Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пандемия даврида масофадан дарс бераётган ўқитувчига 7 тавсия

Пандемия даврида масофадан дарс бераётган ўқитувчига 7 тавсия

Фото: Medium

ЮНEСКО маълумотларига кўра, COVID-19 пандемияси туфайли дунё бўйлаб 188 мамлакатда 1,7 миллиард ўқувчи мактаб таълимидан узилиб қолган. Улар орасида Ўзбекистоннинг 6 миллиондан зиёд ўқувчилари ҳам бор. Мамлакат тақдири ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти билан боғлиқ. Ўзбекистон ҳукумати таълим соҳасида зудлик билан амалга оширган чора-тадбирлари қисқа муддатда маҳсулини берди — ўқувчилар таълимга қайтишди, бир оз бошқача, лекин ўзига хос мактаб — «онлайн мактаб»!

Коронавирус фалокатининг олд чизиғида биз биринчи навбатда тиббиёт ходимларини тасаввур қилсак, унинг оқибатларини бартараф қилиш жараёнида кўп минг сонли устоз-мураббийларнинг фаол иштирокини ҳис қилиш мумкин. Кечагина кўз-кўзга тушиб ўтилган дарсларнинг тўсатдан рақамли платформага кўчгани ўқитувчилар учун ҳам катта синов бўлди. Устозлар саъй-ҳаракатлари билан кундалик.уз, ижтимоий тармоқлар, видео порталларда таълимга оид янги канал ва гуруҳлар пайдо бўлди.

Онлайн дарс — бу янгича услуб ва анъанавий дарсдан тубдан фарқ қилади. Демак, ҳар бир ўқитувчи энди синфхонадаги ёндашувларни қисман унутиб, виртуал синфхоналарга мослашиши керак. Бунинг ҳам ўзига яраша талаб ва шартлари бор. Ахборот-коммуникация технологияларидан ўқувчиларга таълим беришда самарали фойдаланишга оид қуйидаги тавсиялар устозлар учун қўл келади.

Баҳолашга эмас, рағбатлантиришга диққат қилинг
Ўқувчи баҳонинг ўрнига ўқитувчисидан муносабат олса тезроқ ўрганади. Ўқувчингиз юборган ишда хатолик бўлса, паст баҳо қўйишга шошилманг. Болани ҳам тушунинг — ҳозир сизнинг ҳолатингиз қандай бўлса, уйда дарс тайёрлаётган ўқувчининг руҳияти ҳам шу қадар таъсирчан. Шунинг учун, ўқувчи виртуал таълимга мослашиб олгунича унга руҳан далда бўлинг. Аввалига кўпроқ муносабат билдиринг, фикрларингизни жўнатинг, руҳлантиринг.

Талабчанлик эмас, меҳр билан ўқитинг
Болалар ҳозир ҳиссий суянчга муҳтож. Улар учун устозларининг қўллаб-қувватлаши — айни пайтда жуда керак. Ўқувчилар «Соғ-омонмисан, болам?», «Ҳаммаси яхши бўлади, қизим!», «Тозаликка риоя қил, ўғлим», «Китоб ўқинглар» ёки «Кўчага чиқаман», деб хархаша қилманглар, болаларим!» деган сўзларни устозларидан эшитсалар, бу уларга ҳам, оиладаги муҳитга ҳам ижобий таъсир қилади. Устоз билан яқин муносабат ўқувчини ўқиб-ўрганишга илҳомлантиради. Ўқувчиларга ҳозирги вазиятда меҳр беринг.

Дарс таркибини режа қилинг
Агар видео конференция тизими ёки ижтимоий тармоқ орқали ўқувчилар билан виртуал дарслар ташкил қилаётган бўлсангиз, дарснинг 15-20 дақиқа давом этиши мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, ихчамгина тақдимот ҳам тайёрланг.

Тақдимотда дарс таркибини қуйидагича ишлаб чиқинг:

Кириш қисми — бугун ўтишни режалаштирган мавзу ва тушунчалар;
Асосий қисм — мавзунинг муҳимлиги ва ҳаётда нима бериши, мавзу;
Машғулот — болаларни ҳам жараёнга жалб қилинг;
Мисоллар — ўтилган мавзу асосида болалар тасаввур қила оладиган мисоллардан келтиринг;
Хулоса — дарс давомида ўрганилган билимларни бирма-бир санаб беринг.

Тақдимот тайёрлашда нималарга эътибор бериш керак?

Тақдимотда мавзуни:

- асосий тушунчалар билан ёритинг;
- гаплар ва фикрлар имкон қадар қисқа, тушунарли бўлсин;
- янги тушунча ва фикрларни рангларда, суратлар билан ажратиб беринг;
- тақдимотни дарсликдан олинган суратлар ва узун матнлар билан тўлдиришдан қочинг;

Боланинг диққатини жалб қилиш — бош мақсад бўлсин. Тақдимотни болаларнинг ота-оналарига ташлаб беринг ёки видео конференция жараёнида экран орқали намойиш қилинг.

Диққатни болаларни зериктирмаликка қаратинг

Ҳозирча топшириқларнинг ҳажми эмас, ўқувчининг ҳолати муҳим. Энди синфхонадагидек салмоқли топшириқ ҳамда вазифаларни берманг. Сиз учун мақсад ўқувчининг вазифаларни қанчалик қойилмақом уддалагани эмас, жараёндаги фаол иштироки бўлсин.

Ўзлаштириши паст болаларни алоҳида назоратга олинг

Ҳамманинг имконияти тенг эмас. Бундай болалар билан алоҳида ишласангиз, катта ёрдам бўлади. Вазифа беришдан аввал бу болаларнинг имкониятини ҳам ҳисобга олинг. Уларнинг ота-оналари билан алоқани узманг. Пандемия синфхонасида фаол бўлган ўқувчиларнинг ҳам ўзлаштиришига салбий таъсир қилиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, ҳар бир ўқувчининг ўзлаштириш кўрсаткичларини ён дафтарингизга ёзиб боринг.

Интернет ресурлардан фаол фойдаланинг ва тавсия қилинг

Бугунги кунда кўп мавзуларни интернет тармоғида ўзбек тилида ҳам топиш мумкин. Ўзбек тилидаги eduportal.uz, xanakademiyasi.uz, ziyonet.uz, edumarket.uz платформалари қулай ресурслар ҳисобланади. Ўқувчиларга мавзулар бўйича зарур ресурсларни тавсия қилинг. Интернет орқали кўплаб халқаро бепул таълим ресурсларини топиш мумкин.

Янги имкониятлардан фойдаланиш ва ёндашувни ўзгартириб хато қилишдан қўрқманг. Хато қиляпсизми, демак — ўзгаришга ҳаракат қиляпсиз. Муҳими — ўқувчиларга ёрдам беришга уринмоқдасиз. Бу — профессионаллик, фидойилик ва тажриба белгисидир.

Ҳозирги вазият барча соҳалар каби мактаб таълими тизимини ҳам синовдан ўтказмоқда. Сиз ва биз каби ўқитувчилар бундай вазиятда Халқ таълими вазирлигининг ташаббусларига лаббай деб жавоб берсак, ўқувчиларимиз таълимда узилмайдилар, охир-оқибат жамиятда устоз-мураббийларнинг мавқеи янада мустаҳкам бўлади.

Моҳира Комилова,
Олмазор тумани 315-сонли умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг