Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фарзандларимиз мутлақо янгича мактабларда ўқийди. Ўқитувчилар юқори ставкаларда иш ҳақи олади

Фарзандларимиз мутлақо янгича мактабларда ўқийди. Ўқитувчилар юқори ставкаларда иш ҳақи олади

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Мамлакатимизда 2020-2022 йилларда «Замонавий мактаб» лойиҳаси бўйича умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашга 4,05 трлн. сўм маблағ йўналтирилади.

2019 йилнинг 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Замонавий мактаблар»ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Мамлакатимиз раҳбари ўқувчи-ёшларнинг сифатли таълим-тарбияси учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида халқаро талабларга мувофиқ илғор архитектура ечимлари ва энергия тежайдиган технологиялар асосида қурилиб жиҳозланган «Замонавий мактаблар»ни ташкил этишни маъқуллади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига 2020 йилнинг 1 мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда хорижий тажриба ва мамлакатнинг табиий иқлим шароитларига мос, экологик тоза материаллар ва энергиянинг муқобил манбалари, энергия тежовчи ҳамда илғор технологиялар ва муҳандислик ечимларини қўллашни назарда тутувчи «Замонавий мактаблар»ларни қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

Шунингдек, 2020 йил 1 мартга қадар умумий ўрта таълим муассасаларини замонавий мебель ва жиҳозлар, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа ҳамда видео-кузатув воситалари билан жиҳозлашнинг янги меъёрларини ишлаб чиқиш тасдиқланди.

2020 йил 1 мартдан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш, молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, «Замонавий мактаблар»ларни қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳалари ва жиҳозлаш меъёрлари асосида амалга оширилади.

Шу билан бирга, Президент «Замонавий мактаблар»ларга қўйиладиган талабларни, шу жумладан, мазкур мактабларнинг дарсликлар, ўқув қўлланмалар, бадиий ва бошқа адабиётлар билан таъминланганлик даражасига, ўқув-тарбия жараёнига ҳамда дарсдан ташқари фаолиятига ҳамда раҳбар ва педагог кадрларига қўйиладиган талаблар, шунингдек дарсдан ташқари тадбирларга талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида кўрсатма берди. Умумий ўрта таълим мактабларида «Замонавий мактаблар» талабларига асосланиб, умумтаълим мактабларини баҳолаш мезонини яратиш бўйича ишлар олиб борилади.

«Замонавий мактаблар»га қўйиладиган талабларга мос келадиган умумий ўрта таълим муассасаларига тегишли даражадаги мувофиқлик сертификати берилади.

«Замонавий мактаблар» мувофиқлик сертификатига эга бўлган умумий ўрта таълим муассасаларининг раҳбар ва ўқитувчиларига иш ҳақи ҳамда моддий рағбатлантиришнинг юқори ставкалари қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги «Инновация, технология ва стратегия маркази» маҳаллий ва хорижий компаниялар вакилларини жалб қилган ҳолда умумий ўрта таълим муассасаларини «Замонавий мактаблар» талаблари асосида баҳолаб, мувофиқлик сертификатларини беради.

Марказ «Замонавий мактаблар» талаблари асосида баҳолаш бўйича умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлашнинг электрон платформасини ишга туширади.

Марказ мутахассислари умумий ўрта таълим мактабларни замонавий мактаб талабларига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар ҳам ишлаб чиқади.

Қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги «Ўқув таълим-таъминот» Давлат унитар корхонаси таъминлайди. Шунингдек, янгидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ҳамда мукаммал таъмирланадиган умумий ўрта таълим муассасаларини жиҳозлаш ва капитал таъмирлаш бўйича лойиҳалаш ва қурилиш ишлари сифатини назорат қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари умумий ўрта таълим муассасалари учун лойиҳаларнинг «Инжиниринг компанияси» ДУК техник топшириғи асосида ишлаб чиқилиши ва келишилишини ҳамда лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш бўйича «Инжиниринг компанияси»  ДУК билан тўғридан-тўғри шартномалар тузилишини таъминлайди.

Умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш жараёнида сифатсиз бажарилган, белгиланган техник талабларга мос келмаган ҳолда бажарилган ҳамда ортиқча ҳажмда кўрсатилган қурилиш-монтаж ишлари бўйича ундирилган суммаларнинг 90 фоизи тегишли объектлардаги аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун бўйсунувига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг махсус шахсий ғазна ҳисоб варақаларига, 10 фоизи эса «Инжиниринг компанияси»  ДУКнинг махсус ҳисоб рақамига, ходимларни рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тадбирларига йўналтирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг