Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда чет элда ўқиш ва ишлашни истовчилар учун муҳим тадбир ўтказилмоқда

Тошкентда чет элда ўқиш ва ишлашни истовчилар учун муҳим тадбир ўтказилмоқда

Фото: Ёшлар медиа маркази

28-30 март кунлари «Ёшлар ижод саройи»да «Таълим ва мутахассислик» XX халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Кўргазма таълим ва бандлик йўналишларида ташкил этилиб, унда АҚШ, Хитой, Франция, Ҳиндистон, Япония, Германия, Латвия, Чехия, Полша, Англия, Малайзия, Венгрия, Испания, Россия, Канада, Швейцария, Сингапур каби давлатлардаги 70 га яқин нуфузли олий ўқув юртлари ва уларнинг Ўзбекистондаги филиаллари, 40 дан ортиқ Ўзбекистонда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари, 40 дан ортиқ хорижда таълим олишга кўмаклашувчи ташкилотлар, нодавлат таълим муассасалари ҳамда ўқув курслари иштирок этмоқда.

Фото: Ёшлар медиа маркази

Американинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати бошлиғи  Сюзанна Вуд, Латвиянинг Ўзбекистондаги  элчихонаси биринчи котиби Жидра Лиепина, Ўзбекистонда Британия Кенгаши директори Рейчел Айленд кўргазманинг аҳамияти ва унда ёшларнинг иштироки ҳақида сўз юритди.

—Ҳозирда 570 нафар ўзбекистонлик талаба АҚШда таҳсил олмоқда. Биз уларнинг сафини янада кенгайтирмоқчимиз. Чунки дунёнинг бир қатор нуфузли олий таълим муассасалари айнан Америкада жойлашган. Шу сабабли, ўзбекистонлик талабаларда  бизнинг мамлакатда ўқиш иштиёқи баланд,   – дейди Американинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати бошлиғи  Сюзанна Вуд. — Ўзбекистондан ўқишга бораётган талабалар асосан, бизнес, муҳандислик ва технологиялар бўйича таҳсил олишади. Магистратура йўналишида ўқимоқчи бўлганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Фото: Ёшлар медиа маркази

Тадбир доирасида бандликка кўмаклашувчи марказлар, йирик компаниялар иштирокида «Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси» ташкил этилиб, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ҳам қатнашди.

Биринчи кунданоқ кўргазмага 3 минг нафардан ортиқ ёшлар ташриф буюрди.

Шаҳноза Нуруллаева

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг