Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кичик қишлоқнинг катта муаммоси ёхуд таълимдан маҳрум болалар

Кичик қишлоқнинг катта муаммоси ёхуд таълимдан маҳрум болалар

Таълимга эътибор сезиларли даражада ортгани рост. Бунинг натижасида мактаб, боғча ва олий таълим муассасаларида ижобий ўзгаришлари кўзга ташланмоқда. Бироқ ўзгаришлар чекка ҳудудларда етиб борганича йўқ. Бунга Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Кўрҳожи қишлоғидаги мактаб яққол мисол.

Қишлоқдаги мактабнинг бор-йўғи икки синфхонаси (учинчи хонаси таъмирланмаган, кўмирхонага айлантирилган) бўлиб, болалар икки сменада (4-синфгача) ўқийди, холос. Мазкур мактаб Шўроб қишлоғидаги 20-мактабнинг филиали қилиб қўйилган. Тоғ ва адирлардан иборат ҳар икки мактаб орасидаги масофа 12 километрни (!) ташкил этади. Муаммо ҳам ана шунда!

Чорвачиликка ихтисослашган Кўрҳожи қишлоғида айни пайтда 80 нафарга яқин мактаб ёшидаги болалар мавжуд. Дейлик, уларнинг учдан бир қисми икки хонали мактабда таълим олаётган бўлса, қолган нима билан машғул, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Бу савол на мактаб раҳбариятини, на туман халқ таълими бўлими мутасаддиларини қийнайди! Улар индамагач, вилоят, республикадаги мутасаддилар вазиятни қайдан билсин? Эҳтимол, билишар? Қайдам. Билишса, нега шу пайтгача ҳеч ким муаммо ечими устида бош қотирмаяпти? Ахир, бир қишлоқ ёшларининг ғирт саводсиз бўлиб қолиши кичик фожеами?

Ўзбекистондаги таълимни жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш ҳаракатлари кетаётган бир пайтда худди уруш даври болалари каби таълимдан маҳрум авлодлар борлиги ақлга сиғадими?

— Бу бир неча йиллик муаммо, — дейди йилқичилик фермер хўжалиги раҳбари Абдумалик Абдумўминов. — Кўрҳожи қишлоғи 1986 йил электр энергияси билан таъминланган. Қишлоқ Қашқадарё вилоятидан Сурхондарёга ўтиб кетадиган катта йўлдан 7 километр ичкарида жойлашган. Мактабимизни 2002 йили ҳашар йўли билан таъмирладик. Орадан 17 йил ўтиб, ўтган йили (шикоят қилаверганимиздан сўнг) ташқи томонини оқлаб-кўклаб қўйишди. Аммо шу биргина хонани таъмирлаб беришга ёки қолган ички деворларига ҳам эътибор қаратиб, мактаб ўқув қуроллари билан таъминланишга ҳафсала қилишмади...

Қишлоқ йўллари ёзда чанг, қишда лой. Олти километр у ёққа, яна шунча масофа бу ёққа юриб, ҳафтанинг олти кунида фарзандини мактабга обориб- келишга ҳамманинг ҳам шароити етарли эмас...

Хуллас, Бойсуннинг бир четидаги қишлоқда таълимдан бебаҳра авлод улғаймоқда. Уларнинг тақдири мутасаддиларни наҳот ташвишлантирмаса?

Абдувоҳид ЎРОЗОВ

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг