Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жаҳон банки ажратган маблағлар қандай тақсимланади?

Жаҳон банки ажратган маблағлар қандай тақсимланади?

Фото: МТВ матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги 2019 – 2024 йилларда «Болаларнинг эрта ёшдан ривожланишига кўмаклашиш» лойиҳасини амалга оширади. Молиялаштириш учун Жаҳон банкининг 73,85 млн. АҚШ доллари миқдоридаги грант ва кредит маблағлари жалб қилинган.

Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, «Болаларнинг эрта ёшдан ривожланишига кўмаклашиш» лойиҳаси кичик ёшдаги болаларга қараш ва ўқитиш хизматларига бўлган тенг ҳуқуқликни таъминлаш ҳамда мактабгача таълим сифатини оширишга қаратилган.

Жаҳон банки томонидан ажратилган маблағлар қуйидаги тартибда тақсимланади:

  • Мактабгача таълим сифатини ошириш учун — 5,3 млн. АҚШ доллари

Лойиҳанинг мазкур таркибий қисми доирасида мактабгача таълим сифатини ўлчаш бўйича иккита восита (MELE ва MODEL) мослаштирилади ва синовдан ўтказилади. Ушбу воситалар болаларнинг мактабга тайёрлигини баҳолаш ва ушбу ҳолатни яхшилашга ёрдам беради. Шунингдек, ажратилган маблағлар ҳисобидан 14 минг нафар педагоглар малакаси оширилади, 700 нафар мутахассислар эса МТМ ходимлари учун ўқув сессияларини ўтказувчи мураббийлар бўладилар.

  • Сифатли таълим муҳитини яхшилаш ва унинг оммабоплигини таъминлаш учун — 50,1 млн. АҚШ доллари

2019 – 2024 йилларда республиканинг мактабгача таълим муассасалари ажратилган маблағлар ҳисобидан тегишли ускуналар, мебель ва ўқув-услубий материаллар билан таъминланади.

Шунингдек, лойиҳанинг мазкур таркибий қисми доирасида олис ва бориш қийин бўлган жойлардаги болаларнинг мактабгача таълим олиш муаммосини ҳал этиш имконини берувчи муқобил моделларни синовдан ўтказиш бошланади. Хусусан, мактабгача таълим мутахассилари МТМ мавжуд бўлмаган ҳудудларда яшовчи 3 – 6 ёшдаги болалар учун эрта ўқитиш дастури бўйича ўйин гуруҳларида ҳафтасига 3 марта 4 соатдан ўйин машғулотларини олиб борадилар. Дастурнинг бошланғич кўринишида ўқитиш ўйин тўпламларини харид қилиш, ажратилган хонани жиҳозлаш ва болалар учун тушликлар ташкил этиш назарда тутилган.

Ота-оналарга болага қараш ва ўқитиш кўникмаларини ўргатиш мақсадида хонадонларга ташриф буюриш дастурининг бошланғич лойиҳаси амалга оширилади. Педагог ва ҳамширалар 0 дан 3 ёшгача болалари бор оилаларга ойига икки марта ташриф буюрадилар, ота-оналар иштирокида муолажа ва машғулотлар ўтказадилар ҳамда уйда таълим олиш учун ўйин тўпламлари ва ривожлантирувчи материалларни қолдирадилар.

  • Хусусий сектор билан шерикчилик учун — 11,35 млн. АҚШ доллари

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги мамлакатлар орасида ижтимоий облигациялар механизмини жорий этувчи биринчи давлат бўлади.

Бундай ёндашувда давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида ташкил этилган МТМларни молиялаштиришда эришилган ижтимоий натижаларга боғлиқ бўлади.

  • Таълим сифатини ўлчаш тизимини ташкил этиш учун — 5,9 млн. АҚШ доллари

Таълим сифатини ўлчаш тизимини ташкил этиш мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳаларини қамраб олади. Умумий таълим мактабларидаги таълим даражаси ва сифатини мустақил баҳолаш қошидаги Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш Ташкилоти томонидан ўтказилади. Буни амалга ошириш учун Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларда (PISA) иштирок этиши масаласи ишлаб чиқилди.

  • Лойиҳани амалга ошириш харажатлари — 1,2 млн. АҚШ долларини ташкил этади.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг