Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон қонунчилигида қандай дипломлар тан олинмайди? Инспекция «ISAL»га эътироз билдирди

Ўзбекистон қонунчилигида қандай дипломлар тан олинмайди? Инспекция «ISAL»га эътироз билдирди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан «ISAL» МЧЖ реклама қилаётган Россия университетларида масофавий ўқиш Ўзбекистон қонунчилигига тўғри келмаслиги ҳақида маълумот берилди.

«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги қонуни асосида тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 мартдаги «Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 241-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 2-бандига асосан Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни ташкил этиш учун юридик шахсларга лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Лекин кейинги вақтларда айрим фуқаролар ёки МЧЖлар томонидан белгиланган тартибда лицензияга эга бўлмаган ҳолда, ноқонуний таълим фаолияти билан шуғулланаётганлиги маълум бўлмоқда.

Жумладан, «ISAL» масъулияти чекланган жамияти таълим хизматлари бозорида фаолият олиб бориши учун таълимнинг маълум бир тури бўйича белгиланган тартибда лицензияланмаган ҳолда ижтимоий тармоқларда «Уйингиздан чиқмаган ҳолда Россия университетларида олий маълумот олишни хоҳлайсизми?» деб номланган реклама ва эълонларини бериш билан шуғулланмоқда.

Эълонда «ISAL» масъулияти чекланган жамияти Россия Федерациясининг олий таълим муассасаларида масофадан ўқиш учун имконият яратиб беришини таъкидлаган. Амалдаги қонунчиликка асосан «ISAL» масъулияти чекланган жамияти фаолияти лицензияланмасдан таълим фаолияти (ўқишга кириш ва ўқув жараёнларини тизимли равишда амалга оширилишини ташкил этиш) билан шуғулланиши қонунга зид ҳисобланади.

Шунингдек, Postupi.uz Ўзбекистондаги олий дистанцион таълим марказининг https://postupi.uz/ расмий сайтида ҳам Россия ва Беларусь олий таълим муассасаларига масофавий (дистанцион) таълим шаклида ўқишга таклиф этишмоқда. Мазкур ташкилот Ўзбекистонда юридик шахс сифатида фаолият юритиши учун Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтмаган ва бундай фаолият билан шуғулланиши қонунга зид ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси таълим тўғрисидаги қонунида ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда (кундузги, сиртқи ҳамда кечки таълим шакллари кўзда тутилган) таълим олиш белгиланган, лекин масофавий таълим шакли ушбу қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаган. Яъни, республикамизда олий таълим тизимида масофавий таълим олиш механизмлари шаклланмаган. Шуларни инобатга олиб, Республикамиз қонунчилигида айни пайтда масофавий шаклда таълим олиш амалда мавжуд эмаслиги сабабли бу шаклда ўқиб олинган дипломлар тан олинмаслигини ҳамда тан олинмаган таълим ҳужжати Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний кучга эга бўлмаслиги маълум қилинган.

Бу борада Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси «ISAL» масъулияти чекланган жамиятини қонунга зид фаолият билан шуғулланмаслиги тўғрисида бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамасдан яна ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясининг олий таълим муассасаларида масофадан ўқитишни реклама ва эълонларда беришда давом этмоқда.

Бу эса республикамиз фуқароларига нотўғри маълумотлар тақдим этилишига ва мазкур тарзда ўқиб олинган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасида бугунги кунда амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ тан олинмаслигига олиб келади ҳамда фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлади.

Ҳурматли фуқаролар,

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ОГОҲЛАНТИРАДИ! Турли ташкилотлар ёки фуқаролар томонидан ОАВ ва ижтимоий тармоқларда хорижий давлатларда масофавий таълим олиш бўйича кенг жамоатчиликка берилаётган рекламаларига ишонманг ва бундай ҳийла-найрангларига тушиб қолманг.

Ўзингиз ва фарзандларингиз умрини ва маблағларингизни бесамар сарфламанг».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг