Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Онлайн ҳужжат топшириш учун электрон имзо талаб этилмайди

Онлайн ҳужжат топшириш учун электрон имзо талаб этилмайди

Хабарингиз бўлса керак, жорий йилда абитуриентлар учун my.gov.uz портали орқали онлайн ҳужжат топшириш имконияти ҳам берилади. Яъни абитуриентлар уйидан чиқмасдан туриб, интернет орқали ОТМларга ҳужжат топшира олади. Ягона портал орқали ҳам учтагача йўналишни танлаш имконияти бўлади.

Энг қувонарлиси, соҳа мутахассисларининг айтишларича, ҳужжат топшириш учун электрон рақамли имзо (ЭРИ) талаб этилмайди. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ёзмоқда.

Шунчаки абитуриентлар паспорт серияси ва рақамини ҳамда шахсий идентификация рақамини (ПИН ФЛ) киритса кифоя, бошқа нарса керак эмас. Паспорт ва дипломларнинг сканери ҳам шарт бўлмайди, рақамларини киритса бўлди.

ПИН ФЛ қанақа рақамлиги ва уни қандай билиш мумкинлигини мана бу ерда батафсил тушунтирилган.

Лекин бир томони бор – онлайн ҳужжат топширса ҳам ЭКИҲ 10% миқдорида (20 минг сўм) хизмат ҳақи олиниши мумкин экан, бепул бўлмайди. Бу хизмат ҳақи қайси йили битирганидан қатъи назар барча абитуриентлардан олиниши режалаштириляпти. Лекин бу ҳали расман тасдиқланганича йўқ.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, хориждаги, масалан Россиядаги ёшларимиз ўқишга ҳужжат топшириш учун Ўзбекистонга келишлари шарт эмас. Интернет орқали ўқишга ҳужжат топшириб, фақат имтиҳон кунига келишса кифоя.

Фақат қуйидаги абитуриентлар онлайн ҳужжат топшира олмайди:

- алоҳида имтиёзга эга бўлганлар (яъни турли мукофот соҳиблари, олимпиада ғолиблари ва ҳ.к.);
- фуқаролик паспорти бўлмаган шахслар (масалан, 16 ёшга тўлмаганлар);
- фуқаролиги бўлмаган шахслар.

Ушбу тоифадагилар давлат хизматлари марказига шахсан ўзлари боришлари шарт.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг