Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

МТВ «инсофсиз мудирлар»га қарши кураш эълон қилди

МТВ «инсофсиз мудирлар»га қарши кураш эълон қилди

Фото: «Xabar.uz»

Фарзандларимиз хавфсизлиги бевосита мактабгача таълим муассасалари ходимларининг профессионаллиги ва ҳалоллигига боғлиқ. Мактабгача таълим муассасаларида мунтазам равишда ўтказиб бориладиган аудиторлик текширувлари нафақат қоидабузарликларни аниқлаш ва олдини олишга, балки мактабгача таълим тизимини инсофсиз ходимлардан халос этишга қаратилган, дейилади МТВ матбуот хизмати хабарида.

2018 йилнинг октябр ойида Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун 9-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида режали аудиторлик текшируви ўтказилди. Бунда мазкур муассаса мудири Д.Ю. аудит текшируви натижаларини кутмаган ҳолда ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза тақдим этди.

Текширув давомида Мактабгача таълим вазирлиги аудиторлари томонидан 708 млн. сўм миқдорида ўғирлик ва ноқонуний сарф-харажатлар ҳолатлари, шу жумладан:

  • амалда ишламайдиган 19 нафар ходимга 592 млн. сўмдан ортиқ миқдорда иш ҳақи тўлаш;
  • 17,4 млн. сўм миқдорида нақд пул маблағларини ноқонуний ҳисобдан чиқариш;
  • 4 млн. сўмдан ортиқ суммага озиқ-овқат маҳсулотлари камомади;
  • 93,9 млн. сўмлик гўшт ва сут маҳсулотларини асоссиз ҳисобдан чиқариш ҳолатлари аниқланди.

Шунингдек, 9-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари 2018 йилнинг январ ойидан бошлаб сентябр ойига қадар сут, творог, қатиқ билан таъминланмаган, гўшт эса белгиланган нормадан паст миқдорда ажратилган.

2018 йилнинг 15 ноябр куни аудиторлик текшируви материаллари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига топширилди. 2018 йилнинг 26 декабрдида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан Мактабгача таълим вазирлиги аудит материаллари асосида жиноий иш қўзғатилди.

Шу билан бирга 2018 йилнинг 22 октябрида Жиззах вилояти Касаба уюшмаси кенгаши Д. Ю. ни 9-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси мудири лавозимига қайта тиклаш юзасидан судга даъво билан мурожаат этди. 2018 йилнинг 18 декабрида Жиззах фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди тақдим этилган даъвони қаноатлантириб, муассаса мудирига мажбурий прогул учун 3,3 млн. сўм ва моддий зарар учун 600 минг сўм тўлаб берилиши ҳақида қарор қабул қилди.

«Афсуски, лавозимни суд орқали қайта тиклаш кенг тарқалган амалиёт ҳисобланади. Ўз хоҳишига кўра ёки тегишли модда бўйича ишдан бўшатилган мудирлар судда босим остида ишдан бўшаганини таъкидлаб, аввалги мансабини қайтаришга ҳаракат қиладилар. Биринчидан, бундай аризалар — Мактабгача таълим вазирлигига нисбатан туҳматдир. Иккинчидан, биз ўғирлик, коррупцияга оид фирибгарликлар ва бошқа қоидабузарликлар билан болалар ҳаёти ва саломатлигини хавф остига қўяётган шахслар мактабгача таълим тизимига қайтишига йўл қўя олмаймиз. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан ҳамкорликда инсофсиз ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш юзасидан қонунчиликни тўғри қўллаш бўйича ишларни бошлади ва давом этади», — дейди Мактабгача таълим вазирлиги юридик бошқармаси бошлиғи Умида Усмонова.

2019 йилнинг 14 январида Жиззах вилояти Мактабгача таълим муассасалари бошқармаси томонидан Жиззах фуқаролик ишлари бўйича туманлараро биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиш юзасидан кассация шикояти тақдим этилди. Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, Ўзбекистон Республикасининг ўз вақтида билдирган муносабати, суд қарорларининг қонунчилик нормаларига мувофиқ келишини текшириш шарофати билан 2019 йилнинг 22 январида 9-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси мудирини лавозимига қайта тиклаш ва унга 3,9 млн. сўм тўлаш тўғрисидаги қарор бекор қилинди.

Мактабгача таълим вазирлиги мактабгача таълим тизимида коррупция ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишда давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг