психолог ҳамда тиббиёт ходимлари ҳам иштирок этиши мумкин. Мазкур жараёнда аудио ва видеотасвирга олишга рухсат берилади.

Cambridge Assessment International Education қарорига кўра, номзодлар ва уларнинг ота-оналари имтиҳон натижалари юзасидан апелляцияга бериш ҳамда имтиҳон ишларини текшириш ҳуқуқига эга эмас.

Ўқув жараёни:

Президент мактаблари интернат сифатида фаолият юритади. Яъни, ўқувчиларга ҳафтанинг 5 куни мобайнида мактабда ўқиш ва яшаш имкони берилади. Дам олиш кунлари ота-оналар фарзандларини уйга олиб кетишлари мумкин.

Президент мактаблари ўқувчилари бепул овқат ва мактаб формаси билан таъминланади.

Президент мактабларидаги ўқитиш жараёни «STEAM — таълим» (Science — табиий фанлар, Technology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) дастури бўйича амалга оширилади. Бу эса баркамол авлоднинг фикрлаш қобилиятини, иродаси, ижодий салоҳияти ва киришувчанлигини янада ривожлантириш имконини беради. Мазкур йўналишдаги дарслар инглиз тилида ўтилади.

Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун Президент мактабларида ўзбек тилида чуқурлаштирилган ҳолда олиб бориладиган она тили ва адабиёт, тарих ва бошқа фанларга ҳам алоҳида аҳамият қаратилади.

Айни пайтда Президент мактаблари учун маҳаллий ва хорижий мутахассисларни танлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда (www.pm.xtv.uz).

Президент мактабида таълим жараёни 9-11-синф ўқувчиларининг қизиқишларига кўра ташкил этилади.

Президент мактаблари битирувчиларига белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг