Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ОТМларга ҳужжат топшириш ҳақида батафсил

ОТМларга ҳужжат топшириш ҳақида батафсил

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази мутасаддилари иштирокида «Давлат тест маркази томонидан саволларни шакллантириш механизми ва олий ўқув юртларига абитуриентларни сифатли қабул қилинишини таъминлаш» мавзусида брифинг бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказ бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов, бошқарма бошлиғи Диёр Қўчқоров, бош юрист-консултант Гулжаҳон Мадраҳимова ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланашича, бу йилги қабул жараёнида энг катта янгилик бу олий ўқув юртларига ҳужжатлар электрон тарзда топширилиши бўлади. Абитуриентлар белгиланган тартибда анкета саволларини тўлдиришади, ортиқча қоғоз ва аризаларни тўлдиришга ҳожат бўлмайди. Шахсларини тасдиқловчи ҳужжат ва аттестат ёки шаҳодатномаларини кўрсатиб, яна ўзлари билан олиб кетишади. Бу йил тиббий маълумотнома ҳам бекор қилинган.

2019/2010 ўқув йили учун тест имтиҳонларига 69 та катта сиғимдаги иншоот тайёрланмоқда. Уларда имтиҳонларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида барча зарур шарт-шароитлар яратилиши кўзда тутилган. Жумладан, абитуриентларга қулайлик яратиш учун мўътадил босимни таъминловчи ускуналар, кузатув камералари, ота-оналар кутиш залида назорат экранлари ва шунга ўхшаш бошқа керакли чоралар кўрилган.

Ўтган ўқув йили имтиҳонлари жараёнида йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳам инобатга олиниб, бу йил ҳатто узатиш сигналларини тўсувчи махсус қурилмалар ҳам ўрнатилади. Яъни носоғлом рақобат юзага келмаслиги учун абитуриентлар ўзлари билан бекитиқча олиб кирган ҳеч қандай мосламалардан фойдалана олмасликлари таъминланади.

Шунингдек, очиқ мулоқотда абитуриентлар эътибор қаратишлари лозим бўлган қуйидаги маълумотлар тақдим этилди:

▪️Ҳужжат топшириш учун белгиланган тўлов — энг кам иш ҳақининг ярим баробари (101 минг 365 сўм) бир марта тўланади (фикрингиз ўзгариб бошқа ОЎЮга топширсангиз ҳам бошқа пул тўламайсиз). Бу йил биринчи марта ҳужжат топшираётган абитуриентлар, давлат қарамоғидаги чин етимлар, 1-,2-гуруҳ ногиронларидан тўлов ундирилмайди.

▪️Абитуриент рўйхатдан ўтиш асносида асосий қилиб қайси ОЎЮни танлашини, шунингдек, имтиҳондан ўтиш манзилини ҳам аниқ кўрсатиб ўтиши шарт. Яъни, Тошкентдаги институтда ўқиш учун вилоятда туриб ҳам имтиҳон топшириш мумкин.

▪️Абитуриент рўйхатдан ўтишида унга танлаган йўналишига мос келадиган қўшимча йўналишлар қатори тақдим этилади ва у имтиҳон фанлари ўхшаш бўлган яна иккита йўналишни танлаш имкониятига эга бўлади. Рўйхатдан ўтгандан сўнг тест маркази базасида унинг учун шахсий хона очилади. У тест имтиҳонларига қадар ва тест топшириб бўлгандан кейинги жараёнларда ўзига тегишли барча маълумотларни ушбу хона орқали билиб олиши мумкин бўлади;

▪️Тест имтиҳонлари 2019йилнинг 25 июлидан бошланади ва абитуриентлар сонига қараб тахминан 20 кун давом этиши кутилмоқда;

▪️Тест имтиҳонига кирган абитуриент эртаси куни ўзининг шахсий хонаси орқали ҳар бир фандан йиққан бали ҳақида маълумотга эга бўлиши мумкин;

▪️Август ойининг 22 санасида айнан шу шахсий хона орқали ОЎЮга қабул қилинганлиги ёки йўқлиги ҳақида ҳам хабардор бўлишлари мумкин.

▪️Барча қўшимча маълумотлар билан Давлат тест марказининг расмий сайтида ҳам батафсил танишиш мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг