Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Абитуриентларга енгиллик берилади – ДТМ тест синовлари ҳақида

Абитуриентларга енгиллик берилади – ДТМ тест синовлари ҳақида

Давлат тест маркази абитуриентларга тест синовларига фанлар бўйича дарсликлар ҳамда 2019 йил чоп этилган «Тест топшириқлари тўплами» асосида тайёргарлик кўришни тавсия қилди.

Шунингдек, 5 та фаннинг қисқартирилиши тўғрисида ҳам маълумот берилди.

«Коронавирус пандемияси шароитидаги карантин абитуриентларимизнинг ўқишга кириш тайёргарлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Ана шундай чекловлар даврида абитуриентларимиз ўзлари хоҳлаганларидек тайёргарлик кўра олмадилар. Бу нафақат абитуриентларга, балки ўқувчи, талабаларга ҳам тегишли ҳолат. Таълим муассасаларида масофавий таълимга ўтилди, жорий имтиҳонлар, битирув ишларини ҳимояси ҳам масофадан амалга ошириладиган бўлиб турибди. Бунақа пайтда уларга ёрдам бериш, енгилликлар яратиш, фақат битирувчилар учун эмас, балки абитуриентлар учун ҳам фойдалидир.

Бу йил абитуриентларнинг уйидан чиқмаган ҳолда рўйхатдан ўтишини ташкил этиш, тест топшириқларини соддалаштириш, кириш тест синовларини содда шаклда ва қисқа вақт ичида ўтказиш каби енгилликлар яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Албатта, бу ишларимиз олий таълимнинг сифатига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим.

Жорий йилнинг 30 апрел куни Президентимиз раҳбарлигида ўтган йиғилишда белгиланган топшириқлар ва тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик, идора, ташкилотлар томонидан киритилган таклифлар асосида ҳамда абитуриентларни қийнаб қўймаслик мақсадида фақат 2020-2021 ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2 та мутахассислик фанларидан ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу 2 та мутахассислик фанлари 2019 йил декабр ойида белгиланган тартибда тасдиқланиб, кенг жамоатчиликка эълон қилинган эди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, инфексия бутунлай бартараф этилмаган шароитда абитуриентларнинг 1000 ўринлик биноларда 3-4 соат қолиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Кўза кунда эмас, кунида синади. Бу бежизга эмас, албатта. Шунинг учун ҳам мазкур ўқув йилида тест синовлари ўтказиладиган биноларда кўпи билан 700 тагача ўрин тайёрланади, ҳар бир абитуриент учун камида 3 кв.м жой ажратилади, санитария-гигиена талабларига биноан, уларда ниқоб, қўлқоп билан тестда иштирок этиши таъминланади. Абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчангач, бинога киритилади. Бинолар камида 4 маротаба дезинфексия қилинади. Буларнинг бари тест топширувчилар, гуруҳ назоратчилари ва жараёнга жалб этилган бошқа шахсларнинг саломатлигини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади.

Қайд этилган ушбу жараён ҳам карантин чекловлари бутунлай олиб ташлангандан сўнг амалга оширилади.

Амалга ошириладиган ишлар ва жараёнлар бўйича кенг жамоатчиликка маълумот бериб борилмоқда.

Кейинги ўқув йилидан бошлаб, ҳамма жараён белгиланган тартиб-қоидалар асосида бўлишини такроран эслатиб ўтамиз», дейилади ДТМ хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг