Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Кўпкари» ёхуд «улоқдаги» мактаб

«Кўпкари» ёхуд «улоқдаги» мактаб

Икки йил илгари Пастдарғом туманидаги 3-умумталим мактабига ишга кириш мақсадида бордим, — деб ёзади Паст дарғомлик Талант ПРИМОВ marifat.uz сайтида. — Она қишлоғимдаги бу мактаб уйимдан учта уй нарида жойлашган.

Шунга қарамай, директор билан учрашиш мушкул эди. «Янги директор — Ҳафиза малимга учрашинг», дейишса-да, судма-суд юргани боис уни тополмадим. Кейинроқ борсам, директор «Жамшид малим»га ўзгарган экан. Ундан келаси ойда дарс бериш мумкинлигини билиб изимга қайтдим. Айтилган вақтда эса «дириктиримиз Аҳмад малим бўлдилар», деган гапни эшитиб, капалагим учиб кетди. У билан маҳалладаги сайлов жараёнида кўришиб қолдим. Аҳмад ака иш беришга рози бўлди, фақат келаси ўқув йили бошида...

Орадан вақт ўтиб, мактабга бордим. Не кўз билан кўрайки, Шодиёр ака директор этиб тайинланибди. Таълим тизимида кундан кунга ўзгаришлар ва янги ислоҳотлар амалга оширилаётган даврда бир қишлоқ мактабида раҳбар алмаштиришдан бошқа муаммо йўқмикан, дея ўйлаб қолдим. Атрофдагиларнинг фикрига қулоқ тутдим: бундай номутаносиблик ва бефарқликнинг сабаби номуносиб мутахассислар мансабга ўтириши билан ишни ўз манфаатини кўзлашдан бошлаши, «чапақай ёзувчи»ларнинг эса тинмай шикоят ёзишида экан. Шу бир-икки йил ичида раҳбарлар адолат билан ишлаш ўрнига кимнидир ишга олиш, яна бировга дарс бериш-бермасликдан бошқа вазифа билан шуғулланмайди. Оқибатда таълим муассасаси ҳовлидаги гуллар-у ўқувчи формаси, теракларнинг нега кесилаётгани, қишда кўмир қаерга ташиб кетилаётгани, «Алифбе»ни тугатган болаларнинг ота-оналари пул йиғиб, ўқитувчига қимматбаҳо совға-саломлар улашиши каби миш-мишлар муҳокама қилинадиган майдонга айланиб қолган, афсус. Бундай муҳит ўқувчининг билим олиши, психо-физиологик ривожланишига таъсир етмай қолмайди. Масалан, мактабга илк бор қабул қилинган болакай эндигина биринчи устозига ўрганганида, яъни 2-синфга кўчганда бошқа ўқитувчи дарс бераётганидан нохуш кайфиятга тушади. Фан ўқитувчилари орасида эса бир хил маънодаги саволлар одатга айланган: «Директоримиз энди ким бўлади? Нега хонамиз совуқ? У муаллим ишдан кетибди, энди дарсни ким ўтади? Бугун ҳам дарсдан қочамизми?».

— Шодиёр ака, мен шу мактабда аъло баҳоларга ўқиб, таълим-тарбия олдим, — дедим янги ўқув йили бошланган куни директор хонасига кириб. — Бугун университетдан йўлланма ва ариза билан мутахассислигим бўйича 10 соат дарс беришингизни сўраб келдим. Бундан ташқари, шахмат, адабиёт, стол тенниси тўгараклари фаолиятини юрита оламан. Қўшимча машғулотлар учун пул талаб қилмайман, аксинча, болаларни танловларга тайёрлаб кўпчиликка танитмоқчиман. Яқинимда ўзим ўқиган мактаб туриб, бошқа муассасадан иш қидириб юрмаслигим учун ёрдам берсангиз.

У илтимосимни рад этмади. 8 август санаси билан ишга қабул қилинганим ҳақида буйруқ тайёрлаб, 4 сентябрда шартнома тузилишини айтди. Ўша куни мактаб, дарс, дарсхона — муқаддас даргоҳ томон ҳаяжон билан йўл олдим. Ўқувчиларга қандай билим бериш, янгиликка қўл уриш ҳақида режалар туздим. Муассаса ҳовлисида ранг-баранг шарлар осилиб, меҳмонлар иштирокида тадбир ўтказилаётганди. Туман ҳокимлигидан вакиллар келган. Тадбир тугагач, байроқни ўқитувчилар хонасига киритиб қўйиш-қўймаслик ҳақидаги можаролар бошланди. Аслида, бу байроқ мен ўқиган мактабнинг пештоқига осиғлиқ турадиган байроқ!

Директор хонаси олдида ўқитувчилар турнақатор бўлиб навбатда турибди. Бир четда истеъфодаги директоримизнинг ҳам навбат кутаётгани менга эриш туюлди. Мени ишга олган директор бўшабди. Ўрнига бошқаси келибди. У менга: «Дарслар тақсимлаб бўлинган, шартномангиз йўқ. Иложи ҳам йўқ, ҳужжатларни кимга берган бўлсангиз, ўшанга боринг», деди. Индамай чиқдим. Ҳақиқий можаро ўқитувчилар хонасида бўлаётган экан. Гўё бу ерда кўпкари кетаётган эди. Нимага асосланиб дарс бўлинаётганини сўраш бефойда, тайинли жавоб йўқ. Ким олғир бўлса, марра ўшаники. Бу ҳолатдан ғазабланганча, бўғилиб чиқдим.

Наҳотки, катта илм даргоҳидаги аҳвол кўпкари майдонидаги тортишувдан ҳам баттар бўлса?! Масъул мутасаддилар эътиборидан четда қолиб, туман халқ таълими бўлими ва янги-янги раҳбарлар орасида хароб бўлаётган ўқув масканию, билим олишга сарфланиши лозим бўлган бебаҳо фурсатни бой бераётган ўқувчилар ташвишга солади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг