Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Мактабда нима гаплар?»

«Мактабда нима гаплар?»

Шу саволни ҳар куни эшитаман: «мактабда нима гаплар?» Кимдан? Аксарият тенгдошларим каби ота-онамдан-да. Бу саволда ўғлим, ўқишларинг қандай кетяпти, баҳолар қанақа, дарсларни ўзлаштириш-чи, каби қатор маънолар мужассамки, гоҳида мамнуният билан жавоб берсам, гоҳида ҳижолатга тушган пайтим ҳам бўлган. Қисқаси, деярли ҳар куни шу саволга тайёр туришимга тўғри келади. Жавоблардан баъзан олқиш олсам, баъзан... хуллас, тушундингиз.

Куни кеча шу савол яна такрорланди. Жавобим нақд эди, ҳаммасини бир бошдан, худди кеча ёдлаган шеъримдай шарриллатиб айтишга тушдим.

...Хуллас, мактабимизда ажойиб тадбир бўлиб ўтди. Мавзу чекиш, гиёҳванд моддаларга берилиш, инсониятнинг бошига бало бўлаётган яна бир иллат – СПИДга сабаб бўладиган омиллар ва уларнинг аянчли оқибатлари ҳақида эди. Йўқ, бу балолар ҳақида устозларимизнинг ўзлари яна гапириб ўтирмадилар (аввал кўп гапириб беришган бу ҳақда). Балки бизга йўл-йўриқ кўрсатиб, бу каби иллатлар ҳақида гапиришни, гапиргандаям фикримизни кўргазмалари чиқишлар орқали ифода қилишни ўзимизга юкладилар. Яна тайинландики, тадбирга нафақат мактабимиз ўқитувчилари, балки Сергели туманидаги барча мактабларнинг биология фани устозлари ташриф буюради, юзимизни ерга қаратманглар-а, деб...

Шу тариқа тайёргарлик кўрдик. Тайёргарлик жараёнида устозларимиз нега ҳаммасини биз, ўқувчиларнинг ўзларига юклашганини англаб етгандай бўлдик, рости. Чекиш, гиёҳвандлик, СПИД каби балолар ҳақида кўп эшитганмиз, тўғри. Бироқ эшитиш бошқа, булар ҳақида тадбир баҳона ўзимиз тайёргарлик қилишимиз бошқа экан. Шу жараёнда бу каби иллатларнинг оғир оқибатларини нафақат тасаввур қилдик, балки ич-ичмизда ҳис этдик. Кўпгина синфдошларимнинг эти жунжикиб кетди ҳатто. Устозларимиз шунинг учун ҳам масъулиятни ўзимизга юклаган бўлса, ажабмас. Синф раҳбаримиз Елена Валерьевна (Грекова) бежиз таъкидламас экан: тасаввур қилиш бошқа, ҳис этиш бошқа, деб...

Аввалига мавзу бўйича биз — 9-«А» синф ўқувчилари чиқиш қилдик. Ҳар йили чекиш ва гиёҳвандлик сабаб қанча инсон бевақт ҳаётдан кўз юмаётгани ҳақида оғриқли ва даҳшатли рақамлар келтирилди. Соғлом турмуш тарзининг нафақт инсониятнинг ўзига, балки атроф-муҳитга ижобий таъсири хусусида ҳам қизиқарли чиқишлар қилинди. Кейин навбат 9-«Б» синфига келди. Иккала синф ўқувчилари ҳам бўш келмасликка ҳаракат қилди, албатта. Улар ҳам саломатликка салбий таъсир кўрсатадиган ҳар бир нарсадан инсон аъзолари қанчалар азобланишини жонли ифода қилишга ҳаракат қилишди. Чакки чиқмади лекин...

Қайси синфнинг қўли банд келди? Буниси кўпам аҳамиятли эмасди, тўғриси. Мақсад бу тадбирда ким зўрлигини кўрсатиш эмас, балки тенгдошларимизни бу хавфдан огоҳ этиб, соғлом турмуш тарзи қанчалар бебаҳо неъмат эканини билдириш, шу баробарида ўзимиз ҳам яна бир бор ҳис этиш эди, холос.

Ниятимизга етдик, чамаси. Олқишлар, самимий ташаккурлар... Ҳар ҳолда, тадбир ниҳоясида ўқитувчиларимиз манунлигини кўрдик. Улардаги хурсандчилик бизга ҳам ўтди...

...Бундай тадбирлар мактабимизда тез-тез бўлиб туради. Мана, бугун информатика бўйича семинар ўтказилди. Эртадан эса яқинлашиб келаётган халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан онажонларимизни хурсанд қилишга қаратилган тадбирга тайёргарликни бошлаб юборамиз. Бу тадбирга мактабимиздаги барча синф ўқувчилари астойдил тадорик кўрмоқда...

Айтганча, мактабимизни айтмабман-ку?  Эҳтимол, эшитган чиқарсиз: Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 47-мактаб...

Мактабимиз анча илғор таълим даргоҳи ҳисобланади.

Оятуллоҳ Адҳамжонов,
шу мактабнинг 9-«А» синф ўқувчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг