Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда илк бор АҚШда таълим бўйича йирик кўргазма ўтказилди (фото)

Ўзбекистонда илк бор АҚШда таълим бўйича йирик кўргазма ўтказилди (фото)

Фото:«Xabar.uz»

16 октябрь куни Тошкентдаги «Миран» меҳмонхонасида «Education USA» таълим кўргазмаси ташкил этилди. Тадбир давомида Қўшма Штатларнинг 16 та коллеж ва университети вакиллари ўзбекистонлик ёшларга океан ортида ўқиш имкониятлари хусусида маълумот бердилар.

Кўргазмани АҚШнинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм кириш сўзи билан очди.

Фото:«Xabar.uz»

Дипломат «Education USA» кўргазмаси Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётганини мамнуният ила қайд этди.

«АҚШ ва Ўзбекистонни боғловчи муштарак ришталар талайгина. Жумладан, ҳар икки мамлакат таълимнинг жамият тараққиётидаги ўрнига юксак баҳо беради. Дарҳақиқат, таълим ривожига сарфланган сармоя ёруғ келажак учун сарфланган сармоя демакдир. Миллат келажаги учун ёшлар таълим-тарбиясидан кўра муҳимроқ омил йўқ», – деди элчи Дэниел Розенблюм.

Дипломатга кўра, Ўзбекистон раҳбарияти барча соҳалар қатори таълим жабҳасида ҳам катта ислоҳотларга бел боғлади ва бу борада Қўшма Штатлар кўмакка тайёрдир. Мазкур истакнинг амалий исботи ўлароқ АҚШ таълим бўйича дастурларни янада кенгайтирмоқда. Икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида янги ҳамкорлик лойиҳалари йўлга қўйилмоқда.

Элчи жорий йил 28 сентябрь куни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим тараққиётига кўмаклашиш бўйича муҳим келишув имзоланганини алоҳида қайд этди.  Келишувга кўра, АҚШ ҳукумати келгуси беш йил давомида мамлакатимиз таълим тизимини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар маблағ ажратади.

Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»

«Мен АҚШ элчиси сифатида халқларимиз ўртасидаги робиталарни янада мустаҳкамлаш тарафдориман. Бу борада эса таълим энг самарали восита эканига ишончим комил», – дея нутқига якун ясади элчи Дэниел Розенблюм.

Кўргазма давомида Мичиган, Миннесота, Шимоли-ғарбий Миссури, Айдаҳо университетлари, Чарлстон, Жанубий Сиэтл коллежлари каби олий ўқув юртлари вакиллари томонидан тақдимот ўтказилди.

Жанубий Каролинада жойлашган Чарлстон коллежи (College of Charleston) ўзбекистонлик иқтидорли ёшларга бакалавриат йўналиши учун йилига 80 минг долларлик грантни таклиф этмоқда.

«Ўқув даргоҳимизда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондан талабалар йўқ. Шу боис юртингиздаги иқтидорли ёшларга ўқиш имкониятини тақдим этишга қарор қилдик. Биз аъло баҳоларга ўқиган ҳамда инглиз тили бўйича тегишли талабларга жавоб бера оладиган ўзбекистонлик ёшларни сафимизда кўришни истар эдик. Ўзбекистон вакиллари коллежимизда шунчаки таҳсил олиб қолмай, дунёнинг турли мамлакатларидан келган талабаларимизга юртингиз маданияти, тили, анъана ва урф-одатларини ҳам танитадилар. Таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистонни элчи каби тамсил этадилар», – деди Чарлстон коллежининг халқаро алоқалар департаменти вакили Тина Макдональдс.

«Education USA» таълим кўргазмаси 17 октябрь куни Фарғона давлат универститетида ҳам ўтказилади.

Фото:«Xabar.uz»

Эслатиб ўтамиз, «Education USA» – АҚШ Давлат департаментининг жаҳон бўйлаб ёйилган маслаҳат марказлари тармоғидир. Дунё бўйича 500 га яқин маслаҳат марказини ўз ичига олган мазкур тузилма АҚШда таҳсил олиш истагидаги талабаларга таълим имкониятлари ҳақида ишончли маълумот бериб келмоқда.

 С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг