Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳар бир қарор ортида болалар тақдири туради — «Имкон» ҳақида

Ҳар бир қарор ортида болалар тақдири туради — «Имкон» ҳақида

Бектурсун Алимов туғилганданоқ муаммолар гирдобида қолди, у туғма ногирон эди. Болакай тўрт ёшигача тўшакка михланиб қолди, кун бўйи унга онаси қарарди. Кунлар, ойлар, йиллар шу таҳлит ўтди. Токи «Имкон» кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим даргоҳи ишга тушмагунга қадар.

Биз кўпинча қаердадир янги муассаса очилгани ҳақидаги хабарларни шунчаки ўтказиб юборамиз. Бу даргоҳ қанчадан-қанча оилаларнинг дардига дармон бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 августдаги қарорига мувофиқ Оролбўйи минтақаси болалари учун ташкил этилган «Имкон» реабилитация маркази мана шундай муассасалардан биридир.

120 ўринли ташкилот Оролбўйи болаларининг ҳаёт тарзини яхшилаш, соғлигида нуқсони бор ўғил-қизларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдам турларини кенгайтириш, уларни ижтимоий ҳаётга фаол мослаштиришга кўмаклашади.

Ҳозирги кунда мактабгача таълим ташкилотида таянч-ҳаракат тизими, психик ва нутқий ривожланиши ва эшитишида нуқсони бор 120 нафар бола таълим-тарбия олиб соғломлаштирилмоқда. Шунингдек, реабилитация марказига 2 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар қатнаб даволанадию 537 нафар бола тиббий-психологик-педагогик комиссия йулланмаси билан рўйхатдан ўтган ва шу кунгача жами 846 бола реабилитация курсларини олди.

Ўтган давр ичида жами 47 бола соғайиб, оддий давлат боғчаларига ва мактабларга ўтказилди ҳамда 32 қатнаб даволанувчи болаларда ижобий ўзгаришлар қайд этилган.

Реабилитация марказида аудио синф, сезиш муолажа хонаси, физиотерапия, массаж, жисмоний машқлар, мусиқа ва эртак билан даволаш, ижтимоий мослашув хоналари, бассейн мавжуд. Невропатолог, психоневролог, ортопед, педиатр, окулист, дефектолог, психолог каби тор мутахасислар болалардаги нуқсонларни аниқлаб, уларга зарур тиббий хизмат кўрсатади.

Жанубий Кореядан келтирилган замонавий ошхона ускуналари экологик тоза идишлар билан таъминланган бўлиб, болалар соғлом овқатланиш меъёрларига қатъий амал қилинган ҳолда ва махсус меню асосида кунига 5 маҳал овқатлантирилади.

Биз кўпинча бирор фильм кўрар эканмиз, у «Happy and» яъни, яхшилик билан тугашини жуда истаймиз. «Имкон»даги болаларнинг ҳаёти ҳам худди ўша кинолардаги қаҳрамонларникидек, қийинчилик устига қурилган. Оддийгина қўл узатиш ёки қадам босиш ҳам баъзан улар учун машақатдан иборат.

Уларнинг ҳаёти бахт устига қурилиши учун «Имкон» имкон қадар ҳаракат қилмоқда. Умр йўлинг бахтга тўлсин, болажон!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг