Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Боғчалардаги «ўлик жон»лар: Жиззахдаги МТМда 592 млн. сўм «туя» қилинди

Боғчалардаги «ўлик жон»лар: Жиззахдаги МТМда 592 млн. сўм «туя» қилинди

Фото: «Xabar.uz»

Мактабгача таълим тизими узоқ йиллар давомида етарли даражада назоратда бўлмаганлиги учун, бу соҳа танг аҳволга тушиб қолган, унда қонунбузарлик ва суиистеъмолликлар авж олган эди. Юзага келган ҳолат назорат ишларини кучайтириш зарурлигини кўрсатди.

Шу мақсадда 2017 йил 30 сентябр куни Мактабгача таълим вазирлигида ички аудит хизмати ташкил этилди. Мактабгача таълим вазирига тўғридан-тўғри бўйсинувчи аудиторлар олдига, бюджет маблағларининг ноқонуний ўзлаштирилиши, камомадларга йўл қўйиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олишдек мухим вазифалар қўйилди. Аудиторлар олиб борилган ишлар ҳақида мунтазам равишда маълумотлар бериб боради. Қуйида биз навбатдаги ҳисоботни эътиборингизга ҳавола этамиз, деб хабар бермоқда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати.

2018 йил якуни бўйича 11 млрд. сўм молиявий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ва 278 та ўрганиш ҳужжатлари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Жами аниқланган молиявий қонунбузилишлардан 47,6 фоизини камомад ва ноқонуний харажатлар, 27,6 фоизини давлат хариди қонунчилигининг бузилиши, 17,2 фоизини бюджет маблағларини нотўғри режалаштириш ва 7,7 фоизини моддий бойликлар ортиқчалиги ва бошқа холатлар ташкил этган.

Камомад ва ноқонуний харажатлар

«Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ноқонуний харажатларнинг 40 фоизи — «ўлик жонлар», яъни мактабгача таълим муассасасига (МТМ) турли лавозимларга расмийлаштирилган, лекин, ҳақиқатда муассасада ишламайдиган ходимлар ҳисобига тўғри келмоқда. Бу йўл билан, МТМ мудираси «ўлик жон» ходимларга ёзилган иш ҳақларини ноқонуний ўзлаштирган, ишламайдиган «ўлик жон» ходимлар эса ноқонуний меҳнат стажига эга бўлганлар. Бугунги кунда, республикада аҳолини иш билан таъминлаш долзарб масала бўлиб турганда, бу «ўлик жон»лар виждонан ишлашни ҳоҳловчи мутахассис ва ходимларнинг ўрнини банд қилиб турибди», — дейди Мактабгача таълим вазирлиги ички аудит хизмати бошлиғи.

Кўп ҳолатларда тарбиячи, тарбиячи ёрдамчиси, кирювувчи, ошхона ишчиси, фаррош каби иш ўринларига ишга жойлаш сохталаштирилмоқда, бу эса ўз навбатида, муассаса фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 9-сонли ихтисослаштирилган МТМда 19 нафар ишламаган ходимлар учун 592 млн. сўм, Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги 6-сонли МТМда — 100 млн. сўмдан ортиқ, Пастдарғом туманидаги 38-сонли МТМда — 60 млн.сўм, Хоразм вилояти Урганч туманидаги 4-сонли МТМда — 46 млн.сўм, Тошкент шаҳридаги 596-сонли МТМда — 30,4 млн.сўм, Учтепа туманидаги 244-сонли МТМда – 22,8 млн.сўм ва бошқаларда иш ҳақлари асоссиз ҳисобдан чиқарилган.

Ноқонуний харажатларнинг яна бир тури, ходимларга сохта иш ҳақи ва мукофот пулларини ёзиб, нақд пулларни ҳисобдан асоссиз чиқаришдир.

Масалан, Наманган вилояти Чортоқ туманидаги 14-сонли МТМда тўлов қайдномалари орқали 20,8 млн. сўм нақд пуллар ходимларга берилмасдан ғазнадан асоссиз ҳисобдан чиқарилган. Худди шундай холат, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 9-сонли ихтисослаштирилган МТМда – 17,3 млн. сўм, Хоразм вилояти Шовот тумнидаги 14-сонли МТМда – 35 млн. сўм ва бошқалар.

Бундан ташқари, ўтказилаётган назорат тадбирларида ота-оналарнинг болалар таъминотига тўлаган пуллари ва хомийлик пулларини ғазнага кирим қилмаслик холатлари аниқланмоқда.

Шунингдек, МТМга йўлланмасиз болаларни қабул қилиш ва ўз навбатида йўлланмасиз қатнаётган болалар учун тўланган бадал пуллари ғазнага кирим қилинмасдан МТМ раҳбарининг ноқонуний даромад манбаига айланмоқда.

Масалан, Тошкент шаҳар Шайхантохур туманидаги 226-сонли МТМда — 120,6 млн. сўм, Жиззах вилояти Жиззах шаҳридаги 24-сонли МТМда — 64,3 млн.сўм, Андижон вилоятидаги Хонабод шаҳридаги 1-сонли МТМда — 38 млн.сўм, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 36-сонли МТМда —17 млн. сўм, Самарқанд шаҳридаги 58-сонли МТМда — 20 млн.сўм ва бошқаларда ота-оналарнинг болалар таъминотига тўлаган пуллари ғазнага кирим қилинмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг