Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

У Американи ўзгартирмоқчи

У Американи ўзгартирмоқчи

Берни Сандерс.

Фото: «24tv.ua»

АҚШда 2020 йил 3 ноябрда бўлиб ўтажак президентлик сайлови учун партиялар ўз номзодини аниқлаштириб олиш жараёни қизғин кечмоқда.

3 февралда Айовада демократик партия фаоллари йиғилиши бўлиб ўтади ва делегатларни сайлашади. 2020 йил 13-16 июлда эса Висконсин штати Милуоки шаҳрида демократларнинг миллий қурултойи ўтказилади. Айнан шу ерда Д.Трампнинг сайловдаги рақиби аниқланади.

Ҳозирда Берни Сандерс ўзининг қатъий позицияси билан тобора кучайиб бораяпти...


Мақоланинг бошланиши: Партиядошлар бир-бирини обрўсизлантирмоқда


«Олдимизда муаммолар ғиж-ғиж»

Сандерс иқлим ўзгаришларига қарши кенг кўламли режаси борлигини айтди. «Green New Deal» деб номланган режага кўра, 2050 йилга бориб энергетика тармоғида кўмирдан фойдаланишга тўлиқ чек қўйилади. Унинг ўрнини қуёш, шамол ва геотермал манбалар эгаллайди. 15 йиллик оламшумул режанинг қиймати 16,3 триллион долларга тенг бўлиб, унинг 200 миллиард доллари БМТ каналлари орқали бошқа давлатларда муаммонинг ечими учун йўналтирилади. Натижада 20 миллион янги ишчи ўринлари яратилади.

У шунингдек, конгрессга қурол-яроқнинг эркин сотилишини чекловчи қонунлар қабул қилишни таклиф этмоқда. Уларга кўра, америкаликларга қурол олиб юриш ҳуқуқини кафолатловчи Конституцияга иккинчи тузатишга ўзгартириш киритиш вақти етган.

Кейинги пайтларда юз бераётган оммавий отишмаларни ва уларда кўплаб инсонларнинг қурбон бўлаётганини «ички терроризм» деб атади. Президент Д.Трамп ўзининг кескин баёнотлари билан фанатизм маданияти хавфли илдиз отишига сабабчи бўлмоқда, деб ҳисоблайди. 

Ирқчилик муаммолари ҳам жуда қийнайди. «Афроамерикалик ёшлар ўртасида ишсизлик 50 фоизни ташкил қилмоқда. Афроамерикалик эркакларнинг учдан бири қамоқхоналарга тушади. Бу ҳақиқий фожиадир», дейди Сандерс.

«Жаноб президент, ўзингизнинг ирқчилик, жирканч ва иммиграцияга қарши чақириқларингизни бас қилинг. Сиз айтаётган мужмал сўзлар ҳарбийлашган экстремистларни рағбатлантирувчи муҳитни яратмоқда», деб қайд этган ўз «Twitter»ида.

Фото: «theins.ru»

Ота авлоди оқ танли миллатчилар – гитлерчилар қўлида қурбон бўлганини ва шу сабабли бу каби ғояларнинг қайтадан тарқалишига сира йўл қўйиб бўлмаслигини куюниб айтади.

Ҳар бир фуқаро таълим олиш ва соғлиқни сақлаш ҳуқуқига эга. У Америка коллежлари ва университетларида тўловни бекор қилишни режалаштирмоқда. Давлатнинг таълим кредитларидан фойда олиш амалиётига нуқта қўйишни истайди. Ҳозир АҚШ бундай кредитдан ҳар йили 110 миллиард доллар соф фойда олмоқда.

Берни Сандерс барча учун умумий тиббий суғурта яратиш ғояси билан чиқмоқда. У дори-дармон нархи ниҳоятда қимматлигидан, масалан Канадада 30 доллар турадиган инсулин ампуласи АҚШда 300 долларга сотилишидан ҳайратда. Бугун салкам 50 миллион америкалик тиббий суғуртага эга эмас. Яъни улар касал бўлиб қолса, кафолатланган тиббий ёрдам олиш имкониятига эга эмас.

У жиноий ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни, қамоқхонадаги маҳбуслар сонини икки баробарга қисқартиришни кўзламоқда. Хусусий қамоқхоналар тизимини тақиқлашни, марихуанани қонунийлаштиришни, озод этишнинг мажбурий минимал муддатларини бекор қилишни таклиф этмоқда.

Масалан, АҚШда қамоқдагиларни сақлаб туриш учун бюджетдан йилига 70 миллиард доллар сарфланмоқда. Ваҳоланки, бу пулни таълим ва ишчи ўринлари яратишга сарфлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бундан ташқари, «2019 йилда 400 минг киши қашшоқ бўлгани учун суд қарорини кутиб қамоқхонада ётибди. Айбланувчиларни кўпроқ қамоқда ушлаб турганимиз учун қанча-қанча маблағ ҳавога учмоқда. Бу одамларимизни норози қилиб, юридик муаммоларни юзага чиқармоқда. Ислоҳотлар охир-оқибат давлат маблағларини тежашга олиб келади».

У ўзининг бутун сиёсий фаолияти давомида ўлим жазоси қўлланишига қарши бўлиб келди. «Менинг мамлакатим Хитой, Эрон ёки Саудия Арабистони давлатлари каби ўлим жазоси қўлланилаётган мамлакатлар сафида эмас, балки Европа демократияси қаторида бўлишини истар эдим».

Сандерс оммавий ахборот воситаларининг мулкчилик шакли сифатида муайян бир кишилар қўлида жамланиб қолаётганига ҳам қаршидир.

Ўрта ва ишчилар синфларининг ойликларини оширишда ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишда АҚШ Касаба уюшмалари таъсирини кучайтириш ҳам жуда фойдали бўлади, деб айтмоқда.

Давлатнинг диндан алоҳида ажратилишини қўллаб-қувватлайди.

АҚШ «жаҳон жандарми» бўлиши шарт эмас

Ташқи сиёсатда ҳужумкор эмас, балки ўзини-ўзи ҳимоя қилишга қаратилган тинчликпарвар сиёсат олиб бориш ниятида.  

У мигрантларни юртдан ҳайдариб чиқиш эмас, балки улар учун фуқаролик бериш тарафдори бўлаяпти. Юз минглаб хориждан келиб АҚШда ишловчиларга минимал иш ҳақи тўланишига қарши, балки уларга кўпроқ тўлаш керак деб ҳисоблайди.

У Эрон ва Куба билан муносабатларни ёмонлаштириш эмас, балки меъёрлаштиришни истамоқда. Қримни ўзига қўшиб олгани учун, Россияга қарши санкцияларни кучайтиришни қўллаб-қувватлайди.

Сандерс 2001 йилда террорчиликка қарши кураш тарафдорлари қаторида турган. Бироқ 2002 йилда Жорж Бушнинг Ироқ компаниясига қарши бўлган эди. «Мен президентнинг бир томонлама Ироқнинг босиб олишига қаршиман. Мен қанча ёш йигит ва қизларимиз, қанча ироқлик аҳоли бу урушда ўлиб кетиши ҳақида ўйласам, бошимда оғриқ туради. Уруш олиб бориш учун аниқ баҳони ҳалигача эшитмадим. Уруш халқаро муносабатларда биринчи эмас, балки энг охирги воситаси бўлиши керак. Қолаверса, бир томонлама ҳаракат халқаро ҳуқуқни обрўсизлантиради ва БМТнинг ролини тушириб юборади», деган эди ўшанда у нутқ сўзлаб.

АҚШ қўшинлари Афғонистонда 18 йил, Ироқда 17 йилдан буён қолиб, бу муддат ичида 5 триллион долларни совуришди. Хўш нима бўлди? Терроризм ҳозир янада кўпроқ ўсди-ку, дея танқид қилади.

«Бизга бир-бирини ўлдиришга қаратилган эмас, балки дипломатияга, можароларни музокаралар йўли билан ҳал қилишга асосланган ташқи сиёсат керак. АҚШ «жаҳон жандарми» бўлиши шарт эмас». 

У АҚШнинг эркин савдо ҳақидаги шартномаларига қарши бўлиб, бу мамлакатда ишчи ўринлари қисқаришига ва маошларнинг камайишига олиб келишини таъкидлайди. У америкалик тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқаришни чет давлатларда йўлга қўйилишига қаршидир. Аксинча, АҚШ заводлари ёрдамида маҳаллий саноат базасини қайта тиклаш зарурлигини қайд этмоқда. 

Сандерс Трампнинг Хитой каби давлатлар билан юритаётган савдо сиёсатини кескин танқид қилди ва уни жаҳон иқтисодиётини беқарорлаштирувчи омил, деб атади.

«Божхона тарифларини оширишдан фойдаланиш мумкин. Фақат бундай кўтариш давлат савдо фалсафасининг бир қисми ҳисоблансагина...», дея Хитой билан савдо муносабатлари ҳақида ўз позициясини билдирди.

Ўрганишларга кўра, унинг инсон ва сиёсий ҳуқуқлар, қариялар, касаба уюшмалари фаолияти бўйича қарашлари 100 фоиз, фуқаролик фаоллиги 89 фоиз, таълим йўналиши 86 фоиз, қишлоқ хўжалиги 83 фоиз, ташқи сиёсати 75 фоиз рейтингларга эга бўлди.

Фото: «rubic.us»

Сандерс ва яҳудийлар

Берни Сандерс миллати яҳудий. Аслида яҳудийлар лоббиси доимо АҚШ бошқарувида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб келган. Уларнинг манфаатлари билан ҳисоблашмаслик мумкин эмас. Сандерс Оқ уй раҳбарлигига ўтиш эҳтимоли юқори бўлган илк яҳудийдир.

Шу кунларда Трамп қўпол хатога йўл қўйди. У демократларга овоз берган яҳудийларни қўполликда айблаб чиқди. Бу фикр Сандерс учун яхши қармоққа айланиши мумкин.

«Мен яҳудий эканлигим билан фахрланаман. Мен учун демократларга овоз бериш борасида ҳеч қандай муаммолар йўқ. Мен Исроилда яшаганман. Мен Исроилга қарши эмасман. Исроилликлар ҳам дунёда хавфсиз яшашга ҳаққи бор. Бу ерда тортишадиган ҳеч нарса йўқ. Трамп нотўғри айтади», деб уни танқид қилди.

Айримлар эртага Сандерс ҳокимиятга келса Яқин Шарқда фақат яҳудийлар манфаатлари асосида иш олиб боради, деб ўйлаши мумкин. Бироқ у «расмий Тель-Авивнинг Фаластинга муносабатини оқлаб бўлмайди» деб танқид қилди.

«Биз Яқин Шарқда якуний тинчлик ўрнатиш учун барча томонлар билан тенг шароитларда келишиб олишимиз керак», деб ёзади Сандерс ўзининг твиттерида. У яҳудийларнинг Ғазо секторидаги фаластинликларга қарши ҳатти-ҳаракатларини қоралайди.

Гарчи яҳудий бўлса-да, Калифорниянинг Сан-Франциско шаҳрида Демократик партиянинг америкалик араблари йиғилишида чиқиш қилган биринчи сиёсатчи ҳамдир.

Трампга нисбатан яҳудийларнинг фикри турлича. Масалан, Америкадаги либерал ва сўл қарашдаги яҳудийлар демократик партияни фаол қўллаб-қувватласа, консерваторлар Трампни маъқулламоқда. Чунки амалдаги президент Исроил тарафини олиб келмоқда, пойтахтни Тел-Авивдан Қуддусга кўчирилишини маъқулламоқда. Бундай ўринсиз таваккалчиликка ҳали ҳеч бир АҚШ президенти қўл урган эмас эди.

Бунинг устига БМТ резолюцияси ва Европадаги барча иттифоқчиларига қарши бориб, Суриянинг Жўлон тепаликларини Исроил ҳудуди, деб тан олди. 

Бу ерда қизиқ манзара ҳосил бўлмоқда. Яҳудий давлати бўлган Исроилда Трампга муносабат жуда ижобий, бироқ АҚШда яшаётган яҳудийлар Трамдан жуда норози.

«Gallup» ижтимоий хизмат сўровларига кўра 71 фоиз яҳудийлар Трампнинг президентлик фаолиятини маъқулламаслиги аён бўлди. Шунча яҳудийлар 2016 йилда демократ Хиллари Клинтон хонимга овоз беришган эди. Масалан, яҳудий миллиардер Жорж Сорос Трампнинг ашаддий душманидир ва унга рақобатчи сиёсий кучларга мўл хайрия ёрдамини аямай келмоқда.

Чунки Д.Трамп бошқаруви даврида бутун мамлакатда антисемитизм ўсиб бормоқда. Тель-Авив университети ҳузуридаги Катор маркази маълумотларига кўра, 2018 йилда АҚШда 100дан ортиқ антисемистик ҳодисалар қайд этилган ва бу 2017 йилдагига қараганда икки баробар ўсган.

2018 октябрда Питсбургда яҳудий синагогига эътиқод қилувчиларнинг отиб ташланиши оқибатида 11 киши қурбон бўлган, 6 нафари жароҳат олган эди.

Бу ишларда АҚШ президентининг муайян айби борлиги танқид қилиниб, унинг бошқарувида турли ўта ўнг ҳаракатлар бодроқдай портлаётгани ва улар ўзини жуда эркин ҳис қилаётгани мисол сифатида келтирилди. Яҳудий электорал институти ҳисоб-китобига қараганда, 73 фоиз яҳудийлар ўзини икки йил аввалгига қараганда хавфсиз сезмаётган экан.

Бу ҳодисалардан Сандерс унумли фойдаланса ажаб эмас.

Бой бўлай десангиз бестселлер ёзинг...

Сандерс бойларга қарши бир кайфиятда сайлов кампаниясига киришган бўлса-да, ҳозир номзодларнинг бирортаси қашшоқ эмас.

Трампда 3,1 миллиард, Том Стейерда 1,6 миллиард, Жон Деланида 200 миллион доллар маблағ бор. Демократ Майкл Беннет 15 миллион, Элизабет Уорренда 12 милллион, Жо Байденда 9 миллион, Камала Харрисда 6 миллион, Жо Сестакда 6 миллион Билл Де Блазио ва Берни Сандерсда 2,5 миллион долларлик бойликларга эга.

Сандерснинг иқтисодий аҳволи ҳам ёмон эмас. Унинг 2016-2018 йилларда орттирган даромади 2,79 миллион долларни ташкил қилди. Асосий манбаси китоб ёзишдан олган мўмай қалам ҳақи экан.

«Оиламиз маошдан маошга қадар кун кечиради. Мен иқтисодий хавфсизликни қандай таъминлашни биламан. Бестселлер ёздим. Агар сиз ҳам бестселлер ёза олсангиз, АҚШда шубҳасиз миллионерга айланасиз», дейди у ўз молиявий аҳволини қандай яхшилаб ҳақида гапириб.

Фото: «thetownhall.org»

У ўтган йили салкам 20 минг долларни хайрия мақсадларида сарфлаган.

Гарчи у ҳали ғалаба қозонмаган бўлса-да тадбиркорлар ва аҳолининг ишонч-ҳурмати ортиб бормоқда. Масалан, «Ben & Jerry» компанияси унинг шарафига «Bernie’s Back» номли музқаймоқни ишлаб чиқара бошлади.

Яна бир қизиқарли маълумот. Унинг акаси Ларри эса Англияда яшайди ва 2015 йилда яшиллар партиясидан Британия парламентга номзодини илгари сурган.

2010 йил декабрда бадавлат америкаликлар учун солиқ имтиёзларини қайта тикланишига йўл қўймаслик мақсадида Сенатда узлуксиз 8 соат нутқ сўзлаган ва рекорд қайд этган эди.

Унинг «Facebook»даги саҳифаси фойдаланувчилари сони 1,2 миллиондан ортиқ ва сайлов асносида бу ҳам қўл келиши мумкин.

Бир сўз билан айтганда Берни Сандерс АҚШ дуч келаётган ўткир муаммоларни ечишга қодир номзодга айланадими? Буни энди вақт кўрсатади.

А.Ҳасан ўғли

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг