Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фаррух 10 дақиқада СамДУ абитуриенти бўлди

Фаррух 10 дақиқада СамДУ абитуриенти бўлди

Фото: ДХА Навоий вилояти бошқармаси

Бугундан Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудлардаги давлат хизматлари марказларига ёшлар, аниқроғи абитуриентлар Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топширишга кела бошладилар.

Навоий шаҳар Давлат хизматлари маркази. Навоийлик Фаррух Ҳусанов Самарқанд Давлат университетига бундан икки йил аввал ҳам ҳужжат топширган эди, фақат Самарқанднинг ўзига бориб... Жорий йил абитуриентларга берилган имкониятлардан у роса қувонди. Йўл оворагарчилиги-ю, вақт исрофи, айниқса пул сарфланиши тежалганидан мамнун. Бундан ташқари, у жорий йил яхши тайёрланди, тўплайдиган бали учта ОТМдан бирига ўтишига астойдил ишонади. Ҳа-я, Фаррух 10 дақиқа ичида бор-йўғи учта ҳужжат билан ДХМдан СамДУ абитуриентига айланиб, чиқиб кетди.

Нурота тумани давлат хизматлари маркази. Нуротанинг  Сентобсойида яшовчи Яхшигул Сафарова уч йилдан буён хуқуқшунос бўлишини истаб, ОТМларга ҳужжат топширади.

— Жорий йил ўқишга кириш имконияти кўпроқ, белгилаган учта ОТМнинг ҳеч қурса бирида омадим чопар, — дейди Яхшигул. — Ўтган йили ҳам шу марказга келиб, Тошкент Давлат юридик универстетига ҳужжат топширган эдим. Бу йил ҳам ўз иқтидоримни синаб кўрай. Марказдан ҳужжат топшириш қулай. Кўп вақтингиз кетмаёди. Қолаверса, бизнинг Сентоб қишлоғи қаердаю, Тошкент қаерда... Йўлнинг узоқлигини айтмайсизми. Ман ишонаман, ҳали юртимизда хориждагидек масофадан туриб имтиҳон топшириш даври ҳам келади.

Конимех тумани Давлат хизматлари маркази. Туманнинг  «Бирлик» маҳалласида яшовчи Аскар Абдуллаев умумтаълим мактабини ҳам, коллежни ҳам қозоқ тилида таҳсил олиб тамомлади. Қабулнинг биринчи куни марказдан туриб, Қорақалпоқ Давлат университетига ўқишга кириш учун ҳужжат топширди. Ҳаммадан ҳам ота-онасининг қувончи чексиз. Боиси улар энди аввалги авлоддек, меҳнат таътили олиб, боласининг ҳужжатини топшириш учун узоқ йўл босиб, Нукус шаҳрига бормайдилар. Ўқишга ҳужжат топшириш туманнинг ўзида ҳал бўлди. Аскар Абдуллаев айтишича, у фуқаролик паспорти, касб-ҳунар таълими муассасини тугатганлиги ҳақидаги дипломи, имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхасини марказ ходимига  тақдим этди, холос. 15 дақиқада давлат тест марказлари учун ундириладиган йиғимни тўлаб, маълумотлар расмийлаштирилган  сўровноманинг бир нусхасини олиб кетди.

Давлат хизматлари маркази ходимларининг таъкидлашича, мазкур давлат хизмати тури бўйича фуқароларнинг ўзлари ҳам ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиши кузатилмоқда.

Рустам Қаршибоев, 
Фаррух Рўзиев,
ДХА Навоий вилояти бошқармаси маслаҳатчилари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг