Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

2019 йилда рейтингда қатнашадиган мактаблар рўйхати эълон қилинди

2019 йилда рейтингда қатнашадиган мактаблар рўйхати эълон қилинди

Фото: «Xabar.uz»

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси 2019 йилда рейтингда қатнашадиган мактаблар рўйхатини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан 2019 йил 1 январдан бошлаб туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари рейтингини тузиш, рейтинг якунларини кейинги ўқув йили бошланишидан кечиктирмай эълон қилиш вазифаси юклатилган.

Ушбу топшириқлар ижроси юзасидан 2019 йил 30 январ куни Давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда жорий йилда рейтинг жараёнига жалб қилинадиган умумтаълим муассасаларини танлаб олиш, рейтингга оид маълумотлар базасини шакллантириш, таълим муассасаларида ижтимоий сўровлар ўтказиш, назорат ишлари ўтказиладиган фанлар ва назорат турлари белгилаб олинди.

Йиғилиш қарорига кўра, жорий йилда қуйидаги 3 та кўрсаткич (индикатор) бўйича мактаблар рейтинги тузилади:

  • «9-синф ўқувчиларининг билим даражаси кўрсаткичи»;
  • «Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши»;
  • «Ижтимоий сўров натижалари».

Белгиланган тартибга кўра, рейтингда иштирок этиш учун Республика бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги барча туман (шаҳар)лардан ўртача 10 фоиз мактаблар танлаб олинади. Танланган ҳар бир мактабнинг бир нафар 9-синф ўқувчиси қуръа ташлаш йўли билан синовларда иштирок этади. Ушбу синовларда жами 30 минг нафар ўқувчининг иштирок этиши кутилмоқда.

Жорий йилда рейтингга жалб қилинадиган умумтаълим муассасалари рўйхати уларнинг умумий сонига нисбатан 10 фоиз миқдорда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан шакллантирилади ва Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартига мувофиқ, умумтаълим фанларини ўрганишнинг А2 таянч даражасида белгиланган талаб бўйича 9-синф ўқувчилари учун рейтинг ўтказишда «Она тили» фанидан 125-140 сўздан иборат диктант ёзилиши ва «Математика» фанидан 4 та мисол ва 1 та масаладан иборат ёзма иш олиниши белгиланди.

Умумтаълим мактабларининг рейтингини аниқлаш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби Давлат инспекцияси ходимлари, Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларидаги таълим сифати мониторинги шўбаси ходимларидан иборат бўлади.

Шунингдек, ўқувчилар томонидан ёзилган диктант ва ёзма ишлар Республика таълим маркази томонидан ишлаб чиқилган баҳолаш мезонлари асосида экспертлар томонидан текширилади.

Шу билан бирга 2019 йилдан бошлаб умумтаълим муассасалари 9-синф битирувчиларининг билим даражаси «PISA» халқаро баҳолаш дастури талабларига мувофиқ баҳоланиши тажриба-синов тариқасида амалга оширилади.

Рейтингда қатнашадиган мактаблар рўйхатини ушбу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.

Мактаблар рейтингини тузиш жараёни ҳақида ушбу манзил орқали маълумот олиш мумкин.

Инспекция матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳозирда мактаб рейтингига мўлжалланган вебсаҳифа устида ишлар олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг